Кўрқоқлар кўп яхшиликлардан қуруқ қоладилар…

Кўрқоқлар кўп яхшиликлардан қуруқ қоладилар…
156 views
26 February 2016 - 5:11

fergansky_kanalАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 13

(давоми)

Эшитишимча, Калинин 1922-1925 йиллари бу Ўзбекистон-Туркистон ўлкасида ўзлари тилагандай бажарилган бутун ишларни якунлаб Масковга қайтиб боргач, уни йигирма мингдан ортиқ одам қарши олиб, кутиб чиқмишдир. Шу чоғда уларга қаратиб Калининнинг биринчи айтган сўзи: «Ўртоқлар! Боғ-бўстонга ўралган, ноз-неъматга тўлган Ўзбекистондан партиямиз сизлар учун, бутун рус халқи учун олий жойлар тайёрлади. Биринчи сизларни шу билан табриклайман», — демишдир. Ҳозирги тарихдан қирқ неча йиллар илгари айтилган унинг бу совуқ сўзи айтилганча қолмай, балки кун сайин амалга ошаётганликдан, у кунларда 10% га етмаган русларнинг сони шу кунларда тездан ошиб бораётгани кўз олдимизда турибди.

Энди бошдан-оёқ бу каби фожиалик тарихий сўзларни ёзишимдан кўзлаган менинг тубги мақсадим эса қуруқ достончилик эмас, балки бутун инсоний ҳуқуқларидан маҳрум этилган, ўз Ватанида туриб ғариб бўлган Туркистон халқини, айниқса, ҳозирги ва келажакдаги Ватан ёшларини огоҳлантириб, ўлим уйқусидан уйғотишдир. Кўнглимдаги мунглик қайғуларимни қалам тумшуғидан тўкиб ёзган бу китобимни ўқувчи ва ҳам эшитувчи ватанпарвар, миллатсевар қаҳрамон болаларимизга менинг топшириғим шулки, тилим учидан эмас, дардлик дилим ичидан чиқариб ёзган ёлқинлик сўзларимни фақат уқибгина ўтмасдан ҳар бир сўзини текшириб, унинг устида фикр юритсинлар. Инсоният тараққиёти эмас, маданият тараққиёти бўлмиш XX асримиздаги инсонлар миллий, ватаний, диний ҳуқуқларини сақлаш учун қайси нарсаларни қўлга келтириши зарур эканлигини яхши тушуниб, унинг чорасига киришсинлар.

Хақиқатда эса, эрклик Ватан ҳокимияти ўз қўлимизда бўлмагач, бошқалар фойдасига бутун ҳуқуқларимиз оёқ остига тушиб депсалмоқда. Лекин ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучлик қуроли ҳисобланган илм-ҳунар, маориф эшиклари ҳозирги кунда инсон олами юзига бутунлай очиқдур. Шу сабабдан тушунган Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий ҳар илм-ҳунарни асоси билан яхши тушуниб, имконият борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдур. Чунки, «Иш — билганники, қилич — урганники» деган ҳикматли оталар сўзини амалга оширар эканлар, албатта, Ватан аҳллари, айниқса, замонавий ўқишиб етишган ўғил-қизларимиз ўз ишларини бажариб, муносиб ўринларига эга бўла оладилар.

Агар қўлида шароит бўла туриб, бир қонуний мамлакатда ўз қонуний ҳаққига эга бўлолмаганлар кишилик шарафидан ажраган, инсоният ҳаққини танимаган, одам суратлик ҳайвонлардир. Чунки шароити топилса ҳам, ўз ҳаққига етолмаслик эса ожизлик устига ишга ярамаслик демакдир. Бундай одамларни ўтган донишмандлар мисол келтириб, оғзидаги нонини итга олдирган, қўл-оёғи соғ, қуроллик кишига ўхшатадилар.

Мана шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тубандаги уч нарсадан бек сақланишга буюрмишдир:

  1. Ожизлик,
  2. Қўрқоқлик,
  3. Дангасалик-ҳўринлик.

Шароити бўла туриб, ўз ҳаққига эга бўла олмаган кишини арабчада «ожиз» дейилади. Киши нима нарсадан қўрқса, шу нарса қўрқувчи бошига бало бўлиб, анинг олдида мағлубиятга учрайди. Кўрқоқлар кўп яхшиликлардан қуруқ қоладилар.

Дангасалик-ҳўринлик — бу эса ишчанликка қарши бўлиб, ҳаёт оламида инсонлар учун энг зиёнлик ёмон сифатлардандир. Шунинг учун пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тани соғ бекорчи, дангаса одамлардан Худо безор», — дедилар. Яна пайғамбаримиз айтишларича, ҳар бир ақли бор одамлар ўз ҳолатларини текшириб туришлари, ўз замонасига тўлиқ, яхши тушунишлари, албатта, лозимдир.

Биз, Ўзбекистон халқи, ҳақиқатда шу ватан аҳлларимиз. Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота-боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар, шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Ўзбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир.

Демак, бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон — Туркистон бизнинг ўз она ватанимиздир.

Энди юқоридаги сўзга кўра биз ўзбеклар шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, тақдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғи-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз, боз устига мол-дунёмиз, ахлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк-ихтиёримизни мажбурий равишда қўлимиздан кимлар тортиб олди?

Ўзбекистон, айниқса Қиргизистон, Қозогистон ўлкаларида ўз аҳлларидан неча баробар босқинчилар кўпайиб, бутун ерларимиз руслаштирилди. Бошқаларга кўз бўёв учун қоғоз устида «Ўзбекистон», «Фалонистон» деган номлар бериб, иш устида Масков томонидан тайинланган бир қанча Ватан хоинлари, амалпараст, виждонсиз, маслаксиз одамларни ерлик халқлар номидан қўйган бўлиб, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ишларни ўз қўлларида тутмоқдалар. Халқимиз ўз меҳнатлари билан топган иқтисодий бойликларни ва Ватанимиздаги табиий бойликларни уятсизликларча таламоқда.

Ҳозир йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида бутун дунё бўйича мустамлакачилик даври йўқолиш олдида туришига қарамай, биз Туркистон халқи совет босқинчиларининг ажойиб бир мустамлакачилик даврида турибмиз, ҳатто халқимиз руслаштирилиб, йўқолиб кетиш хавфи бор. Бизлар бутун ҳуқуқларимиздан ажраган ҳолда, боғ-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимиз, ота мероси ҳалол молларимиз кўз олдимизда, бақрайтиб туриб, босқинчи душманларимизга бўлиб берилмоқдадир. Унумлик Ватанларидан неча миллион тонналаб «оқ олтин» — пахта чиқариб бераётган бахтсиз деҳқонларимизнинг хўжаликлари бўлгунликка тушиб, шу кунлари қандай оғирчиликлар билан кун кечирадилар.

Ўз эли, ўз ерида ғариб бўлган бу бечораларга ғамхўрлик қилувчилар, буларни қайғуриб эскарувчилар борми? Бу уятсизлар «Итингни оч сақла, ортингдан эргашсин», деган мақолни тилга келтирмасалар ҳам амалга оширдилар. Ҳақиқатда Ватан қадрини билмаган ҳозирги (1960 йиллардаги) Ўзбекистон ҳукумати бошлиқлари каби бир неча мансабпараст, очкўз кишиларни орқага эргаштириб, шулар орқали ўз мақсадларини бажармоқдалар. Зилзила баҳонаси билан (1966 йил 26 апрел Тошкент зилзиласи) бизга ёрдам етказмоқчи бўлиб сел каби қоплаб келаётган босқинчилар кимлар ҳисобига яйрашиб, кимларнинг Ватанига эга бўлдилар? Ерлик халқларни шаҳардан четга ҳайдаб, буларнинг жойларига неча қаватлаган иморатлар солиниб, бу иморатларга бутунлай русзабонларни кўчириб келдилар. Уйидан ажраган бечора ерлик халқ ёш болалари билан кўчаларда дийдираб юриб, арангина бир ошёна солиш имконига эга бўлдилар.

Мана бу фожиаларга умумий Ватан аҳллари — ўзбек халқимиз, айниқса янги ҳаёт эгалари, замонавий ўқимишлик Ватан болаларимиз, сиёсатшунос ватанпарвар, замонавий буюк олимларимиз аҳамият бериб қаттиқ қайғуришлари, албатта, лозимдир. Чунки бир миллатнинг Ватанига тушган офатлар эса у миллатнинг жасадларига ёпишган вабо микроблари кабидир. Агар унга қарши чора кўрилмас экан, кўп узоқламаёқ ҳаёт оламидан оти ўчирилиб, у миллат туб томири билан юлиниб ташланади. Ҳозирда эса бизга қарши қўйилган босқинчилар кучи бошланғич даврга қараганда юз баробар ошганликдан, биз Ватан аҳллари улар олдида тоғ остида қолган чигирткачалик ҳам кучга эга эмасдурмиз.

Лекин бунга қарши тоғларни ағдаргудек кучга эга бўлган уларнинг душманлари эса пайт пойлаб қаршиларида қараб турибдилар. Энди бизга буларнинг темир чангалларидан қутулиш учун замонавий илм-ҳунарларни қўлга келтириб, вақт кутиб тайёргарлик кўришдан бошқа чора мумкин эмасдир.

Байт:

Сабр қил, боғлар замон душман қўлин орқасига,
Вақтин ўтказма ўшанда, душманни ур бошига.

Чунки бир давлатнинг қурилиши учун мисоли бир завод биносининг қурилиши каби шунга етарлик ҳар хил асбоб-ускуналар тайёрлаш, албатта, лозимдир. Унга кераклик яроқ жабдуқлар, қурувчи уста-ишчилар, бошқарувчи ўткир кўзлик муҳандислар ҳозирланган сўнггида вақти етиб шароити келар экан, давлат биноси шаксиз қурилади демакдир. Энди бу мақсадни қўлга келтиришга замонавий илм-ҳунарни тўлиқ равишда ўзлаштириб, тарихий анъаналаримиздан ажрамасдан диний руҳимиз, миллий ҳиссимизни қўлдан бермаслигимиз энг биринчи шартдир.

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Акамиз бошлиқ қариндош-уруғлар билан кўришиб, замона аҳволи билан танишганимиздан сўнгра, ўз жойимиз Болосоғун-Тўқмоқ шаҳрига қайтмоқчи бўлдик. Келган йўлимиз тоғ сафарининг хатарларидан сақланиб, поезд билан Тошкент орқали кетмоқчи бўлсак ҳам, у кунлардаги тартибсизликлар сабабли бир ҳафта, ўн кунлаб поезд билети ололмай юрган кишиларни кўргач, яна тоғ йўли билан қайтишга тўхталдик. Қайтиш кунларимизда босмачилар жойлашган қишлоқларни оралаб ўтишга тўғри келганликдан отларимиздан ажралиб қолиш қўрқуви бўлса ҳам, хатарли жойлардан саломат ўтиб, тоғ ичига кирдик. Кетман довонидан ўтиб, йўл ўрталаниб қолгач, қарасак, босмачилар сабабли ўткинчиларни текшириш учун йўл бўйига соқчи аскарлар қўйилмиш экан. Уларга учрашишлик ҳам, учрашмаслик ҳам хатардан холи бўлмаганликдан, душман юзини кўрмасликни ортиқроқ кўриб, йўл чалғитиб қутулиб кетдик. Улар бизни қандай қилиб кўзларидан йўқотиб қўйганликларини ўзлари ҳам билмай қолдилар. Улар кўзидан узаб олгач, ўй-қирлик далалари кўп тоғ орасидан тизгин тортмай чопганимизча, кенг бир текис яйловга чикдик.

Тун қоронғуси эмас, тўлиқ ойдин кечаси бўлганликдан, йироқдан бизга қарши келаётган бир тўп отлиқ кишиларнинг қораси кўринди. Олдимда от тосқоғи (елиши) билан кетаётган йўлдошим Ибилохун қандай қиламиз дегандай қилчайиб (безовталаниб) менга қарай бергач: «Шу юришингни бузма, йўлдан чиқмай, шу чопғанингча юрабер», дедим. Орамиз бир-икки чақиримча қолган эдиким, биз тортинмай тўғри келаётганимиздан чўчишган бўлишлари керак, тўғри йўлдан тоғ томонга бурилишиб, кўзимиздан ғойиб бўлдилар. Буларнинг биздан қочқанига қараганда, улар Қирғизистондан Ўзбекистонга ёширинча қатновчи савдогарлар деб ўйладик. Шу билан орада бир қўниб, Қалмоқошув орқали Мерки шаҳрига тушиб, ундан уч қўниб Тўқмоққа етдик. Бу сафаримизнинг бориш-келиши яқин бир ой чамали бўлмиш эди.

(давоми бор)