Ожизманам, сендан ўзга кимим бор…

Ожизманам, сендан ўзга кимим бор…
79 views
24 February 2016 - 4:00

top2МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Қолмас-о

Кўрсам, эй дилбар, жамолинг, ихтиёрим қолмас-о,
Кўрмас эрсам бир замон, сабру қарорим қолмас-о,
Васлинг умидига бир дам эътиборим қолмас-о,
Бўлмаса умиди васлинг, ҳеч мадорим қолмас-о.

Гар иноят бўлмаса сендан, очилмас йўлимиз,
Турғун ўлар доимо, бўлмас кушод иқболимиз,
Жабр ила бемор ўлиб, ошуфта бўлган ҳолимиз,
Раҳм этиб, сен сўрмасанг, бир айри ярим қолмас-о.

Ҳасрат ичра қолмишам, ожиз бўлибон менда мен,
Фарқ это билмам ўзим айвонда ё вайрондаман.
Кимса фаҳм этмаса бу дардим, бўлмишам дармондаман,
Юрагим ўлмасдан аввал танда жоним қолмас-о.

Гўёки байтул-хазонман, шод келган ғамнок ўлар,
То ҳаёти фониям, сийнам сенинг-чун чок ўлар,
Суратим исёндадир, устихоним хок ўлар,
То олгунча рўзи маҳшар, оҳу зорим қолмас-о.

Гарчанд бу Махдумқулидир: майли – нафси-ҳаво,
Ҳаққу ростдир Бирлигинг, чун ҳожатим қилгил раво,
Ҳожатим Сендан раво бўлмас эрса гар, минг муддао,
Бўйла маълумдир-ки, ҳеч бир ғамғусорим қолмас-о.

*****

Ҳолимга менинг  

Карам айла, ё Раб, қудратли Субҳон,
Ғариб, ғамгин кечган ҳолимга менинг.
Ақлим ҳайрондадир, дилда пушаймон,
Билмасликда кечган солимга менинг.

Маҳшарда бўлмасанг сен менга далда,
Ё Раб, нечук бўлар ишим шу ҳолда,
Имоним юкини етказган йўлда,
Йўлтўсар қўймагил, йўлимга менинг.

Дин қиличин урсам, танда зўрим йўқ,
Муҳтожга нон берар, қўлда зарим йўқ,
Фақирманам, сендан ўзга ёрим йўқ,
Бир тасалли бергин, кўнглимга менинг.

Истаса тенг тўшлар бошга олтин тож,
Фақирлик мулкидан менга бергин бож,
Ё Яратган, номардга этма муҳтож,
Тилагим, дуч этма, золимга мени(нг).

Ожизманам, сендан ўзга кимим бор,
Ўз берган жонингга жабр этма Жаббор,
Махдумқули айтар, карамли Ғаффор,
Боқма қилганимга, феълимга менинг.

*****

Икки ҳилолни  

Беихтиёр назарим,
Кўрди икки ҳилолни.
Жоним роҳатин олди,
Анинг ҳусну жамоли.

Жонимга эга бўлди,
Ўзини йироқ солди,
Кўзларимга ёш тўлди,
Мафтун этди камоли.

Муттасил ашким оқиб,
Қўймас кўрарга боқиб,
Нафсим дамига тортиб,
Ихлосим зўр, ҳаволи.

Равондаю, аёнда,
Тиллари хўп гўянда,
Мудом ўлиб жўянда,
Тил сени деб, нолали.

Ишқ ханжарин айлаб тез,
Хуруж этди у хунрез,
Омон топмадим ҳаргиз,
Насиб ўлмас висоли.

Фикри-ла фоний бўлдим,
Ғурбатда ҳайрон қолдим,
Ишқнинг қўшинин солди,
Ақлим мулки талонли.

Махдумқули, шабу рўз,
Жон куйигин юрак суз,
Ҳарчанд моне, уриб буз,
Ошиқ жигари қонли.

*****

Боди сабони кўрсам  

Доғистоннинг баҳринда
Боди сабони кўрсам.
Баҳоуддин, Миркулол,
Зангги бобони кўрсам.

Бир маёқ, Аършга тождир,
Номи оламга фошдир,
Икки жаҳон муҳтождир,
Араб забонни кўрсам.

Келган кечар шаҳд этиб,
Куйманмас дил шод этиб,
Кўнгил айтар гашт этиб,
Олам, жаҳонни кўрсам.

Хизр каби чўлларда,
Илёс каби кўлларда,
Қобус каби тоғларда,
Яхши-ёмонни кўрсам.

Олдинда Ҳиндистонни,
Орқада Туркистонни,
Авлиёлар уммони,
Ул Румистонни кўрсам.

Жон – далли, жаҳон – шайдо,
Ёлғончида йўқ фойда,
Етти тоғ, етти дарё –
Кўҳна дунёни кўрсам.

Махдумқули хуш бўлса,
Оқса дийдам, ёш бўлса,
Иймоним йўлдош бўлса,
Борсам, Каъбани кўрсам.

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди