Ички ишлар вазирлиги олдида пикет, Президент девони ва Вазирлар маҳкамасида қабул

Ички ишлар вазирлиги олдида пикет, Президент девони ва Вазирлар маҳкамасида қабул
88 views
21 February 2016 - 21:18

Eshonqulova-Urlaeva2016 йилнинг 9 январь куни журналист ва ҳуқуқбон Малоҳат Эшонқулова ва “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Е. Урлаева Ўзбекистон Республикаси  Президенти номига,  Вазирлар Маҳкамасига,  Ички ишлар вазирига ҳамкорликда ёзилган аризаларини топширдилар.

Журналист ва ҳуқуқбонлар ўз талабномаларида  Самарқанд вилоятидаги янги туғилган чақалоқларнинг оммавий тарзда айни бир хил ногиронлиги сабаблари юзасидан текшириш ишлари олиб борилишини ҳукуматнинг юқори идораларидан талаб қилишди. Шунингдек, уларнинг арзларида  мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш жараёнларида, ғўза чопиғи, пахта терими мавсумларида Тошкент вилоятининг Чиноз, Хоразм вилоятининг Хозарасп туманларида ИИБ ходимлари томонидан куч билан тортиб олиб қўйилган орг. техникаларини – фотовидеоаппаратларини қайтариб бериш талаби ҳам ўрин олган.

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Е. Урлаева, М. Эшонқулова, Ш. Рустамов, Ў. Пардаев каби ҳуқуқбонларнинг ҳорижга чиқиш ҳуқуқини қонунга зид равишда таъқиқлаган ҳолда, қатор йиллардан буён чиқиш визаси (ОВИР) бермай, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтаб келмоқда.

Бунингдек қонунсизлик оқибатида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи чекланган ҳуқуқбонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Урлаева ва Эшонқулова ҳукуматнинг мартабали идораларидан юқорида номлари тилга олинган фуқароларга чиқиш визаси беришларини  ҳам қатъий талаб қилишди.

Бироқ, Ички ишлар вазирлигининг хатлар бўлимида фуқароларнинг шикоят, аризаларини қабул қилишга масъул ходим Урлаева ва Эшонқулова аризасида “Ховаси хибисхонасидаги маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар тўхтатилсин” деган мазмунда киритилган талабларига эътироз билдираркан: “Сизда маҳкумларнинг номларидан гапириш ваколати йўқ, бундай ҳуқуқ сизларга лоақал нотариал идора орқали ҳам берилмаган. Шу сабаб сиз қийноққа солинаётгани айтилаётган маҳкумлар номидан ариза бераолмайсиз. Биз бу мазмундаги ноқонуний талаб битилган арзингизни қабул қила олмаймиз” дея аризани қабул қилиб олишдан қатъий бош тортди. Унинг сўзларига кўра, “Ховаси хибисхонасида қўлланилаётган қийноқлар хусусида маҳкумларнинг ўзларигина шикоят қилиш ҳуқуқига эга”.

– Вазирликнинг шикоятларини қабул қилиш бўлими ходими бизга аризамизни қайта ёзишни ва Ховаси хибисхонасидаги қийноқларга доир муаммони киритмаслигимизни талаб қилиб туриб олди. Мабодо, унинг талабини бажармасак, аризамизни қабул қилиб олмаслигини маълум қилди. Мен уларга “Содир этилган ва ё этилаётган жиноят ҳусусида хабар бермаслик ҳам жиноят саналади. Қонунда бунга жиноий жавобгарлик белгиланган. Биз куни кеча Ховаси хибисхонасидан чиққан собиқ маҳбус Ўктам Пардаев билан учрашдик, суҳбатлашдик. Интервью олиш жараёнида у бизга Ховаси қамоқхонасидаги ноинсоний қийноқлар хусусида сўзлаб берди. Биз Ховаси қамоқхонасида маҳкумларга нисбатан қаттиқ қийноқлар қўлланилаётганлигидан хабар топдик. Бу жиноят. Жиноят ҳақида хабар беришни ўзимизнинг фуқаролик бурчимиз деб биламиз. Сиз аризамиз қандай бўлса, шундай қабул қилинг, истасангиз жавоб беринг, ҳоҳласангиз, арзимизнинг мана шу қисмини очиқ қолдиринг”, деган эътироз ва талабларим ҳам инобатга олинмади. Шундан сўнг биз ноилож аризамизда Ховаси хибсхонасида қўлланилаётган қийноқларга оид муаммони бартараб этиш юзасидан киритган талабларимизни олиб ташлашга, аниқроғи, аризамизнинг энг пастки қисмидаги ўша муаммога доир қисмини қирқиб олиб ташлашга мажбур бўлдик. Бироқ шундай бўлса-да ўзга муаммоларни бартараф этишга оид талабларимизни топширишга муваффақ бўлганимизга суюндик. Мен аризамизни қабул қилишни истамаган –  хибисхона муаммосига оид қирқиб ташланган варағини ўзим учун сақлаб қўйдим, – дейди М. Эшонқулова.:

Eshonqulova

– Бироқ, биз барибир Ички ишлар вазирлигидагиларни ғафлатда қолдирдик.  Бизни ИИВ қабулига ташрифимизни ҳеч ким кутмаганди. Биз кутилмаганда қабулга тўпланиб турган фуқаролар қаршисида пайдо бўлдик ва олдиндан тайёрлаб келган талабларимиз битилган плокатларимизни кўтариб Вазир қабулхонаси эшиги ёнида норозилик пикети ўтказишга муваффақ бўлдик.

Турли вилоятлардан ИИВ қабулига келганлар бизнинг талабномаларимиз битилган плокатдаги ёзувларни қизиқиб ўқишга тушишди. Шу орада кимдир ИИБ ходимларига хабар беришга улгурибди. 5 дақиқа ичида қабулхонани ИИБ, МХХ ходимлари босим кетди, – дейди “Альянс” етакчиси Е. Урлаева.

Дарҳақиқат, сонини санашга улгуриб бўлмайдиган МХХ ва ИИБ ходимлари кўз очиб юмгунча Эшонқулова ва Урлаевани халқдан ажратиб, қуршаб олишди.

Улар орасида Тошкент шаҳар ИИБ бошқармаси терроризимга қарши кураш бўлими тезкор вакили (эҳтимол бошлиғидир?) Бахтиёр (Бахтик лақаби билан машҳур ҳуқуқбонлар овчиси) Эгамбердиев (Бу исм-шариф унинг тахаллуси ҳам бўлиши эҳтимоли ҳам бор) ва Фарҳод исмли ходимлар пайдо бўлди.

Бахтиёр Эгамбердиев одатига кўра “ўз хизмат вазифасини” адо қилишга тушиб кетди.

Б. Эгамбердиев  Е. Урлаева сумкасидан талаблар битилган плокатни оларкан, “Бундай қоғоз кўтарганларингизни иккинчи қайтиб кўрмай. Яна қилиқ кўрсатадиган бўлсанглар, кеча – 8 февраль куни осон ва тез қутилдинглар, соат 21.00 дан ўтиб-ўтмай Мирзо Улуғбек ИИБси сизларни уйларингизга қўйиб юборди. Бугун эса кечагидек бўлмайди. Кўраяпсиз, ҳавонинг заҳри баланд. Плокат кўтарганларингизда қўлга туширсам, тонггача ушлаб ўтираман. Кейин ўзингиздан кўринг, тушунарлими?” дея ҳуқуқбонларни ўктам овозда огоҳлантирди-да плокатни ўраб қўлдиғига урди.

Бу орада Фарҳод исмли махсус хизмат ходими Урлаева ва Эшонқуловани тасвирга тушириш – “кинога” олиш ишларини иштиёқ билан бошлаб юборди.

Ҳатто ҳуқуқбонлар аризаларини топшириш мақсадида қабулга кирган пайтида ҳам Фарҳод тасвирчилик касбини қўймади. Шу куни у Урлаева ва Эшонқулованинг шахсий операторига айланди-қўйди.

Ички ишлар вазирлиги қабулхонасидан чиққан Урлаева ва Эшонқулова президент девонига, Вазирлар Маҳкамасига аризаларини топшириш учун йўл олганларида ҳам махсус хизматларнинг Фарҳод исмли ходими ҳуқуқбонларга тасвирчи сифатида ҳамроҳлик қилди.

ЎХҲ матбуот хизмати