Инсон табиат қонунларининг ҳукми сабаб ҳамиша ўз манфаатларини ўйлайди…

Инсон табиат қонунларининг ҳукми сабаб ҳамиша ўз манфаатларини ўйлайди…
64 views
26 February 2016 - 4:04

164393_originalАбдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(11-қисм)

ФИҚҲ ИЛМИ ВА УСУЛИ

Шуни билиш лозимки, бани Одам маданийут-табъ102дир, яъни азалдан ўз ҳамжинслари билан бир қишлоқ, қасаба ёки шаҳарларда биргаликда жамоат бўлиб яшашга мажбурдир. Аксар махлуқларга ўхшаб тоғ ва чўлларда ёлғиз яшаб юриш инсон табиатига зиддир. Кўп махлуқпар ўзаро ёрдам ва мададга эҳтиёж сезмайдилар. Ҳар қайси махлуқ танҳо ўзи овқатини ёки ётиш жойини топа олади. Мисол учун қушларнинг энг кичиги ва заифи чумчуқни кўз олдингизга келтиринг. Бу ҳақир жонивор кичкина тирноқлари ва заиф қанотлари билан бир умр ўз ҳаётини бировнинг ёрдамисиз ўтказади.

Лекин биз одамлар уларга нисбатан ҳар қадамда бошқаларнинг мададларига муҳтожмиз. Масалан, дастурхонимиз устида турган мана шу нону чойни олиб кўринг-а: бировнинг ёрдамисиз шуларга эга бўламизми? Ёки булар осмондан тушганми? Асло бундай эмас!

Балки фалон тожир бир жойдан темир олиб келган, бир темирчи уни сотиб олиб, тер тўкиб омочу қўш ясаган, бошқа биров ҳўкиз ва омочни олган, бир неча киши кеча-кундуз меҳнат қилиб уруғни ерга сепган, вақт ўтгач, деҳқон буғдойни ўриб, хирмон қилиб, минг заҳмат билан буғдойни майдалаб ун қилган, бозорга олиб чиқиб сотган, биров сотиб олиб сўнг фалон нонвойга сотган. Нонвой кўкрагини оловга бериб нон қилиб сотганда сиз уни олиб келгансиз… Энди сизнинг бир луқма нонингиз учун қанча ҳамжинсларингиз саргардон бўлганлигини тушунгандирсиз?! Агар бошқаларнинг ёрдами бўлмаса, шу нонни қаердан олар эдингиз? Биргина нон эмас, балки кийим-кечак, оилангизнинг бошқа эҳтиёжларини ҳам олиб кўринг-а. Қанча одамнинг меҳнати бир нарса учун сарф бўлган! Шуларни эътиборга олиб айтамизки, одамлар табиатан жамият бўлиб яшашга мажбурлар. Барча мамлакатлар, миллатлар, ҳукуматлар шу табиий қонун натижасида майдонга келгандир. Одамлар мамлакат ва шаҳарларда жамоат бўлиб яшаганларидан сўнг қавму жамоаларга бўлиниб кетдилар. Бу қавмларнинг аъзолари бир-бирлари билан муайян муносабат ва муомалада бўладилар. Масалан, мен сиздан фалон миқдорда қарз олганман, сиз молингизни фалон миқдорга сотасиз ва ҳоказо… шундай бўлиши ҳам мумкинки, бу муносабат ва муомала мобайнида бизлар бир-бирларимизга жаҳл қилиб, урушиб ва ҳатто ўлдиришдан ҳам тоймаслигимиз мумкин.

Мошоллоҳ! Бир мамлакат ичида шундай тартибсизлик жорий бўлса, шубҳасиз, бу жамият тарқоқ ҳолга келади ва миллат инқирозга учрайди. Бас, аҳоли ўртасидаги муносабат ва муомалаларни тартибга соладиган қонунлар лозим, токи ўртамизда тушунмовчилик пайдо бўлиб, жамиятимиз паришон бўлмасин. Қуръони каримнинг баъзи ҳукмлари ва Наби (с.а.в.) ҳадислари одамларнинг ўзаро муносабат ва муомалаларини тартибга соладилар. Бунинг мажмуасини «муомалот»103 дейдилар.

Инсон табиат қонунларининг ҳукми сабаб ҳамиша ўз манфаатларини ўйлайди. Манфаатни таъминлаш учун ҳаракат қилади. Инсофли ва иқтидорли одамлар ўз манфаатларини шаръий (қонуний) йўл билан таъминлашни хоҳлайдилар. Аммо шундайлар ҳам борки, манфаатларини тўғри йўл билан эмас, балки жаҳл, ўғрилик ва ношаръий воситалар билан амалга ошириб, ахлоққа зид ишлар билан машғул бўладилар. Қайси қавм ичида шундай одамлар кўп бўлса, бундай қавм ҳалокатга маҳкумдир. Шундай экан, бундай ишлардан бизни манъ қилмоқ учун қонун лозимдир.

Қуръони каримнинг баъзи оятлари ва ҳадислар шундай ношаръий муносабатларни манъ қилиб, гуноҳкорларга жазо белгилайди. Буни олимлар истилоҳан «Уқубот»104 дейдилар.

Маълумки, одамзотнинг умри чегараланган, ҳамма бирин-кетин ўзини ажал панжасига топширади. Шу тариқа милйўн-милйўн одам ҳар йили ўлимга дуч келади. Одамзот шу талафот ўрнини тўлдирмаса, ерда одамдан насл қолмас эди. Ҳазрати Парвардигори ҳаким бу талафотни таваллуд қонуни билан тартибга солади. Одамлар таваллул ва таносул105 соясида абадий инқироздан сақланадилар. Улар ўртасидаги эр-хотинлик муносабатлари шу ҳикмат асосида жорий бўлгандир. Бироқ бу иш ўз ихтиёрларида қолсалар, ўзларининг нафсоний ҳислари боис фасод ва паришонликда қолиб кетадилар. Шунинг учун ҳам одамлар ўртасида муборак никоҳнинг фойдалари жорий бўлган. Никоҳ ҳақида нозил бўлган Қуръони каримнинг баъзи оятлари ва баъзи ҳадиси шарифлар шариат ҳукмларининг «Манкуҳот»106 мажмуасини ташкил қилади.

Одамлар ибтидодан бугунги кунгача бир муқаддас ғайбий кучга ибодат қилиб келганлар. Башарият жамиятида ибодатнинг кўп фойдалари мавжуд: ҳақиқий ибодат руҳга таскин беради. Ибодат ахлоқни муҳофаза қилади. Ибодат оламни низомга киритиш учун мадад беради ва башарият жамиятида унинг мавқеи жуда баланддир, лекин ҳар бир қавмнинг ўзига хос ибодати ва ҳукмлари мавжуд. Ибодатимизнинг шакли ва ҳукмларини тартибга соладиган оят ва ҳадислар «Ибодат» мажмуасини ташкил қилади. Аҳли ислом саҳобалар ва тобеъинлар даврида бу тўрт қонунларни (муомалот, уқубот, манокаҳот ва ибодатни) Қуръони карим оятлари ва Наби (с.а.в.) ҳадисларидан келиб чиқиб тузган эдилар, лекин шу хусусда алоҳида китоблари йўқ эди.

Вақт ўтиши билан аҳли исломнинг ижтимоий аҳволи ўзгариб кетди, олимлар замон эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарур бўлган ҳукмларни, Қуръон ва ҳадиси шарифдан қиёс107 ва ижмо108 усулини ишлатиб китоблар ёздилар, натижада фиқҳ илми юзага келди. Мусулмонлар турли хил тушунмовчиликларга дуч келмасинлар деб, уламолар ҳукм чиқариш йўлини кўрсатиши учун фиқҳ илми усулини ҳам кашф қилдилар. Бу илмда биринчи бўлиб қалам юргизган олим Имом Шофеий109 бўлади. Мазкур имом фиқҳ илмига оид китобининг муқаддимасида фиқҳ усули қоидаларини зикр этиб ўтган.

Бора-бора фақиҳлар бу илмни ривожлантириб, мустақил бир илм шаклига келтирдилар. Ҳанафия110 ва Шофеия мазҳаби111 фақиҳлари бир-бирларига муқобил асарлар яратдилар. Шундан маълумки, уламолар фиқҳ илмини замона тақозоси билан тартиб берганлар.

Жамиятда ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни билиб муҳофаза қилмоғимиз, ибодатимизнинг қоидалари ва тартиботини билмоқ учун фиқҳ илмига муҳтожмиз. Фиқҳ илмини билмоқчи бўлган одам фиқҳ усулини ҳам яхши ўрганмоғи зарур. Зеро, фиқҳ ҳукмларини, фиқҳ усулу қоидаларини ўрганмасдан туриб татбиқ этиш — бу кўр-кўрона тақлиддан бошқа нарса эмас.

(давоми бор)

102.Маданийут-табъ — жамоа бўлиб яшашга одатланиш, шаҳар тартиботи.
103.Муомалот — муомалалар, алоқа ўрнатиш.
104.Уқубот — азоб бериш, жазо.
105.Таваллул ва таносул — туғилган ҳолида наслан қандай бўлса, шундай қоладилар.
106.Манкуҳот – манкуҳ нарсалар.
107.Қиёс — ҳадисларнинг саҳиҳлигини аниқлаш усулларидан бири.
108.Ижмо — фиқҳ усули.
109.Имом Шофеий — Имом Абу Муҳаммад бин Идрис (767—820 йй. яшаган). Фақиҳ ва муҳаддис. Шофеия мазҳабининг асосчиси (тарж.).
110.Ҳанафия ан-Нўъмон бин Собит ал-Имом Аъзам (699—767 йй. яшаган). Фақиҳ ва муҳаддис. Ҳанафия мазҳабининг асосчиси (тарж.).
111.Шофеия мазҳаби — Имом Шофеий издошлари.