VimpelCom Каримовга “жуда яқин” кишига пора берганини тан олди

VimpelCom Каримовга “жуда яқин” кишига пора берганини тан олди
65 views
19 February 2016 - 14:12

Vimpelcom-KarimovaБи-Би-Си Ўзбек ахборот агентлигининг хабар беришича, АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Голландиянинг VimpelCom ширкати ва унинг ўзбек ҳамкори Unitel ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорига 2006-2012 йилларда катта миқдорда пора берганини тан олган.

VimpelCom ширкати коррупция айбловлари бўйича 795 млн доллар миқдорда жаримани тўлашга рози бўлган. VimpelCom 2006 йилдан 2012 йилгача ўзбекистонлик нуфузли шахсларга мамлакатда бизнес олиб бориш учун 114 миллион доллар пора берган, деб қайд этган Қўшма Штатлар идораси.

Америка қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиянинг аниқлаштиришича, бу амалдор Президент Ислом Каримовга “жуда яқин” инсон бўлган. Бундан олдин чиққан хабарларда пора олган шахс президентнинг қизи Гулнора Каримова бўлиши мумкинлиги айтилган. Лекин унинг номи тилга олинмаган. Гулнора Каримова ўзига нисбатан айбловларни илгари рад қилган.

Ўзбекистонда бизнес қилиш учун тақдим қилинган пуллар турли мамлакатлар банклари орқали ювилган, дейди АҚШ Адлия вазирлиги. Жумладан, маблағларнинг бир қисми Америка молиявий идоралари орқали ҳам ўтказилган. Шу боисдан бу иш Қўшма Штатлар адлия тизимида кўриб чиқилмоқда.

VimpelCom ширкати таркибига “Билайн” операторининг эгаси Россиянинг “Вымпелком” ширкати ҳам киради.

Ўтган йили июн ойида АҚШ Адлия департаменти Оврўпонинг бир неча банкларида музлатилган Ўзбекистонга тааллуқли яна 300 млн доллар пулни ўз тасарруфига ўтказиш учун қонуний чора кўришни бошлаган. Нью-Йорк маҳкамаси музлатилган пулларнинг тақдирини бевосита АҚШ билан муҳокама этиш учун Ўзбекистонга йўл очиб берган. АҚШ талаби билан коррупция терговлари юзасидан 300 миллион доллардан ортиқ маблағ турли банкларда ҳибс қилинганди.

АҚШ мулозимлари музлатилган маблағнинг коррупция тўловларини ювиш билан боғлиқ халқаро даражада уюштирилган фитнанинг бир қисми бўлганини даъво қилганлар.

Феврал ойи бошида Нью-Йорк маҳкамаси қабул қилган қарорига биноан, ҳакам ушбу иш юзасидан АҚШ ва Ўзбекистон расмийларига ўзаро музокара олиб бориш ва мумкин ечимга келишиш учун дастлабки уч ойлик муддат белгилаган.

Мазкур ҳужжатда баҳснинг “маҳкамадан ташқари қарор топиш эҳтимоли” мавжудлиги алоҳида айтиб ўтилган. Бу дегани уч ой давомида Америка ва Ўзбекистон расмийлари пулларнинг тақдири юзасидан музокара олиб бориб, маълум бир ечимга келишлари мумкин.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва йирик телекоммуникация ширкатлари билан боғлиқ тергов жараёни юзасидан АҚШ, Белгия, Люксембург, Швеция, Швейцария, Норвегия ва яна қатор Оврўпо мамлакатларида бир миллиарддан ортиқ АҚШ доллари музлатилган.

Ўзбекистон молиявий жиноятлар учун жавобгарлар аллақачон жазога тортилганини айтиб, маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга бел боғлаган айтилади.

ЎХҲ хабарлар бўлими