Тошкентда АҚШ ва бошқа хорижий давлатларда ишлаб қайтган 14 киши ҳибсга олинган

Тошкентда АҚШ ва бошқа хорижий давлатларда ишлаб қайтган 14 киши ҳибсга олинган
111 views
19 February 2016 - 17:48

1388139877_arest_10“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкент шаҳрининг Ракат, Салом чойхона, Себзор, Жар Ариқ маҳаллаларида яшовчи ўндан ортиқ одам Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Салафийлик диний оқимига алоқадорликда айбланаётган бу ёшлар илгари АҚШда ишлаб Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳибсга олинганларнинг оила аъзолари бу ҳақда ҳеч кимга ахборот бермасликлари ҳақида огоҳлантирилганини айтмоқда.

Озодлик олган маълумотларга кўра, сўнгги бир ой орасида Тошкентнинг Ракат, Салом чойхона, Себзор, Жар Ариқ маҳаллаларида яшовчи 14 киши ҳибсга олинган.

Бу йигитларнинг аксарияти илгари АҚШ ва бошқа хорижий давлатларда ишлаб қайтган ёшлар эканлиги айтилаяпти.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган тошкентлик маҳалла фаолларидан бирига кўра, бу йигитлар салафийлик диний оқимига алоқадорликда айбланмоқда.

Озодлик ҳисбга олинганларнинг баъзилари исми-шарифини аниқлашга муваффақ бўлди.

Ҳибсга олинганларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, АҚШнинг Флорида ва Виржиния штатларида ишлаб қайтган 31 яшар Шерзод Абдуллаев, 37 яшар Дониёр Аҳмедов, 35 яшар Мансур Шомансуров, 42 яшар Нодир Туробов, 30 яшар Анвар (фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади –таҳририят) аввал ўн беш суткалик қамоққа олинган, сўнгра улар устидан жиноят иши қўзғатилган.

Бу одамларнинг баъзилари уч йил аввал, баъзилари яқинда хориждан қайтгани айтилади.

Ҳибсга олинганларнинг яқинлари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қаттиқ қўрқитилгани боис, бундан ортиқ маълумот беришни исташмади.

Бундан ташқари яна ўндан ортиқ одам ҳибсга олинган. Лекин Озодлик уларнинг исм-шарифларини аниқлай олмади.

Ҳибсга олинганлар орасида Бирлашган Араб Амирлигида ишлаб қайтганлар ҳам, Умид жамғармаси йўлланмаси билан АҚШда бўлганлар ҳам бор.

ЎХҲ хабарлар бўлими