Имомали Раҳмонга қарши исён

Имомали Раҳмонга қарши исён
21 views
23 February 2016 - 4:00

Central Asia DICТожик мухолифати ўз диктаторлари Имомали Раҳмонга қарши 2016 йилнинг 23 февраль куни намойишлар ўтказишини ютубда эълон қилди. Тожик халқини золим ва зулмга қарши оёққа қалқишга чорладилар.

Собиқ совет иттифоқи парчалангач, Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонни турли диктаторлар эгаллаб олдилар. Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши, Қирғизистонда Асқар Акаевнинг ағдарилиши воқеалари қолган диктаторлар учун “сабоқ” вазифасини ўтади. Улар бу воқеалардан кейин мухолифатни бўғиш, йўқотиш ва эркпарварларга қарши курашиш методларини анча мукаммалаштирдилар.

Тожикистон фуқаролари уруши, Акаевнинг ағдарилиши, Андижон воқеаларининг юз бериши аслида ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас эди. Уларнинг замирида ҳар қандай ҳолатда ҳам халқнинг эркка бўлган интилиши мавжудлигини унутмаслик лозим.

Эрк миллат танлайдиган тушунча эмас. Эрк барча учун тенг тақсимланган неъматдир. Инсон қайси миллатга мансуб бўлмасин – ўзбекми, тожикми, қозоқми, русми, арабми, уйғурми – фарқсиз – эрк учун ҳақлидир. Шундай экан, тожик мухолифатининг диктатор Имомали Раҳмонга нисбатан “бунт” кўтариши замирида халқ озодлиги, адолат ўрнатиш ғояси турган экан, уни қўллаб-қувватлаш зарур.

Бугун Марказий Осиё президентлари ўз шахсларини илоҳийлаштиришда бир-бирларидан қолишмайдилар. Бу йўлда улар уятни йиғиштириб қўйганлар. Имомали Раҳмон ўзини миллат пешвоси деб атайди. Назарбоев қизини энг юқори мансабга тайинлайди. Туркманбоши эса туғилган кунида вазирларидан, ҳокимлардан гул қабул қилади, ўзининг ҳайкалини ўрнатади.

Қирғизистонда эса бир қадар демократик атмосфера мавжудлиги Акаевнинг қувилиши билан боғлиқ. Чунки ҳукумат ҳар қандай ҳолда ҳам ҳақсизлик жавобсиз қолмаслигини яхши билиб қолган. Қолаверса, президент Отамбоев ҳам муддатим тугагач, вазифамни тарк қиламан деб ўзининг қардош ҳамкасбларига нисбатан мардлик кўрсатди. Қўшнилари дин деганда сочини юлса, у Қуръонни ўқидим, динга қарши курашиш керак эмас деган маънода анча прогрессив фикрларни баён қилди.

Қолган президентларда эса ўз мансабларидан ҳали-бери кетиш нияти йўқ. Лекин золимга, зулмга қарши кўтариладиган исёнлар, ўзининг қонуний ҳақини талаб қилиш орқали бир куни ҳақдорлар кутган адолат ўрнатилиши шубҳасиздир.

Каримовнинг Туркияга таъзияси нимани билдиради?

Анқарада бўлган портлаш яқин олти ойда биринчиси бўлаётгани йўқ. Зотан, ўтган йилнинг октябр ойидаги портлаш ҳамманинг ёдида турибди.

Дунё ҳамжамиятининг бу воқеага нисбатан муносабат билдириши Францияда бўлган портлашга қараганда фарқли бўлди. Франция байроқларини ижтимоий тармоқларда ўрнатиб ўз ҳамдардлигини эълон қилганлар Туркиядаги худкушликка эътиборсизгина қарашлари уларнинг Суриядаги қирғинларга бўлаётган лоқайдликлари каби бирёқламадир.

Ўзбек тилида материаллар эълон қиладиган расмий шарҳ.уз сайти Анқарада бўлган теракт ҳақида мақола эълон қилди. Мазкур хабарда айтилишича, Каримов Туркия президенти Эрдўғонга ўз ҳамдардлигини билдириб мактуб йўллабди. Қизиқ, Каримов Туркияда кузда бўлган портлашни эшитмаган, шекилли, ўшанда таъзия изҳор қилмаган эди. Ёхуд изҳор қилгандиру, уни ўзбек матбуоти ёритишни унутгандир.

Бу ҳодисанинг сабаби аслида Россия ва Туркия муносабатлари билан боғлиқ. Кузатувчилар Россия ва Туркия можаролари оқибатида Туркиянинг ҳақлиги исбот топиб, Россиянинг мулзам бўлаётганини кўриб турибдилар. Оқибатда, Россия Туркияга эълон қилган санкцияларини бирма-бир бекор қилишга мажбур бўлаётгани ҳам ҳақиқат қаерда эканлигини кўрсатди. Шу пайтгача икки давлат можароларига жим қараб ўтирган Каримов юрак ютиб Туркияга ўз таъзияномасини юборди.

Биз мақолаларимиздан бирида Каримов Россия ва Туркиядан қайси бирини танлайди деган саволни қўйган эдик. Ушбу мақолада Каримов бетарафликни танлашини алоҳида таъкидлаган эдик. Ўтган тўрт ойда ушбу фараз ўзини тасдиқлаб келди: Каримов икки давлат билан ҳам арзирли бирор ҳамкорликни амалга оширмади, Россия ва Туркияга бўлган муносабатларини ўзгартирмади, бу мувозанатни бузмаслик учун Россияга бориши ҳақида хабар тарқатиб, бормай қўяқолди. Аслида, Каримов ўтган йилнинг охирида Россияга бориши ҳақида ҳукуматнинг расмий сайтларида ахборот берилган эди.

Ўзини биқиқлик ичига олган, тиканларининг бағрига яширинган типратикан ёхуд тошга ўранган тошбақа каби Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг диктаторлари бу каби пассив, суст ўйинларда давом этар эканлар, уларнинг паймонаси ҳам тўлиб бораётгани соғлом ақл эгаларига англаниб турибди.

Ўлкаларда ҳаддан ошаётган зулм ўзининг илдизини кесмоқда.

Абдуллох Нусрат