Дардларга даъво излаб…

Дардларга даъво излаб…
50 views
18 February 2016 - 11:26

24632Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

Дейсиз-ки: Ҳаётнинг (яккама-якка) кураш майдонида ва жаҳон халқлари орасида ислом оламининг фарсах-фарсах[1] орқада қоганлигини баён қилишга эҳтиёж йўқдир. Биз туркистонликлар эса бошқа исломий жамиятларга нисбатан дунёи жаҳон паришонлик тушиб, йўлимиздан адашганмиз. Ажабо, бу паришонликнинг сабаби недир?

Туркистонликларнинг аксарияти бу саволга жавоб беришда икки тоифага бўлинадилар! Миллат ва ватанлари учун қайғурган бир тоифа бу паришонликни илмсизлик ва танбаллик оқибати деб билади. Ҳақиқатан ҳам, тушкунлик ва хароблигимизнинг сабабларидан бири илмсизлик ва ҳаракатсизликдир. Лекин буларнинг ҳам асл сабаби, ана ўша тушкунлигимизнинг асосий сабабидир. Ажабо, бу сабаб нима экан?

Бу масала хусусида иккинчи тоифа туркистонликларнинг нуқтаи назарини баҳс мавзуига киритсак, уларнинг нима дейишлари маълум бўлади. Орқада қолганлигимиз хусусида бу томоннинг асосий қисми қуйидаги фикрларни келтирадилар:

  1. Паришонлигимиз ва тушкунлигимизга сабаб йўқ, бу илоҳий хоҳишдир.
  2. Худо бу дунёни кофирлар учун жаннат, мўъминлар учун дўзах қилиб яратгандир.
  3. Қиёмат яқиндир, мусулмонлар бу дунёда аста-секин камайиб бормоқдалар.
  4. Ҳазрат Пайғамбаримиз “кулли явмин бадтар”[2] деб айтганларидек, мусулмонларнинг куни кундан баттар бўлиб бормоқда.

Маълумки, бу мулоҳазалар билкул пуч ва ботилдир[3].

Унга жавоб бериш у ёқда турсин, балки уларни эшитмоқлик ўзи тўғри эмас. Бунда ҳам маълум муддат халқ ва миллатнинг хароблиги сабабларини излаб топиш учун ҳар тарафга югуриб, кўп кишини сўроққа тутдим, аммо ҳеч кимдан қониқарли жавоб ола билмадим…

Эй, Туркистоннинг улуғи! Эй, миллатнинг сарвари! Сизнинг “Раҳбари нажот”, яъни “Нажот йўли” асарингизни ёзганингизга юз йил ўтди. Энди ҳам бу саволларингизга қониқарли жавоб ололмайсиз…

Бу давр ичида, қанчадан-қанча сувлар оқиб, қанчадан-қанча мамлакатлар инқирозга юз тутмадилар. Назардан овлоқдаги ўлкалар тараққиётга эришиб, кўримсиз элатлар, ранг касб этдилар, бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, ер юзидаги эътиборли миллатлар қаторига қўшилдилар. Биз туркистонликлар, ҳали ўша-ўшамиз. Ўша замонлардаги каби ғафлат ботқоғига тумшуғимизни тиқиб, осмондаги юлдузни бенарвон уришга чоғланиб, бир-биримизга кезаниб юрибмиз. Бир-биримизнинг тагимизга сув қўйвориб, бир-биримизни сотиш билан оварамиз. Китоб кўрмаган бўлсак ҳам, устозлар баридан тутмаган бўлсак ҳам, ҳар биримиз фозил, ҳар биримиз Қуръони ҳофизмиз. Ахмоқ, худбин, жоҳилнинг жоҳили бўлсакда, жаҳонда, биздан оқилроқ, бизлардан зўрроқ бирор кимса йўқ.

Шўронинг сиртмоғига бошингизни тиқиб, миллатни дея, қон йиғлаб кетган кунингиздаги сингари кўксимизни захга босиб, мустақилликнинг йигирма олтинчи йилида, кўзи орқасида кетган мурда дағи кўзимиз очиқ, “фаравон ҳаёт” ҳақидаги ёлғон-яшриқ чўпчакларини тинглаб, жодуланиб юрипмиз.

Мустақилликнинг йигирма олти йили тушимизда кечдими, ўнгимида, ўзимизга маълум эмас! Атрофдагилар аҳволимизни кўриб, ичаклари узулгудек бўлиб куляптилар, баъзи соҳир қалбли кимсаларнинг йиғлаётгани ҳам сир эмас…

…Оқибат, биз туркистонлиларнинг мусулмонлигимиз ва муқаддас Китобга эга эканлигимиз ва шу Китобни ягона раҳнамойимиз деб тасдиқлашимиз хотирамга келди. Энди шу муаззам ва мукаррам дастуруламал бўлмиш Китобга таважжуҳ[4] қилишдан бошқа чора қолмади. Бу хусусда (Қуръони карим) бизга раҳнамолик қиладими-йўқми деб камоли қалб ва вужуди бебизоат[5] ила Қуръони азим мутолаасига машғул бўлдим ва матлабимга эришдим. Қуръони карим аввал менинг саволимга шу тариқа жавоб берди: “Албатта, неъмат берилган қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”[6]

Сиз дорулбақодан дорулфанога кўчганингиздан буён кўп ўзгаришлар содир этилди. Бирортаси бизнинг таъсиримизда, ёки хоҳиш-иродамиз чегарасида ўртага чиқмади. Биз ҳалигача ҳам кимларнингдир, думи вазифасини ўтаяпмиз. Бошқа қайси томонга қайрилса, дум орқасидан қайтади, деганларидек, эгасини танимасак-да, на совуғи, на иссиғи бор сояларга қуллуқ қилиб юрипмиз. Мусулмончилик учун, адолат учун жонфидолик, ватанпарварлик фақат сўзимизда. Амалда, тескарисини бажарамиз.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон

[1] Фарсах – узунлик ўлчови, бир фарсахга тенг.
[2] Кулли явмин бадтар – кундан-кун баттар.
[3] Ботил – ноҳақ, асоссиз.
[4] Таважжуҳ – юзланиш, қараш.
[5] Вужуди бебизоат – бисотсиз вужуд, мол-мулксиз одам.
[6] Қуръони карим, Раъд сураси, 11-оят.