Миллий ҳиссиётлик сиёсий арбобларга, албатта, муҳтождир…

Миллий ҳиссиётлик сиёсий арбобларга, албатта, муҳтождир…
30 views
21 February 2016 - 15:42
1393222_original

Андижон. Асосий карвонсарой (қурилиш жараёнида)

Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ – 11

(давоми)

АНДИЖОН САФАРИ

Юқорида ёзилмиш эдики, Миллат мажлиси аъзоларидан бири акамиз Олимхонтўра бўлган Ҳўқанд (Туркистон) мухторият ҳукумати сайланмиш эди. Бу иш бошланиб 2 ой ўтар ўтмас, очиқ вагонларга тўпзамбараклар қурган ҳолда келишган большевиклар аскарлари Ҳўқандни тўпга тутишиб, кўп ҳароб қилганликларини ҳам ёзган эдик. Албатта бундай кунлари энг оғир қўрқинчли ишлар ҳукумат аъзолари устида бўлиши ҳаммага маълумдир. Шунинг учун акамиздан очиқ бир хабар келмагач, жигарчилик экан, чидаб туролмай, жонфидо дўстларимиздан марҳум тунгон Ибилохунни йўлдош олиб, Андижон сафарига чиқдим.

У кунлари эса инқилобнинг бошланғич даври бўлғанликдан, сафар йўлларимиз ҳам анчагина қўрқинчлик эди. Шундай бўлишига қарамай сафар тоати бўлғоч Тангрига таваккал айлаб йўлга тушдик. Пишпек, Сўқулуқ, Оқсув, Қораболта, Ошмородан ўтиб, тўртинчи қўноққа Меркига етдик. Бу, Болосоғун шаҳри каби исломдан илгари кейин Туркистон тупроғида яшаган маданий ўтроқ ўғуз туркларининг шаҳри эканлиги атрофдаги ҳаробалардан очиқ билиниб турарди. Энди эса илгари отa боболаримиз ўғуз турклари яшаган она Ватанимиз ерларига боши Иссиқкўл, оёғи Ўтрордан ўтиб, Сирдарё бўйларигача ерлик халқдан кўпроқ руслар эга бўлиб ўтирибдилар. Шу билан Меркида бир қўниб, эртаси тоғ йўли билан юрмоқчи бўлиб кун юриш томондаги Тян-Шан тоғлари ичидаги Жарғард довонига қараб жўнадик. Бу ошув эса орқа Туркистон билан Фарғона водийси оралиғидаги Олатоу тоғлари ичида энг эгиз довонлардан ҳисобланади. Буни ошиб ўтгач, икки томони баланд тоғлар билан қуршалган қалин тўқайлик Сочқансой деган тор ўзанга тушдик.

Бу тоғли яйлов ерларида турк улусларидан Саяқ, Жетиган қирғизлари яшар эканлар. Эл яйловдан кўчиб қишловга тушган кунларига тўғри келганимиздан, кўч оралаб юргунча хуфтон вақтида сой ўртасига етдик. Бу ўртада йўловчилар учун белгиланган қўнолғу ўринлари йўқ экан. Кеч кириб гугум (ғира-шира, қоронғи) тушиб қош қорайгач йўлдан чеккароққа чиқиб, атрофи очиқ бир тоғ бетида ётдик.

Чунки кечқурун йўл келаётқанимизда кўришган кўчманчилар кўзлари бизга тушиб, шу яқин орада қўниб қолишимизни пайқаган эдилар. Ҳар икки томони олислашган узун тизма тоғлар орасида келаётган яхши отлиқ қуролсиз икки йўлдошга бу тоғ қашқирларининг кўзлари тушгач, қизиқиб қолмасинлар деб шу кечани уйғоқлик билан ўтказмоқчи бўлдик.

Тонг оширадиган отларимизни қалмоқчасига олиштира (алмаштириб, содда-мустаҳкам) боғлаб, оёқларига чийдар (от тушови) солинган ҳолда кўз олдимизга келтириб қўйдик. Шу кеча тун қоровуллиғини ўзим олмоқчи эдим, бироқ йўлдошим Ибилохун мени қўймасдан бу хизматни ёлғиз ўзи бажармоқчи бўлди. Шундай бўлса ҳам, мен унга кўп ишонолмай, тун ярми ўтгач мени ўйғатиб ўзи ухлаши шарти билан ётдим. От устида ўн соатлаб узун йўл юриб чарчаганимдан шундай бош қўйишим билан қаттиқ уйқуга кетибман. Бир вақт уйғаниб қарасам Ибилохун данг қотиб ухлаб ётибди. Отлар иккови ҳам йўқ. «Ҳай, сенга нима бўлди?» деб қаттиқ қичқиришим билан у ҳам уйғонди. Нима қилишимизни билолмай иккаламиз ҳам бек шошқинлиққа тушдик, чунки бу ернинг ҳар икки томони ҳам яёв юришга уч-тўрт кундан кам бўлмаган, хатарлик йўл эди. Хуржун-халашларимизни кўтаришиб, озиқ-овқатсиз бир неча кунлаб йўл юришга тўғри келар эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сафар хатарларидан сақланиш учун уйдан чиқар олдида икки ракат сафар номозини ўтаб, «Ал-ҳамду» сураси сўнггида «Оятал курсий» ёки икки марта «Қулъаузу» сурасини ўқиб, номоздан сўнгра шу дуони қилишни буюрдилар: «Аллоҳумма инни аувзу бика мин ва асоиссафари ва каобатил мунқолаби ва сувил манзари фил моли вал аҳли вал валд».

Маъноси: «Эй бор худоё, сафар хатарларидан сақла! Қайтиб келишда мол, жон ёки оила ичида кўнгилсиз, ёмон ишлар устига чиқишдан асра» демакдир.

Қарасак, вақт ярим кечадан оғмиш эди. Бизларга кўзлари тушган кўчманчилар атайлаб келиб ўғирладиларми, ёки очиққан, чанқаган отлар қандайдир бўшаниб олган бўлсалар, сув товушига эргашиб, тўқай ичига тушдилармикин, деб чидаб туролмай, кўзга санчиса кўринмас қоп қора тун ичида тимирскилашиб, ҳар икковимиз от қарамоқчи бўлиб икки ёқдаги тўқай ичига кирдик. Бундай жойларда бўри, айиқ каби йиртқич ҳайвонларнинг бўлиши белгиликдур. Соқлиқ юзасидан пичоғимни қўлимга олиб, тўқай ичида туртиниб яқин икки соат қидирганим сўнггида, от шарпаси билинмагач қайтиб чиқишга мажбур бўлдим. Ҳай, шу кечанинг узунлиги жонга ботди! Ҳар икковимиз зориқа ориқа телмурганимизча ўлтириб, аранг тонг отқиздик. Йўлдошим Ибилохун ўз қилмишидан хижолатга қолиб, бош кўтара олмаган бўлса ҳам, уйғурлар «Муллам, дуога зўрланг» дегандай, мен ўз одатимча дуога киришиб «Солотан тунажжийно»ни ўқиш билан тонг оттирдим. Тонг отиши билан номозимизни ўқиб олгач, яна излашга киришдик. Кун кўтарилган чоғи эди. Чуқур сой бўйидаги тўқай ичида «Ҳай, от буёқда экан!» деб йироқдан қичқирган йўлдошимнинг уни эшитилди. Шу билан бир зумда бошимиздан ғам тоғи кўтарилиб, бу каби қўрқинчлик ерларда сафар хатарларининг қайғулик, қоронғи туни қоплаган тутиқ кўнглимиз бир дамда очилди. Яхши, худо ўнглаб бошқа ҳаром қўл тегмаган экан, тездан отларимизни келтирдик, емиш егизиб қондирганимиздан сўнгра, яна йўлимизга тушдик.

Бироз вақт юрганимиздан кейин Кетмонтепа томонидан қочиб келаётган бола-чақалик руслар, манзилга етгунимизча узулмай олдимиздан ўткани турдилар. Нима бўлди экан десак, Ўш атрофидан бош кўтариб чиққан Холхўжа деган қурбоши қуроллик-қуролсиз юз чамали йигитлари билан келиб, Кетмонтепа қишлоғида тинч ётган русларни қамаб қўрқитган экан. Орада бир қўниб, эртаси Кетмонтепага етдик. Бу эса орқа Туркистон билан Фарғона тизма тоғлари орасига тушган Ора яйлов қаторида машҳур Сусамир яйловининг оёғи бўлиб, об-ҳавоси ўртача, ери кенг, сувлари мўл, келишган гўзал бир ердир. Экинчилик ишлари бек унумли бўлиб, айниқса ҳар турлик дон ўсимликлари бошқа ерларга кўра бу ерда тўлиғи билан етишади. Буғдой нонлари жуда ҳам тамлик бўлғанликдан, чет ёқадан келувчи йўловчилар бунинг олдида бошқа нарсани кўп қўмсамайдилар. Шунинг учун чор ҳукумати замонидаёқ бу жойларга қизиқиш бошланиб ерлик қирғизлар эмас, рус келгиндилари билан кераклик бари ўринлар тўлдирилмиш эди.

Шундай қилиб отушлик савдогарлардан бирининг уйига қўниб, бир кун дам олганимиздан сўнгра, бу ердан чиқиб юрганимизча Ичинсой деган узун бир ўзанга тушдик. Бош оёғи кўринмайдиган узун сой ичи тўлган писта, бодом, ёнғоқ каби қалин мевали дарахтларни оралаб юрганимизча, Норин дарёси бўйига чиқдик. У кунлари бу дарё икки қисиқ тоғ оралиғида оқаётганлигидан, тикка тоғ белидаги ёлғиз оёқ тор йўлдан отлиқ юриш анчагина хатарлик эди. Шу кунги қўнолғидан ўтгач орада яна бир қўниб, Норин сувидан Хўжа кўприги орқалик ўтиб, Учқўрғон қишлоғига кирдик. Бу эса, йўловчилар шимолий тизма тоғлардан ўтиб, Фарғона водийсига тушгач, биринчи навбатда учрайдиган қишлоқдир. Наманган, Андижон ва бошқа Фарғона шаҳарларига шу ердан тарқаладилар.

Бизнинг бу сафаримиз 1921 йили бўлганликдан «босмачи» номидаги халқ қўзғолончиларининг энг кучаб ётган вақти эди. Бир қишлоқда большевиклар, иккинчисида «босмачи»лар туриб, ораларида отишма-чопишмалардан чиққан милтиқ товушлари узулмас эди. Минган отларимизни кўрган кишилар: «Ҳай, қандай бўлар экан, бу ўхшаш яхши отларга кўзлари тушганда, ҳеч қачон қутилолмайсизлар. Ориқ отларин бериб, бу отларингизни тортиб олмасалар», деб бизни ваҳимага солдилар. Шундоқ бўлса ҳам, Андижон шаҳрига етканимизча бирига бири туташишган қалин дарахтлик қишлоқлар оралаб кетдик. Кўча бошларида ўлтиришган одамлар, «Ҳали шу ёққа кетган «босмачи» беклар сизларга қаерда йўлиқишди?» деб сўрашар эди. Аллоҳ сақлаган бўлғайким, ҳеч нарса кўрмай, яхши ёoмoнларга йўлиқмай, тўғри йўлимизда кетавердик.

Урганч қишлоғидан чиқиб, Андижонга яқинлашган сайин уруш аломатлари кўрина бошлади. Шундоқки Андижон, Наманган поездлари бутунлай тўхталган, темир йўллари бузилиб, станциялари куйдирилган экан. Шу каби аломатлар ичида юрганимизча омон-эсон Андижонга етдик. Шаҳар ичига киргач қарасак, бутун кўчаларда чувалиб очилиб ётган пахта тойлари ҳисобсиз эди. Сўрасак, биз келишдан уч тўрт кун илгари Мадаминбек шаҳарга ҳужум қилиб кирганида, ҳар икки томон аскарлари пахта тойларини ўзларига қалқон қилиб отишишган эканлар. Сўнгра буларни шаҳардан чиқариш учун қалъага қамалган большевик аскарлари томонидан отилган тўп замбаракларидан шаҳар халқи, хонадон уйлар, бозор раста дўконлари анчагина зарарланмишдир.

Шу вақтларда Русия мамлакати бўйлаб бошқа жойларда ҳам большевикларга қарши халқ кўтарилмиш эди. Ички Русияда Колчак, Врангел каби ҳарбий кишилар, Ўринбург казакларидан Дутўв, Анинковга ўхшаш генераллар бош кўтармиш эдилар. Мамлакат бўйича ҳар жойдаги қуролланган ҳарбий кучлар учун керакли бўлган нарсалар, иқтисодий ишлар вайронгарчиликка учраганлигидан, ҳожатга етарлик эмас эди. Ёқулғулар эса йўқолишга етиб, темир йўл паровозларига кўмир йўқлигидан ўтин ёқишга мажбур эдилар. Яна у кунлари Ўзбекистондаги бутун русларнинг сони ҳозирги сонидан юздан бирича ҳам келмас эди. Бунинг устига узун Дашти қипчоқ чўллаp орқали орамиз ажралганлиги туфайли, ватанимиз Ўзбекистон Оврупо босқинчилари марказидан йироқ туриши; яна бу кунга қараганда озу кўп диний, миллий ҳиссиётимизнинг борлиғи каби нарсалар у кунлари биз учун керакли бўлган бутун ишларимизни қулайлаштиришга йўл очмиш эди.

Қисқаси, Ватанимиз Ўзбекистонни босқинчи қизил аскарлар қўлидан қутқазиб олиш шароити шу чоғда туғилмиш эди. Улардан фойдаланиш йўлларини нега тополмадилар? Бунинг бирдан бир сабаби у кунлари халқимиз ичида сиёсат оламига тушунган, оз бўлса ҳам замонавий илм ўқиб билган кишиларимиз йўқ ҳисобида бўлишидир. Бунинг мисоли шулким, қурилиш ва бинокорлик асбоб-ускуналари агар тўлиғи билан топилар экан, унга раҳбарлик қилувчи муҳандислар, тажрибалик уста-ишчилар бўлмаса у бинонинг қурилиши, албатта, мумкин эмасдир. Шунга ўхшаш бир миллат ўз миллий давлатини қуриб олиши учун замонасига лойиқ бутун асбоб скуналарни қўлга келтирган тақдирда ҳам, шу нарсаларни ўз ўрнида ишлата билгудек, миллий ҳиссиётлик сиёсий арбобларга, албатта, муҳтождир.

(давоми бор)