Ўз қўлимиз билан ўзимизни бўғизлатдилар…

Ўз қўлимиз билан ўзимизни бўғизлатдилар…
33 views
24 February 2016 - 6:00

Madamin-bekАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 12

(давоми)

Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқарган ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган ватан ўғилларининг қўллари билан ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдир. Энди миллий ҳиссиётларини сақлаш учун ўзларида икки нарсанинг бўлиши, албатта, шартдир. Бирови дин, иккинчиси эса ҳар миллатнинг ўзига хос она тилидур. Большевиклар ҳокимияти қурилган кундан бошлабоқ, диний маросимларимизни асоси билан йўқотишга киришганликдан ҳозирги болаларимизнинг диний ҳиссиётлари йўқ ҳисобида қолмишдур. Бунинг устига яна ўз она тилларидан ҳам ажрар эканлар, у чоғда диний ва миллий ҳиссиётлари бутунлай йўқолиб, кўп узоқламаёқ русларга ютилиб кетишлари шубҳасиздир. Бу эса ота-боболарининг суяклари билан бир қатлами кўтарилган гўзал Ўзбекистон она ватанларини босқинчиларга қолдириб, ўзлари инқироз чуқурига юз тубан йиқилган ҳолда, тарих юзидан абадий ўчирилади демакдир. Бундай одамлар шу миллат олдида энг катта жиноятчи, олчоқ одамлардир. Ўз ота оболарини унутиб, бошқаларга қўшилган бундай кишилар ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом норозилик билдириб лаънат ўқидилар.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, шаҳар ичига киргач, руҳи ўчган кишиларни, кўнгилсиз куяларни оралаганча Хўтан ариқ бўйида ота маҳалламиздаги поччамиз Абдуллаҳожи уйига тушдик. У кеча ором олиб, эртасига Олимхонтўра акамиз билан кўришгандан кейин, бу ерда ҳафта ўн кунлаб туришга тўғри келди. Шу муддат ичида кўпгина кишилар билан сўзлашган бўлсам ҳам, у кунларда душманлар томонидан қўлланилаётган сиёсат сеҳрига тувалик (асоси билан, таг-туги билан, чуқур) тушунган бирорта кишини учратолмадим. Шундоққи, Масков сеҳрчилари «босмачи» номида чиққан қўзғолончиларни ҳеч кимга туйдирмай (билдирмай, сездирмай) ўзларининг энг яқин қуроллик аскарлари қаторига қўйиб, улардан фойдаланмоқда эдилар. Чунки, инсон насли ер устига тарқалгандан бери ҳеч даврда кўрилмаган бузуқ, жирканчли тузумини большевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак-ичмак oзиқ-oқатларига осилиб, бирор киши уйида дон уруғидан ортиқча ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни оч ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар. Лекин бу зулмларини шаҳар ичларида қамов дов каби ҳар турлик ваҳшийликлар орқали тезда бажара олган бўлсалар ҳам, шаҳар атрофи қишлоқларда шароити тўғри келмагач, бу сиёсатни юргиза олмадилар. Чунки, бу каби боши туюқ (берк), қоронғу кўчага халқни киргизиш фақат иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир. Шунинг учун большевиклар атрофдаги ўзларига қарши бош кўтаришган нодон душманларга сиртдан (яширинча, пинҳона) қурол етказиб туриш сиёсатини қўлладилар.

Ўлка бўйича ўн мингдан ошиқ тахминланган қўзғолончилар аскарларини бир мақсад, бир нуқтага келтириб, бир туғ остига тўплагудек ерликлар ичидан ишга ярамлик бирорта одам чиқмаганлиқдан, бу қора ботирлар нима қилишларини билмагач, ўзларини таъминлаш учун халқ бойлигини талашга киришдилар. Натижада бутун халқ борлиқ бойликларидан ажраб, қанот-қуйруғи юлинган қарғадек оч-яланғоч, бир тишлам нонга зор бўлган ҳолда «гаҳ» деса қўлга қўнғудек бўлди. Замонга тушунмаган у қора ботирларга халқнинг нафрати ошди ва улар босмачи деган номни олди. Буларнинг ичида бир оз бўлса ҳам замонасига тушунган, халқ олдида ҳурмати бор, ишончлиги ортган Мадаминбекни ўртадан кўтариш зарур бўлди. Қандайдирки, бу масалани қурол кучи билан эмас, балки макр-ҳийла орқалик ҳал қилишга киришганликдан тубандаги моддаларни қабул қилган бўлиб, у билан битим тузмиш эдилар:

  1. Фарғона мухториятини тасдиқлаш.
  2. Шароитга қараб ўн мингдан қирқ минггача Мадаминбек қўл остида миллий аскар сақлаш ва буларнинг қурол-яроқларини марказий ҳукумат томонидан таъминлаш.
  3. Ўқув-ўқитув ишлари ерлик ҳукумат ихтиёрида бўлиб, ўз она тилларида юргазиш.
  4. Мусулмонларнинг диний ва ўзаро даъво ички ишлари бутунлай ўз қўлларида бўлиш ва шариат буйруғича амалга ошириш.

Мана шулар каби эшитишга анча фойдалик кўринган ишлар билан келишим тузилган сўнггида (1920 йиллар) Мадаминбек Тошкентга чақирилади. Унинг келиш ҳурмати учун, чет давлатдан келаётган ҳукмдорларга қилгандек, кўчалар безатилган ҳолда тантана билан қарши олиниб, катта маросим ўтказилмиш эди. Буни кўрган мусулмонларнинг руҳлари кўтарилиб, тарихий анъаналари қўзғолганликдан миллий озодлик умиди билан миллий ҳукуматларини эскармиш (эсламиш, ёдига туширмиш) эдилар. Бундан фойдаланган Ватан босқинчилари ўзларининг олдиндан ўйлаб қўйган макр- ҳийлалик режаларини тезлик билан амалга ошириш сиёсатига киришди. Йўқ эса ҳар икки томон ризолигича тўхтам қилинган битим моддаларини халқаро қонун бўйича амалга оширишлари лозим эди.

Бунга қарамай бекка илтимос қилган бўлиб, Фарғонада қолган Кўршермат, Холхўжа каби қўзғолончиларни ҳам Тошкентга келтиришни унга таклиф қилдилар. Бу ҳам «Улар менинг сўзимдан чиқмайди» деб, ишонганликдан эҳтиёт йўлини ўйламай тўғри булар олдига келмишдир. Ҳолбуки, маккорлар аллақачон ўз қўллари билан чуқурлар тайёрлаб қўймиш эдилар. Шундоқки, «Мана, сизлар ишонган Мадаминбегинглар кофирга сотилиб, ўз фойдаси учун сизларни тутиб бермоқчи бўлди. Бу ишни бажариш вазифаси унга топширилмишдир. Яқин орада келиб қолса, шунга қараб чора кўриш керак», деган ёлғон фитна сўзларни тарқатиб, у онгсиз қора ботирларни ишонтириб тургани устига, Мадаминбек ҳам келмишдир. Ҳақиқатан ҳам кўкрак кериб от чопишдан бошқа ҳеч ишни билмаган, маслаксиз қора ботирлар кўзлари унга тушиши биланоқ гапиртирмасдан «Ҳой, сен бизларни кофир большевиклар қўлига бермоқчимисан?» — деб уни ўлдирадилар.

Бу улуғ жиноятни бажаришган сўнггида озу кўп кутилган умидлар узилиб, кўз тутилган ишлар бутунлай ўзгарди. Босқинчиларга ҳайбат кўрсатган Мадаминбекнинг қўзғолончилар қўлида ўлиши, мусулмонлар учун ҳар ҳолда фойдалик кўринган юқориги битимнинг бузилиб кетиши келажакда кутилган ерлик халқлар манфаатига қаттиқ зарба бермиш эди. Бу фожиалик воқеадан Ватан босқинчилари ўзлари тилагандек икки тарафлама фойдаланиб хиёнат мақсадларига эришдилар.

Мана шундан кейин ўлка бўйлаб тарқалган қўзғолончиларнинг қўри тугаб, жамиятлари бузилди; руҳлари тушиб, тўплари тарқашга бошлади. Ёлғиз большевиклар эмас, балки ўз халқлари олдида ҳам ўғри — босмачи номини кўтардилар. У ишда режалари тўғри чиққач, бундан бу босқинчилар неча ёқлама фойдаланишга киришгани турдилар. Халқни талаш-булашда, ўлдириш-куйдиришда босмачи номида чиққанлар уларнинг олдинги сафдаги қуроллик аскарлари хизматини бажардилар. Кўзлаган мақсадлари қўл келиб, режалари тўлгунчалик маҳаллий халқ устида ўтказиш лозим бўлган ҳар турлик ваҳшийликларни нодон босмачилар қўли билан бажариш сиёсатини тутдилар. Уларнинг қуроллари эса булар томондан таъминланиб турмоқда эди. Иш ортини ўйламаган, дўст-душманнинг кимлигини билмаган бир тўда ясама ваҳшийлар орқалик ўйлаган режалари тўлиб, кўзлаган ишлари бажарилиб бўлгунча бутун кўпчилик халқ жонларидан тўйиб, қанот-қуйруғи юлинган, тумшуғи билан ер тирнаган қуш каби нима деса бўйинсунишга тайёр бўлган эди.

Маккор, ҳийлагар Масков сеҳрчиларининг тубги (асл) тутган сиёсатлари эса бутун ерлик халқларни, юқорида айтилгандек, ўз қўллари билан бўғизлаш, иқтисодий бўлгунликка (инқироз) тайёрлаш эди. Телба, мажнунлар қўлларига қурол ушлатиб, шу орқали ишлари бажа-рилиб, режалари тўлган сўнггидагина иблис Калинин (КПСС ва совет давлати арбобларидан, болаларга қарши дунёда биринчи чиқарилган ваҳшиёна «Уч бошоқ қонуни»нинг бош муаллифи сифатида ҳам «машҳур») 1925 йили Масковдан келди. Бунинг келишини, ҳар ёқлама исканжа азоби остига олиниб, энг охирги дамини аранг олаётган бечора мусулмонлар ўзлари учун нажот байрами ҳисоблаб, тантана билан уни қарши олдилар. Ҳақиқатда эса, бу жаллодларнинг мақсади бўри оғзидан қутқариб олиб, ўзларига қурбон қилиш эди. Ҳарҳолда босмачилик плани тўлиб, бу ҳакдаги сиёсат ўзгарганликдан Калинин ва унинг ҳайъатлари келиши билан ҳар жойда қурилган зулм-судлари ишга киришиб, бутун босмачиларни ўлимга буюрдилар. Шу баҳона билан ўзларига тўғри келмаган кўп ерлик, ўз Ватани учун қайғурган кишилар отилиб-чопилиб, қолганлари сургун қилинди. «Душман қўли билан илон бошини янч» деган мақолимиз ўз устимизда ишлатилиб, ўз қўлимиз билан ўзимизни бўғизлатдилар. Шундай бўлиб, 6 — 7 йил давом этган қўзғолончилар ҳаракати онгли равишда илмий-сиёсий асосга қурилмаганликдан охири ачинарлик ҳолга айланиб, бутун ишлари натижасиз бўлиб чиқди. Йўқ эса, қанча халқимиз қонлари ўринсиз тўкилгани устига не қаҳрамон йигитларимиз, Ватан ўғлонлари бу йўлда қурбон бўлмас эдилар.

(давоми бор)