Қамашдан мақсадлари қўрқитиб бошқалар каби мажбурий хизмат топшириш…

Қамашдан мақсадлари қўрқитиб бошқалар каби мажбурий хизмат топшириш…
71 views
18 February 2016 - 13:08

1451129611_0_14c0ef_cd76a829_xxxlАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 10

(давоми)

Илгари ўтган пайғамбарлардан Юсуф алайҳиссалом Фиръавн вазирининг хотини Зулайҳо бошлиқ қилинган фитналар остида бир ривоятда 7 йил, иккинчи ривоятда 12 йил зиндонда қолмиш эдилар. Сўнгра Миср подшоҳи Фиръавн кўрган тушининг таъбирини ҳеч ким чиқаролмай турганида уни Юсуф алайҳиссалом йўйиб: 7 йил тўқчилик, 7 йил очарчилик бўлишидан хабар бериб, агар вазирлик хизмати ўзига топширилар экан, бунга яхши чоралар кўриб, халқни бу балодан сақлай олишини билдирмишдир. Шу баҳона зиндондан қутулиб чиқар чоғида эшиги устига уч оғиз сўз ёзиб қолдирмиш эди. «Бу жой тирикларнинг қабридур, душманларни суюндирур, дўстлар синалғусидур».

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу имконият борича мусулмонларни қамоқ қилмасга буюрмиш эди. Шунинг учун Ислом шариатида бу жазонинг уч йилдан ортиқ бўлишига кўпинча йўл қўйилмайдир.

Чунки бундан узайиб кетар экан, инсонлар ҳар томонлама зарарланиши, айниқса оилавий турмушлари вайронликка учраб, ҳароб бўлиши шубҳасиздир. Агар бир киши мен бу дунёда турмайман деб қасам ичган бўлиб зиндонбанд бўлса, шариат бўйича унинг қасами бузилмайди. Бу эса, зиндон ичи шариат олдида дунё еридан эмаслигини кўрсатади. Ислом қонуни ҳукмида бутун дунё давлати ноҳақ тўкилган бир кишининг қонига арзимайди. Ҳозирги динсизлар ҳокимияти олдида эса киши ўлими эшак ўлимича ҳам қадри қолмаганлигини кўриб турамиз. Ўзларича сиёсий жиноят ҳисоблаган бир оғиз сўзни амалга ошириш бу ёкда турсин, оғзидан чиқар чиқмас жавобга тортилиб, жаллодлар қўлида йўқотилган кишилар ҳисобсиздирлар.

Шундай қилиб мени қамашдан буларнинг мақсадлари қўрқитиб бошқалар каби мажбурий хизмат топшириш эди, чунки у даврда халқ кўзига кўринарли обрўйлик кишилар ҳақида шундай сиёсат қўллаб икки ёқлама фойдаланмоқчи бўлишарди. Улар деганларини қилдириб, қилмаганлар учун белгиланган оғир жазоларни амалга оширар эдилар. Шундай бўлса ҳам меҳрибон Тангри ёрдами билан бир ой тўлмай туриб, турмадан бўшаниб чиқишим билан улар ўйлаганлари-дек ўз ишимни юмшатиб, орқага чекиниш ўрнига яна ҳам қаттиқроқ киришдим. Шунга кўра дунёни босаётган бало селига тўқнашиб, 30-йилларгача динсизликка қарши ҳар вақт ташвиқот юргизиб келдим. Тажрибасизлик натижаси бўлса керак, ўз кўнглимда «ҳеч бир мусулмон дунёлик шахсий фойдаси учун охиратини бузиб ўз динига хиёнат қилмайди», деб ўйлар эканман. Кейин маълум бўлдики, бундай одамлар миллат ичида қўл билан саналғудек топилишига ҳам ишонолмай қолдим.

Ҳозирги маданият оламида миллатнинг ўз хуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина боғланмишдир. Шунинг учун тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хўрлик билан яшамоққа мажбурдирлар. Айниқса динсизлик оламининг маркази ҳисобланган бир давлатга чегарадош бўлган миллат, ўз ҳуқуқига эга бўлиши учун ҳам моддий, ҳам маънавий куч қувватини, яъни замонавий қурол, замонавий илмни қўлга келтиришидан бошқа чораси йўқдир.

Энди бу ўринда шу кунги Оврупо маданияти устида тўхталиб, Ватан болаларига бу ҳақда энг муҳим тушунчалар бериб ўтамиз. Шуни билишлари керакки, маданият демак нимадан иборат бўлиб, қандай бўлиши керак. Мана бу сўзнинг ҳақиқати билан жавобига ким тушунар экан, асл тузук маданиятни зиёндош, бузуқ маданиятдан ажрата олади. Агар маданият деб кўринишда ободон, ҳақиқатда ҳароб, шу динсизлар, одоб-ахлоқсизлар маданиятини айтадиган бўлсак, улуғ хато қилган бўламиз. Чунки дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам етказиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқараётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармоғидир.

Маълумдирки, дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизғаниб сақлайдиган беш нарсаси бордир. Биринчи жони, кейингилари дини, моли, оиласи, она Ватанидир. Мана бу беш нарсани сақлаш учун онглик инсонлар қандай жонбозлик қиладилар! Дунёнинг ҳар бир ерида тўкилган ва тўкилаётган инсон қонлари кўз олдимизда кўриниб туради. Бу фожианинг бирдан бир сабаби шу юқорида айтилган нарсадан бошқа эмасдир. Шундай бўлгач қараймиз: маданият қаерда, қайси миллатда бўлсин, шу юқорида айтилган инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чоғдагина бутун халқ ҳақиқий маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳатда турмуш кечира оладилар. Бунинг натижасида инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк ихтиёри ўз қўлида сақланади.

Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди. Агар маданият шу юқорида айтилганича фойдалик бўлса, Шарқ файласуфи Форобийнинг айтишича, бундай маданиятни «Маданияти Исломия» ёки «Фозила» дейдилар. Мана шундагина бутун маданий тараққиётни ёлғиз инсон фойдаси учун ишлатиш мумкиндир.

Йўқ эса, ҳозирги устимиздаги маданият каби, буни қўлланувчилар хато кетганликларидан, ёлгиз жиноятчиларни эмас, балки бутун инсон оламини ҳалокат чуқурига тушуриши шубҳасиздир. Чунки шу кунлардаги динсизлар маданиятлари таъсири остида инсонларнинг ахлоқи бутунлай бузулганликдан, моддий, маънавий бўлсин ҳар ёқлама зиён кўраётганлари кўз олдимизда туради. Булар эса ўз маслакларини бошқаларга қабул қилдириш учун халқнинг тузалиш-бузулишлари, уларнинг ҳар қандай зиён заҳматга учрашлари билан ҳисоблашмайдилар. Балки, буткул қурол кучи ишлатиб, ҳар қандай мажбурият остида бўлса ҳам халқни ўз йўлларига киргиза олсалар, тилакларига етган бўладилар.

Маданиятнинг илм, фазл, ҳунар, саноатларини инсонлар ҳожатини чиқариш, улар фойдаси учун ишлатиш эмас, балки ўзларининг кўрларча ушлаб ёпишган бузуқ йўлларига киргизиш қуроли қиладилар. Мана бундай маданиятга бузуқлар бошлиги бир фирқа палидлар эга бўлгач, булар қўлида бутун халқ эрк ихтиёридан ажраб энг тубанги ҳайвонлар қаторида яшамоққа мажбур бўладилар. Бу каби маданиятлар оқиллар, файласуфлар олдида «Золлата, фосиқа маданият», яъни «Кўрлар, адашганлар маданияти» деб аталади.

Бунинг очиқ кўринган нусхаси шу кунлари устимизда ҳукмрон бўлиб турган болъшевиклар келтирган шармандалар маданиятидир. Чунки 50 йилдан бери мустабидлар оёғи остида эзилаётган 15 ёлғон жумҳурият халқлари, айниқса Ўзбекистон мусулмонлари миллий, диний, ватаний ҳуқуқларидан бутунлай ажрадилар. Ер яратилгандан бери ота-боболаридан қолган ҳалол мерослари гул-гулистон, боғ-бўстонлик она Ватанларидан ҳайдаб чиқарилиб, кўз олдиларида келгинди босқинчиларга бўлиб берилмоқдадир. Мана буларнинг келтирган ифлос босқинчилар маданиятларидан биз Ўзбекистон мусулмонлари олган ҳосилотимиз ҳозирча шу даражага етди. Яна келажак кунлари устимиздан қандай режалар қурилиб, нима чоралар кўраётганларини замонга тушунган Ватан аҳллари яхши билсалар керак. Энди юқоридан бошлаб шу жойга келгунча ёзган сўзларимиз хозирча маданият тараққиётдан инсонлар учун қандай фойдаланиш кераклигини ажратиш учун ҳар қандай одамга тушунарлик бўлгандир, деб ўйлаймиз.

Даҳрийлар давлатининг бошланғич даври 1918 йилдан 1925 йил орасида бутун Ўзбекистон ўлкалари бўйича «босмачи»лар отида чиққан қўзғолончилар кўпаймиш эди. Буларнинг энг машҳурлари эса Хўқанддан Эргаш; Марғилондан Мадаминбек, Шерматбек; Андижон, Ўш, Ўзган томонлардан Холхўжа, Охунжон, Абдураззоқ; Намангандан Омон Полвон ва бошқалар эди. Буларнинг барилари қоронғи халқ ичидан чиққан қора ботирлардан бўлиб, «Ўрис кофирларни йўқотиб, Ислом очамиз», дейишдан бошқани билмас эдилар. Юқорида номлари ёзилмиш қўрбошилар қўл остиларида ёнар ўтдек ботир юракли жон фидо ўзбек йигитларидан оз деганда 10 мингдан ортиқ киши борлиги маълум эди. Афсуски, бу қаҳрамон болаларимизнинг онгларини очиб ишга солғудек, ҳар ишга ярамлик сиёсий раҳбар бўлғудек бирорта кишимизнинг йўқлигидан, ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олға қўйиб иш олиб боришолмаганликдан мамлакатимизнинг бахтсиз энг ботир ўғиллари ҳар ерларда душман қўллари билан отилиб чопилиб, бекорга йўқотилдилар.

Бу каби илгари кейин ўтган бутун дард ҳасрат, ғам қайғулик ишларимизнинг борлиқ сабаблари, ислом динига туб негизи билан тушунмасдан, замонавий илм ҳунарлардан қуруқ қолмишимиздир.

Шунинг учун пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам «Нодонлик, тушунмаслик кўрликдан ёмонрокдир», дедилар. Қуръон ҳукмича, иймон исломни билиб олгандан кейин ҳар бир мусулмонга ўз замонаси илмини ўқиб тушуниши ва замонавий ҳунарларни ўрганиши биринчи заруратдир.

(давоми бор)