Бир оила фожеаси

Бир оила фожеаси
218 views
25 February 2016 - 4:00

Шу кунларда Қозоғистонга кўчиб келган қизимникида меҳмондаман.
Ҳар тугул, бу жойларда хоҳлаган сайтинга киришинг, хоҳлаган масжидингга бориб намоз ўқишинг мумкин. Ўзбекистонда қўшнинг тугул, ўзингнинг соянгдан ҳам қўрқасан одам.
Бугун одатдагидай “Озодлик” билан танишишдан иш бошладим.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтини очиб, “Ислом Каримов резденцияси олдидаги пикет ҳибсга олиш билан якун топди” деган мақолага кўзим тушди.
Саҳифага кўз югуртирсам, икки ҳуқуқ ҳимоячиси плакат кўтариб, пикетга чиққан сурат акс этган экан.
Бу нарса Қозоғистонда оддий бир ҳол.
Ўзбекистонда эса, бу иш ўз устингдан ўзинг бензин қуйиб, ўзингга ўзинг олов бериш билан баравар.
Албатта, бу икки аёл жасоратига қанча таҳсин ўқилса ҳам оз. Биз, эркаклар золимнинг зулмидан қўрқиб, уйимизга кириб: “Оч қорним, тинч қулоғим” деб ўтирган бир пайтда, уларнинг оғзидан ўт пуркаётган аждарҳо халқумида, миллатни ва унинг келажагини ҳимоя қилишга бел боғлагани… Энди, бу ёғини ёза олмайман. Бизга нима бўляпди, ўзи? Уят эмасми, биз ўзбек эркакларига…
Ҳар сафар келганимда, қозоқларнинг сиёсий онгида катта ўзгаришлар рўй бераётганини кўриб, ҳовлиқиб кетаман. Телевидениясидан туриб, зиёлиларининг айтаётган гап-сўзларига эътибор бермайсизми?
Буларда, бизларникига ўхшаган ясамалик, ёлғон, лаганбардорлик деган нарсалар йўқ. Қозоқлар президент Назарбоевнинг кўзига боқиб туриб ҳам, оқни-оқ, қорани-қора деб, бемалол гапираверадилар.
Афсуски, бизнинг президент билан учрашганда эса, унинг кўнглидагини топиб гапириш лозим бўлади.  Унинг нимани хоҳлаётганини билишнинг ўзи бир машаққат. Чунки, унинг ўзи ҳалигача ҳам нимани хоҳлашини билмайди.
Унинг кўнглидагини тополмасанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Уйингга келмасингдан бурун, эшигинг олдида, сени режим жаллодлари кутиб ўтирган бўлади. Қўлларингга кишан солиб, тўғри, Тоштурмага олиб кетишади.
Сўзларимнинг тасдиғи учун кичик бир тадқиқот ўтказилса, барчаси аён бўлади. Президент Каримов давлат бошига келган 27 йил ичида, кимки у билан учрашиб гаплашган бўлса, ўшаларнинг 70 фоизидан кўпи қамоқга ташланган. 20 фоизи уйида майиб-мажруҳ бўлиб ўтирибди. 10 фоизининг тақдири турли сабабларга кўра ҳар хил якун топган.
Бизда, халқ йўқ. Битта мустабид – президент Ислом Каримов бор. Ҳамма, ўшанинг қотиб қолган фикри билан фикрлайди, кўр кўзи билан атрофга назар солади, том битган қулоғи билан дунёни тинглайди.
Эй, Оллоҳ, биз қанақа кунларга қолдик?!
Мени ҳайратга солган нарса, бу эмас. Бу гапларни бугун ҳамма билади.
Мени ҳайратга солган нарса, пастдаги сурат. Яъни, бировнинг уйида катта холасининг оғилида ўтирган тириқ бузоқдай ялпайиб ўтирган Илёс Мустафаевнинг суратдаги ҳолати.

Илёс Мустафоев - Мирзо Улуғбек туман ИИБ Терроризимга қарши кураш бўлими бошлиғи. Ҳуқуқбон Е. Урлаеванинг квартирасида ҳуқуқ ҳимоячисини асрга олиб, ястаниб ўтирибди.

Илёс Мустафоев – Мирзо Улуғбек туман ИИБ Терроризимга қарши кураш бўлими бошлиғи. Ҳуқуқбон Е. Урлаеванинг квартирасида ҳуқуқ ҳимоячисини асрга олиб, ястаниб ўтирибди.

Мирзо Улуғбек тумани ИИБ Терроризим қарши кураш бўлими бошлиғи бўлиб ишлайдиган бу йигит, асли Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан. Отаси эрта ўлиб, уни азоб-уқубатда етим ўсган бир бола, дейишади.
Мен, бу йигитни марҳум божаси Акрам Одилов туфайли жуда яхши танийман.
Акрам бизнинг самарқандлик Нор Алиев, деган оғайнимиз билан жуда иноқ дўст эди. Нор жуда эрта, 80-йилларнинг бошида Самарқандга кела туриб, автоҳалокат туфайли раҳматлик бўлиб кетди. У дунёдан ўтгандан кейин ҳам, Акрам иккаламиз ҳеч қачон алоқани узмадик.
Мен, нима учун Акрамни ёдга олдим. Сабаби, мана шу божаси Илёс Мустафаев боис, жигаридан хасталаниб ўлиб кетди.
Акрам “Кабелний завод” томонда турарди. Ётиб қолганидан кейин, уни кўришга уйига бордим. У, ўшанда йиғлаб, менга кўп нарсаларни гапириб берди.
У қайинсинглисининг эри бўлган Илёс Мустафаевнинг оқ оғу – героин билан шуғулланганини очиқлаганди. Айтишига кўра, у Акрамнинг оиласини ҳам шу ишга жалб этган экан. Бунинг учун у биринчи бўлиб, Акрамнинг ўзини героинга ўтқазиб, сўнгра ўғли Ферузни тортган. Ҳам ўзи истеъмол қиладиган, ҳам героин сотадиган Феруз отасини менсимай қўйгач, Акрамнинг кўзи очилган. Бироқ, ҳаммасига кеч бўлган.
Акрамга кўра, Илёс Мустафаев, унинг опаси Саломатхоннинг қизларини ва шунга ўхшаш қоракўлликларнинг кўпчиликларини ҳам оғуга ўргатиш асносида, уларга қатор йиллар оғу соттириб келган.
Илёс Мустафоевнинг қоракўллик органда ишлайдиган Шерзод Юсуповга ўхшаган кўплаб ҳамтовоқлари бўлган. Мирзо Улуғбек тумани МХХида ишлайдиган Беҳзод ҳам, унга ҳамтовоқ бўлган.
Унинг Қорасувда ҳовлиси бўлиб, оғу бутун шаҳар бўйлаб, шу ердан тарқатилган. Тарқатувчиларнинг боши Илёс Мустофаевнинг хотини, ҳисоб-китобни ҳам у юритган.
Демак, шунақа экан, унинг фаолиятидан раҳбарларнинг хабари бўлмаслиги мумкин эмас.
Хуллас, оиласи билан наркоманга айланган Акрам, охири жигаридан касалланиб, ўлиб қутулди.
Нима демоқчиман, Ўзбекистонда бутун давлат идораларида, Илёс Мустафаевга ўхшаган минглаган одамлар ўтирибди. Халқнинг, давлатнинг тақдири, Ўзбекистонда мана шунақаларга боғлиқ бўлиб қолди.
Эй, Оллоҳим! Бизларни қандай кунларга қолдирдинг, кимларнинг қўлига бизларни кишанлаб бердинг!!!

Кекса бир ўқитувчи

Таҳририятг келган мактуб