Офтоб чўкиб, бутун оламни тун зулмати қоплайди

Офтоб чўкиб, бутун оламни тун зулмати қоплайди
80 views
29 February 2016 - 3:00

510Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(12-қисм)

КАЛОМ ИЛМИ

Бу дунёда кўз олдимиздан ўтиб турадиган жамики ҳодисалар, коинотдаги рўй бераётган ғаройиботлар томошаси бизни чуқур ўй-фикрларга солмаслиги мумкин эмас. Офтоб чўкиб, бутун оламни тун зулмати қоплайди, ой чиқиб заминга табассумини таратиб, латиф бир манзара ҳосил қилади. Баҳор келиб, атроф келинлик либосига бурканиб, сабза-гул ҳид таратади. Қиш етиб келадию буларнинг барчасини супуриб ташлаб, қор кўрпасини ёпади. Инсон ўзига ато қилинган илоҳий неъмат бўлган ақли билан буларни томоша қилишгагина қаноатланмай, балки ушбу ҳодисаларнинг сабабини таҳлил қилиб, қатъий қарорга келадики, буларнинг бари бесабаб эмас, балки коинотнинг устози, бирор-бир Холиқи мавжуддир?! Бу оламнинг яратгувчилик ва коинот устози ким ва унинг жойи қаерда? Шу саволга жавоб беришга инсоннинг ақли ожиз қолиб, одамларнинг баъзи гуруҳлари хатодан ўзларини махлуқпарастликка, одампарастликка, оташпарастликка солдилар. Қуръони карим баёнотининг бир қисми шу фикримизни дафъ қилиб, Вожиб таоло112 ва унинг сифатларини бизга баён қилиб беради: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз. У зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, дея мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг. Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръони каримдан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўй бўлсангиз»113.

«Кофирлар гумон қиладиларки, Аллоҳнинг фарзанди бор деб. Унинг фарзанди ҳам, шериги ҳам йўқдир, агар шериги бўлганда, уларнинг ҳар қайсиси ўзи яратган махлуқотлар хайринигина ўйлаб бир-бири билан жанг қилар, бири ғолиб келардию, олам вайрон бўларди»114.

Қуръони карим шу икки оят билан Вожиб таолонинг мавжудлиги ва ягоналиги, шериги йўқлиги тўғрисида таълим бериб, бу оятлар орқали Худованднинг Ҳай(боқий)лиги, Олимлиги, Эшитувчи ва Кўрувчи, Қодир ва Муридлигини бизга тушунтириб беради. Аммо шу ўринда Қуръон ҳукмларини Аллоҳ Расули орқали нозил қилган экан, биз, аввало, ҳазрати Пайғамбарнинг набилигига ва Қуръони каримнинг ҳақлигига иймон келтирган бўлишимиз шарт. Бу икки матлабни Қуръони карим қуйидаги оятлар билан исбот қилади: «Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) муфассал китобдир». Ёки «уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг (эй Муҳаммад): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб, шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!»115

Яна бир андиша ҳам борки, башарият доимо шу фикр билан машғулдир; одам ўзининг умри давомида ажал панжасига учраган дўстлари ва яқинларини кўп кўради ва ўзининг ҳам бир куни шунга гирифтор бўлишини тушунади. Сўнг ночор фикр қиладики, кетганлар қаерга кетадилар? Биз ҳам борсак қаерга борамиз? Бечора одам ана шу матлабни тушунишдан фикри ва ақдини тамоман ожиз топади!

Ҳазрати вожибул-вужуднинг ўзи бу саволга ҳам самовий Китоби орқали жавоб бериб, бизни ҳайрат ва баҳсдан халос қилади: «Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган муддатда ўлади. Ким дунё савобини истаса, унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким охират савобини истаса, унгада истаган нарсасини берурмиз. Ва шукур қилғувчиларни муносиб мукофотлаймиз»116.

«Улар айтадиларки, бизни ўлгандан кейин ким ҳам тирилтира оларди? Айт, эй Муҳаммад, сизни йўқдан бор қилиб яратган Зот», — деб117.

Шу Қуръоний ҳукмлар мажмуасини «ислом ақойидлари» деб атайдилар. Буларни билиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Аҳли ислом асри саодатда Ақойиддан Қуръони карим ва Пайғамбардан таълим олардилар. Рисолат паноҳдан сўнг мазкур ҳукмларни саҳоба олимлар Пайғамбардан қай тарзда таълим олган бўлсалар, шундай қилиб бошқаларга ўргатардилар. Ушбу таълим силсиласи то тобеъинлар даврларигача шу хилда эди. Ҳижрий 100 санага ҳам етмасдан мўътазилийлар118 жамоаси пайдо бўлди ва эътиқод масъалаларини юнонларнинг фалсафий қарашлари билан аралаштириб аср олимлари билан баъзи масъалаларда ихтилоф чиқардилар. Ҳатто ораларида қаттиқ баҳслар ҳам бўлиб ўтди, натижада эса мўътазилийлар ғолиб чиқдилар.

Айтадиларки, эътизолия мазҳабининг асосчиси ва соҳиби Восил ибн Аъто119 деб, лекин бу ривоят саҳиҳ эмас. Бу мазҳабнинг ваъзхони, асосчиси имом Абуҳошим Абдуллоҳ ибни Муҳаммад ибни ал-Ҳанифа ибни Али ибни Абутолиб120 бўладики, Ибн Аъто унинг бир шогирди эди. Восил ибн Аъто имом Абуҳошимдан сўнг имом Ҳасан Басрий121 га шогирд бўлиб, ундан фазлу маърифатни ўрганди. Лекин охирида унинг мажлисига эътироз билдириб, эътизол (гўшанишин, узлатий) лақабини олди. Восил ибн Аъто 51 йил умр кўриб, 131 санада122 вафот этди. Агар бу киши ҳақиқатан муътазилий воизи бўлмаганда эди (лекин илгари бўлган эди), аҳли суннат олимлари бу ҳақида баҳс юритмас, эътиқодини рад этмас эдилар. Шундан сўнг мўътазилийлар тоифаси «Калом илми»ни яратдилар. Аҳли суннатга мухолиф бўлган бу эътизол арбобларининг таълимоти ақлий далиллар асосида исботлаб, кенг ва атрофлича тушунтиришдан иборат эди. Эътизол арбоблари ўзларининг матлабларини ақлий далиллар билан исботларди, бинобарин, уларнинг сўзлари ҳар бир эшитувчига таъсир қилиб, маъқул келарди. Аммо аҳли суннат олимлари нақлий далиллар билан мўътазилийларни мулзам қилмоқчи бўлдилар, бу мумкин бўлмасди, чунки одамларда ақлий далилларга рағбат кучлидир. Зотан, Қуръони карим ҳам ўзининг матлабларини ақлий далиллар воситасида исбот қилади. Аҳли суннат эса буни эътиборга олмади, ўзининг қадимий маслакларидан бош тортди, натижада мағлуб бўлиб, майдонда мўьтазилий уламоларнинг ўзлари қолдилар. Мўътазилийларнинг ишлари кундан-кун ривож топиб шу даражага етдики, 220 санада123 имом Аҳмад Ҳанбал124ни мўътазилий мазҳабига дохил бўлмагани учунгина халифа Муътасим Аббосий125 амри билан таъқиб қилиб, ушлаб ҳибс қилдилар. Ал-Восиқ Биллоҳи Аббосий126 халифалиги замонида (228 сана) аҳли суннат ва аҳли жамоанинг Аҳмад ибни Абу Наср номли улуғ бир олимини халифа амри билан қатл қилиб, калласини Бағдод дарвозасига осиб қўйдилар. Шундан сўнг аҳли суннат ортиқ мухолифлик қилмасдан хоҳлаб-ҳоҳламай мўътазилий мазҳабини қабул қилди.

Бу мазҳаб камол топиб ривожланиб кетаверди, то шайх Абул Ҳасан Ашъарий127 майдонга чиқмагунча ҳеч ким мўътазилийларга ошкор гапира олмасди. Шайх Абул Ҳасан Ашъарий Абу Али Алжабоий Мўътазилий128нинг биринчи шогирдларидан эди. 40 йил мўътазилий мазҳабининг тарафдори эди, бироқ бир муносабат билан устози ва унинг ораларида ихтилоф пайдо бўлиб, устози ҳузуридан чиқиб кетди. 15 кун уйдан чиқмай, аҳли суннат ақойидига оид китоб ёзди. Бу китобда мўътазилийларнинг эътиқод ва таълимотини ақлан кескин рад этди. Китобни ёзиб тугатгач, бир куни халқ масжидга тўпланиб турган вақтда ғайрат билан минбарга чиқиб, тўлиб-тошиб мўътазилия мазҳабининг ботил эканлигини эълон қилди ва ёзган китобини одамларга ўқисинлар, деб тарқатди. Бу муҳим воқеа 300 санада129 воқеъ бўлиб, мўътазилий мазҳабига кучли зарба берилди. Шундан кейин мазкур мазҳаб халқ назаридан қолиб, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Ашъарий мазҳабини қабул қилардилар. Шу шайхнинг ғайрати ва ҳиммати туфайли мўътазилий мазҳаби барҳам топиб, аҳли суннат тазйиқдан халос бўлди. Ажабланарлиси шуки, аҳли суннат жамоасининг баъзи бир олимлари ўша вақтда шайх Ашъарийни кофирликда айблаб, қатл қилинишини талаб қилдилар.

Мазкур муқаддимадан маълум бўлганидек, то 300 ҳижрий йилгача аҳли суннат ақойидларини мудофаа ва муҳофаза қиладиган илми калом йўқ эди. Илми каломнинг бу қисмини шайх Ашъарий илмий муомалага киритди. Бир муддат шайх Ашъарийнинг ушбу усули аҳли ислом орасида жорий қилиниб равнақ топди, бора-бора ислом уламолари юнон фалсафасини калом илмига киритдилар, юнон назариётидаги инкор ва раддиялар туфайли калом илми баҳсталаб бўлиб қолди. Бу тариқа илми каломни биринчи бўлиб имом Ғаззолий ёзди. Аста-секин замон ўтиши билан ислом уламолари калом илми таркибига юнон фалсафаси матлабларини киритиб, мураккаб бир маъжун130 тайёрладилар. Бизнинг орамизда машҳур ва мўътабар бўлган калом китоби шу қабилдаги асардир.

Энди мақсадимизга қайтсак, калом илми биз учун лозимми ё йўқми? Баъзи бир фақиҳлар калом илми таҳсили ҳаром дейдилар, ҳатто Имоми Аъзамдан131 ривоят қиладиларки, у ўғлига калом илмини ўқишни манъ қилган экан. Имом Абу Юсуфдан132: «Калом илми олимларининг орқасидан туриб намоз ўқиш дуруст эмас» деган нақл мавжуд. Имом Шофеъий буюрган: «Мен калом илми олимларини жазолашга фатво бераман». Бошқа кўпгина фиқҳ олимлари ҳам шу имомлар изидан бориб, калом илми ҳаққига шу каби ҳукмлар чиқарганлар. Лекин камина юқорида арз этган маълумотга кўра, махсус аҳли суннатга тегишли калом илмини имом Ашъарий 300 санада замон тақозоси билан тартиб бериб ёзган эди. Имоми Аъзам 150 санада133, Имом Шофеъий 204 санада134 вафот этганлар, бинобарин айтиш мумкинки, бу имомлар имом Ашъарий томонидан замона талабига биноан кейинчалик ёзилган калом илмини кўрмаганлар. Бас, уларнинг танқидлари бу илмга нисбатан эмас, балки улар манъ қилган илм мўътазилий жамоаси томонидан ботил мазҳаб билан тарқатилган ва унинг ривожи учунгина яратилган калом илмидир.

Қани кўрайликчи, бугун орамизда жорий қилинган калом илмини ўқишимиз зарурмикан ёки йўқ? Аллома Ибн Халдун135 ўзининг машҳур «Муқаддима»сида калом илми хусусида узун мақола битиб, шундай хулосага келадики, бизнинг замонамиздаги илм толибларига калом илми лозим эмас, зеро, Аллоҳни инкор этувчи даҳрий ва ибтидоий одамлар ҳозирда йўқдир. Калом илми эса шуларнинг фикрларини рад этиш учун вужудга келган илм эди136. Агар бу илмни ўрганишдан мақсад мўътазилийлар ва юнон фалсафасини рад этиш бўлса, бунга ҳам ҳожат йўқ, чунки бугунги кунда мўътазилийлар ҳам, Арасту137 ва Афлотун138нинг мухлислари ҳам қолмаганлар139. Бундан ташқари қадим сафсаталар ҳикматини эътиборга олган кимса дунёга келишни хоҳламайди. Аммо бу илмдан мақсад Вожиб таолонинг зоти ва сифатлари, набилик амри ва қиёмат кунини ақлий далиллар ҳамда қатъий ҳужжатлар асосида исботлаш бўлса, уни ўрганиш лозимдир. Энди иккинчи қисм нақлий илмларнинг баёнига киришамиз.

(давоми бор)

112.Вожиб таоло — Тангри таоло, Аллоҳ.
113.Қуръони карим, Бақара сураси, 21—23-оятлар (тарж.).
114.Қуръони карим, Бақара сураси, 116-оят (тарж.).
115.Қуръони карим, Юнус сураси, 38-оят; Ал-Исроъ сураси, 38- оятлар мазмуни (тарж.).
116.Қуръони карим, Оли Имрон сураси, 145-оят (тарж.).
117.Қурьони карим, Юнус сураси, 31-оят (тарж.).
118.Мўътазилий — жудо бўлганлар, ажрашганлар. VII-IX асрларда катта роль ўйнаган диний-сиёсий ҳаракат. Ал-Ҳасан ал-Басрий маҳфилидан унинг шогирдлари Восил бин Ато (748 й. вафот этган) ва Амр бин Убайд (761 й. ўлган) «ажрашиб» ўз таълимотларига асос солганлар. Муфассал қаранг: Ислом. Энциклопедический словарь. — М.: Наука, 1991 с. 175-176 (тарж.).
119.Восил ибн Аъто — мўътазилия ҳаракатининг асосчиларидан (тарж.).
120.Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал Ҳанифа ибн Али ибни Абутолиб — Ҳасан ал-Басрий шогирдларидан. Фитрат фикрича, мўътазилия ҳаракатининг асосчиларидан (тарж.).
121.Ҳасан Басрий — Абу Саид ибн Абул Ҳасан Жаъфар ал-Басрий (642-728 йй.) (тарж.).
122.Ҳижрий 131 йили — милодий 748 йил (тарж.).
123.Ҳижрнй 220 йили — милодий 835-836 йил (тарж.).
124.Аҳмад Ҳанбал – Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад бин Ҳанбал ибн Муҳаммад Шайбоний (780—855й.) Ҳанбалия номидаги диний-сиёсий ҳаракат ва мазҳаб асосчиси (тарж.).
125.Муътасим (биллоҳи) Аббосий — Ал-Муътасим аббосий халифаларидан, 813 йили вафот этган (тарж.).
126.Ал-Восиқ Биллоҳи — аббосийлардан, 813-847 йиллари халифа бўлган (тарж.).
127.Абул Ҳасан Ашъарий — тўлиқ номи Абул Ҳасан Али ибн Исмоил. 873—935 йй. яшаган, калом ҳаракатининг намояндаларидан (тарж.).
128.Абу Али Апжабоий Мўътазилий — мўътазилия ҳаракатининг намояндаларидан. 915 йили вафот этган (тарж.).
129.Ҳижрий 300 йил — милодий 912/13 йилларга мувофиқ (тарж.).
130.Маъжун — дори.
131.Имом Аъзам — Улу-имом, Ан-Нўъмон бин Собит ал-Ҳанафийнинг тахаллуси (тарж.).
132.Имом Абу Юсуф — Яъқуб бин Иброҳим ал-Куфи ал-Ансорий. 731-804 йилларда яшаган фақиҳ ва имом, энг биринчи қози ул-қуззот (тарж.).
133.150 ҳижрий йили — милодий 767 йил (тарж.).
134.204 ҳижрий йили — милодий 819/20 йил (тарж.).
135.Ибн Халдун — Абдураҳмон Абу Зайд ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тунис ва Ал-Жазоирда яшаган буюк мутафаккир. «Китоб ул-ибар» — «Ибратли намуналар» китобининг муаллифи.
136.Ибн Халдун муқаддимасидан лавҳалар. Г. Музаффарзода таржимасида босилган. Қаранг: Ўзбекистонда ижтимоий фикр, 1998 й., 1-сон. 158—161-бетлар.
137.Арасту — буюк юнон файласуфи Аристотель (милоддан аввалги 384—322 йй. яшаган). Платоннинг шогирди, унинг академиясида қатнашган, лекин охири устози таълимотини танқид қилган (тарж.).
138.Афлотун — юнон файласуфи Платон (милоддан аввалги 428— 347 йй. яшаган)нинг шарқона номи. Сократ (Суқрот)нинг шогирди. Афинада академияга асос солган Платонизм таълимотининг асосчиси (тарж.).
139.Арасту ва Афлотуннинг мухлислари қолмаган, дейиш билан XX аср бошларидаги Бухоро шароитида мўьтазилий мазҳабига эътиқод қилувчилар йўқ, демоқчи. Арасту ва Афлотунга муносабатда Фитрат кейинчалик бу алломалар меросини ўргангани ва замона тақозоси билан талқин қилгани унинг асарларидан маълум.