Йўлини танлаган ортиқ ёш бўлмас

Йўлини танлаган ортиқ ёш бўлмас
284 views
20 February 2016 - 16:22

362366_originalМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

ЁР БИЗЛАР САРИ 

Гулзумни қулочлаб қирқ йўл кечарман,
Агарким майл этса, ёр бизлар сари.
Бир қуш каби қанот боғлаб учарман,
Деса дилбар: “Ошиқ, юр, бизлар сари!”

Қирқ йил ҳузурида қуллуқда турсам,
Олти кун кўрмасам, олтмиш йил юрсам,
Доғ бўлсам ҳуснига, кўрсам, жон берсам,
Даргоҳидан боқса, ёр бизлар сари.

На лойиқ юзим бор унга тутарга,
На айри гапим бор, ё бекитарга,
Умидим бор қўймай хавфу-хатарга,
Даргоҳидан жой очса, бизлар сари.

Бир кимса йўлиқди, дасти шаробли,
Елдан жойнамозли, сувдан меҳробли,
Эгни оқ ридоли, яшил ниқобли,
Назар солди, ажаб, эр бизлар сари.

Йўлдош бўлиб бирга юрдим, кенг майдон,
Майдон ичра тўлиб ўтирмиш мардон,
Бир айвон устида чорлаб тўрт ердан,
Дедилар: “Қўлингни бер, бизлар сари”.

“Фироғий!” деб чақирдилар, элтдилар,
“Қайдасан” деб қулоғимдан тутдилар,
Устихоним олтмиш пора этдилар,
Дедилар: “Мард бўлсанг, тур, бизлар сари”.

Махдумқули, беш кун ишрат сурмоққа,
Жой эмасдир эгланмоққа, мудроққа,
Қарорим йўқ ўтирмоққа, турмоққа,
Оғзин очиб турмиш, ер, бизлар сари.

*****

Қолибман

Жоҳилликнинг жўши чиқди бошимдан,
Мен ул жондан холи бўлиб қолибман.
Бир ғамга улашдим, кетдим ҳушимдан,
Бу дард ила тўли(қ) бўлиб қолибман.

Бошим юз ҳавасда, кўнглим жўшқинда,
Гирдобга тушибман далли тошқинда,
Нажд тоғида кезган Мажнун ишқида,
Ёнар ўтли Лайли бўлиб қолибман.

Йигитлик фаслини қишга етирдим,
Комиллик кемасин сувга ботирдим,
Фикрга ғарқ бўлдим, ақлим йитирдим,
Эл ичида далли бўлиб қолибман.

Бу дунёни кўчиб борар кўч билдим,
Ҳар ишини риё, ўзин пуч билдим,
Олдини бир ўйин, сўнгин пуч билдим,
Тирик аркон – ўлик бўлиб қолибман.

Махдумқули, фош айлагил сўзингни,
Фалак мушти хок этмасдан кўзингни,
Бу пайтгача ёш билардинг ўзингни,
Энди кўр, боқ, улуғ бўлиб қолибман.

*****

 Ота ва ўғил

Озодий:
– Фош айла сирингни, сақлама пинҳон,
Аммо-ки, сўзимдан чиқмагил, ўғлим!
Кунда юз кўй келар-кечар бу бошга,
Оғритма, кўнглимни йиқмагил, ўғлим!

Махдумқули:
– Уялардим, сирим фош айламасдим,
Фош этарман, изн берсанг, Озодим!
Юз кўй келар-гечар ҳар кун бу бошга,
Истаги бор, сафар қилсак, Озодим!

– Ўзингга жабр этма, ёлвор Мавлога,
Инонма хонларга, бекка, султонга,
Басдир, бизга қойим бўлмоқ Тангрига,
Олдирма кўнглингни, кетмагил, ўғлим!

– Биз кетмасмиз олти билан беш билан,
Сайрон этиб неча тенгу тўш билан.
Дунё иши ғамлар аро хуш билан,
Кўнглим қолар, қарор этмас, Озодим!

– Малаканг йўқ,  ёшсан, кето билмассан,
Оғир-енгилларнинг таслин билмассан,
Ҳар ишга бош қўшиб, торта билмассан,
Кетмоқликни ният этмагил, ўғлим!

– Кимса сўзламаса, сири фош бўлмас,
Йўлини танлаган ортиқ ёш бўлмас,
Бу гал ҳам қўймасанг, кўнглим хуш бўлмас,
Раъйимни қайтарма, қўйвор, Озодим!

– Бизни бундоқ тарк этмагил ҳеч замон,
Бу йўл беҳудадир, даврон беомон,
Қўй, кетмагил, хаста кўнглим андармон,
Қайғу, харажатга ботмагил, ўғлим!

– Юракка кирибдир ислом ҳаваси,
Танга билан дирҳам халқнинг таъмаси,
Дунёни танг этма, Ундан ҳаммаси,
Бир сафар ишидир, қўйвор, Озодим!

– Қуръон ўқиб кезгил, яхши каломдир,
Бераҳим афғондир, дини исломдир,
Қароқчидир йўллар, қўрқув – ҳаромдир,
Ҳолинг нима кечар, кетмагил, ўғлим!

– Синайин, кўрайин бу кун иқболим,
Яхши кун, хуш соат қисматда солим,
Қасд этса жонимга, етса ажалим,
Шу ерда ҳам бўлса, топар, Озодим!

– Билиб туриб ўзинг ўтга отарсан,
Қандай ишдир, буким, юксак тутарсан,
Дегил ахир, кимлар билан кетарсан,
Дам уриб ҳар ёна боқмагил, ўғлим!

– Болангнинг раҳбари, Язирхон пиринг,
Кўнгил қуши парвоз этар фақирнинг,
Бу кун етти кундир, “алҳамд” ўқирман,
Шод айла кўнглимни, қўйвор, Озодим!

– Озодий дер, билла сафо сурали,
Таваккал этайлик, синаб кўрайлик,
“Омин!” деб, тур, ўғлим, фотҳа берайлик,
Бир Тангри ёр бўлсин, майли, кет ўғлим!

– Махдумқули айтар: қолмишам кўпдан,
Кўнгил қуши толвос урар йироқдан,
Ҳар ерда соғлигим иста ул Ҳақдан,
Дуо қилиб, Ҳаққа ёлвор, Озодим!

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди