Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
38 views
27 February 2016 - 3:00

IKA(7-бўлим)

Умуман олганда, намойиш мувафаққиятли ўтди. Бу ўзбек мухолифати учун мисли кўрилмаган бир ғалаба эди.

Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагидан ҳаракатга аъзо бўлиш учун гурос-гурос кела бошлаган одамлар оқими, “Бирлик”нинг бир хонали штаби тугул, Ёзувчилар уюшмаси теварак атрофидаги қаҳвахоналарни ҳам қамраб ола бошлади.

“Сквер” деб аталадиган хиёбон мухолифатчиларнинг норасмий “баҳс-мунозара” клубига айланди.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси остидаги ярим очиқ қаҳвахонада шаҳардаги ҳар турли жиноятлар орқасидан келадиган пуллар ҳисоб-китобини чамалаб ўтирадиган “Армани мафияси”нинг ҳам, шу туфайли пайтавасига қурт тушди.

Умуман, “Тошкент” меҳмонхонаси ва “Зарафшон” ресторани норасмий жиҳатдан армани мафиясининг қароргоҳи эди. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Аброр Зуфарович Усмонов ҳам, ўша замонларда арманилар хизматида бел боғлаб, қўл қовуштириб турарди.

Арманилардан иборат уч-тўрт киши эрталаб иш бошланиши билан келиб, меҳмонхона остида ерлашган қаҳвахонада, ўзлариники қилиб олган битта столни ҳар куни банд қилардилар. Уларга яқин бориш нари турсин, ўша томонга қайрилиб қарашга бировнинг юраги бетламас эди.

Шаҳарда бўлаётган ҳар қанақа муаммоли ишлар хабари, мана шу жойга етиб келарди. Лозим деб топилганлари ими-жимида аниқлаштирилиб, югурдаклар маълумотларни қайси бир хилват гўшада оёқ чўзиб ўтирган “босс”га етказарди. “Босс” ҳам ўзи маъқул кўрган муаммолар ечим топиши учун хабарларни югурдаклари орқали давлатнинг юқори-қуйи поғоналарида ўтирган ҳамтовоқларига чиқартириб юборарди.

Мустақиллик йилларида “Бой”(Салим) билан “Граф”(Гафур) бошқарган жиноят тизимини Совет даврида арманилар бошқариб келган эдилар.

Бу арманиларнинг аксари “Қўқон мухторияти” даврида Қўқон аҳолисини оммавий қирғин қилган, ўзбек зиёлиларини зиндонларда қийноқга солиб, кафансиз кўмган армани дашноқларининг авлодлари эдилар. Улар олтмиш йилга яқин Ўзбекистонда хоҳлаган ишини хоҳлагандай амалга ошириб келар, ҳалигача бу маконларда уларнинг олдини кесиб ўтган кимса йўқ эди.

Бир вақтнинг ўзида, махфий хизматлар билан ҳамкорлиги, уларнинг ҳар қанақа яхши-ёмон амалга оширадиган ишларига дастак берарди.

Ўз номи билан айтганда, “Бой” билан “Граф” маънавий жиҳатдан, ана ўша дашноқ каллакесарларининг югурдаги эди.

Коммунистик ғоя тириклигини таъминлашга уринган Каримов эса ҳар доим босқинчи руслар мақомида бўлиб турди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги тузум эски ҳаётнинг бузуқ бир кўриниши эди холос. Каримов мафияни  ўз қўлига олиш учун Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматов воситасида арманиларнинг ўрнини “Бой” билан “Граф”га бўшатиб берди… zakir_almatov

“Бой” биринчи намойиш ўтиши биланоқ Муҳаммад Солиҳга ҳамкорлик қилиш учун элчилар қўйди. Муҳаммад Солиҳ рози бўлса, у катта миқдорда ёрдам сифатида пул беришга тайёр эди.

Муҳаммад Солиҳ, бу таклифни ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад қилгани овозаси тарқалди.

Орқасидан бирга ишлаш таклифи билан “Граф” Муҳаммад Солиҳга хабарчи жўнатди.

Муҳаммад Солиҳ бу таклифни ҳам  қабул  қилмади.

Буни менга барчасига бевосита гувоҳ бўлган журналист дўстимнинг шахсан ўзи айтиб берган.

Аҳмад Аъзам ва Усмон Азим Муҳаммад Солиҳнинг бу “кераксиз ўжарлиги”дан норози бўлиб, бир неча кун пана-пастқамда бир-бирлари билан пичир-пичир қилиб, ғижиниб юрдилар.

Ҳатто Зоҳир Аъламнинг ҳам  “бунақа имкониятдан фойдаланиш керак, эртага ким бор, ким йўқ”, деганига мен ўзим шоҳидман.

Ўшанда, ўзим ҳам Зоҳир Аълам каби ўйлардим.

Сафар Бекжон эрталаб: “Озодликка эришиш учун зарур бўлса шайтон билан ҳам ҳамкорлик қилиш керак” деса, кечқурунга бориб, “фақат улар билан бир товоқдан овқат ейилса бошқа ишларда ҳам бирга бўлишга тўғри келади” деб турарди.

Абдираҳим Пўлатов тарозининг бошига қарарди. Мақсади ўзига аён бўлгач, қайси бир фикр қабул қилинадиган бўлса, у ўшанисини қўллаб кетаверишга ҳозир эди. Унга дарёнинг у юзи ҳам, бу юзи ҳам бир эди. Қайси қирғоққа оёқ тиркаб бўлса ҳам, тепага чиқиб олса бўлгани эди.

Муҳаммад Солиҳ: “Ҳеч қачон биз жиноят олами билан тил бириктира олмаймиз. Бизнинг мақсадларимиз билан уларнинг мақсади тамоман бир-бирига зид” деб, сўзида қаътий туриб олгач, бу масала ўз-ўзидан кун тартибидан тушиб қолди.

Албатта, бу воқеа Муҳаммад Солиҳга яқин кўрилган ўн-ўн беш киши орасида мухокам этилди, кенг омма бундан бехабар эди.

Муҳаммад Солиҳнинг “Граф” билан “Дархон”даги қаҳвахонада илк марта юзма-юз учрашганидан ҳам хабарим бор. G'ofur

…Юқорида эслатганим журналист дўстимиз, Муҳаммад Солиҳни “Дархон”га ошга таклиф қилади. Уларни спортчи қадди-қоматига эга бир кимса кутиб олади.

Улар ўтириши билан палов олиб келишади. Ортиқча мулозаматни суймайдиган Муҳаммад Солиҳ паловга қўл чўзади.

“Бу киши фалонча” дея, унга меҳмонни таништиришади.

“Э, сиз фалонча бўлсангиз, “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги армани мафиясини ҳайдаб юборинг, қачонгача улар юртимизга эгалик қиладилар?”, дейди Муҳаммад Солиҳ.

“Граф” “Хўп, бўлади” деб жавоб беради.

Икки орада ортиқ арзирли гап бўлмайди. Одатига кўра, қисиниб-қимтинмай, еб-ичиб, ош учун “раҳмат” айтиб хайрлашади Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ бунақа учрашув бўлишини кутмаган эди.

Исми-шарифини очиқлай олмаётган журналист дўстимиз, ўзича шу йўл билан ҳаракатга “бир яхшилик” қилмоқчи бўлади.

Кўчага чиққач, Муҳаммад Солиҳ унга ўзини қайтиб ҳеч қачон бунақа жойларга олиб келмаслигини илтимос қилади.

У ўшанда, “Бой” билан “Граф”нинг ҳам ўша арманиларга тегишли одамлар сирасидан эканлигини билмайди.

Билганда ҳам, ҳеч бир нарса ўзгармасди. Унинг учун уюшган жиноятчилар – жамият учун оддий зараркунанда эди.

Албатта, “Бой” ва “Граф”нинг ўзлари кўзлаган мақсадга президент Каримов туфайли, тўлиқ эришганини тан олмасликнинг иложи йўқ.

Ўзбекистондаги яҳудийлар ячейкасидан етишиб чиққан, бир умр рус разведкаси фойдасига ишлаган Каримовнинг ҳам, ўшанда “бой” ва “граф” билан иттифоқ бўлишдан бошқа йўли бўлмаганлигини бугун кўпчилик яхши билади. salim

Матбуот саҳифаларида тез-тез ёритилаётган Литвиненко ўлими билан боғлиқ масалаларда, Каримовнинг очилмаган, ҳамда кўз кўриб қулоқ эшитмаган кўп жиноятларига калит бор.

“Граф”нинг Тузел қўналғасидан дунёнинг турли бурчакларига учоқларда узлуксиз қорадори ва героин жўнатганини, уни президент Каримов ва Ички ишлар вазири Алиматов қўллаб-қувватлаб турганини, Тошкент чойхоналарида эшитмаган одамнинг ўзи йўқ эди.

Дунёбехабар ўзбеклар учун оддий туюлган бу маълутмотлар, ҳали энди жаҳон матбуоти саҳифаларида очиқлана бошлади.

Яна, 90-йилларда юксак лавозимларга тайинланган аксар кадрлар “Граф”нинг “суҳбати”дан ўтсагина Каримов “суҳбати”га кирарди.

Каримовнинг “суҳбати”дан мувафаққиятли ўтган шахс яна “Граф”ҳузурига қайтиб, садоқати рамзи сифатида, унинг қўлини ўпиб, қаршисида бошини хам қилиб турар, ҳеч қачон кулмайдиган “Граф”, уни жеркиб-жеркиб,(понятка) панд-насиҳатлар қиларди.

“Граф” давлат ишларида ишлайдиган кўпчилик кимсаларни фаҳм-фаросатсиз, сотқин, хоин деб билар, “кўча”ни устун қўйгани учун, уларга йигитларини намуна қилиб кўрсатарди.

Ҳар ҳолда, унинг хизматидаги йигитлар бизларга шу кабиларни сўйлардилар…

Биз, бу воқеа-ҳодисаларни бошқаларга ўхшаб, чойхонада эшитмаганмиз. Шахсан, “Граф”нинг ёнида кеча-кундуз юрадиган йигитларнинг оғзидан эшитганмиз.

Россия президенти Путин билан Ислом Каримовни “Граф”нинг наркотрафиги боғлаб турганини эшитганимизда, “барчаси чўпчак” деб ишонмаганмиз. Аммо энди бу “афсона”лар ҳақиқатга айлана бошлади.

Демак, Россияда ишлаётган милёнлаб ўзбек муҳожирлари тақдири ҳам, наркобандалар ва икки давлат юқори мулозимлари ўртасидаги жиноий муносабатлар билан ўлчанган. Каримовнинг Ўзбекистонда завод-фабрикаларни буздириб, иш ўринларини яратмаганининг ҳам сабаблари, бориб Путинга – икки ўртадаги шахсий муносабатларга боғланади.

Путин Каримовни Андижон фожеаларида бекордан-бекор қўлламаган.

Ҳали, биз билмаган кўп гаплар бор. Сирлар, энди очиляпти…

Барчасидан келиб чиқадиган хулоса эса, битта. Ўзбек миллати – Каримов томонидан қиморга тикилган. Тамом, вассалом!

Муҳаммад Солиҳнинг ҳеч қачон шубҳали шахслар билан нима учун алоқага киришмаслиги энди аён бўла бошлаяпди.

Мен уни улуғламоқчи эмасман. Бунга, биринчи навбатда, унинг ўзи қарши.

Унинг фарқли жиҳати; у кўнгил кишиси, кўнгли буюрганни қилади. Ҳаром билан ҳалолнинг фарқига боради.

Албатта, бизларнинг ҳам кўпчилигимиз ҳаром билан ҳалолнинг фарқига борамиз. Ўртамиздаги тафовут; у билганига оғишмай амал қилади, биз аралаштирамиз.

Бошқа ҳеч қандай фарқ йўқ.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон