Бермаган озорлари, кўрсатмаган жабру жафолари қолмади…

Бермаган озорлари, кўрсатмаган жабру жафолари қолмади…
79 views
01 March 2016 - 4:25

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 16

(давоми)

ХАДИЧА ОНАМИЗНИНГ ВАФОТЛАРИ

Онамиз ҳазрати Хадича Ҳувайлид қизи, Қурайш қабиласи ичида ҳасаб-насаб жиҳатдин энг юқори даражали хотун эди. Қирқ ёшида Расулуллоҳ уни ўз никоҳларига олдилар. Ул чоғда Пайғамбаримизнинг ёшлари йигирма бешга етмаган эди. Пайғамбарлик даврининг ўнинчи йилида, ҳижратдин уч йил илгари Макка шаҳрида онамиз Хадича вафот топдилар.

Пайғамбаримизнинг барча болалари, ҳамма ўғил-қизлари шу онамиз Хадичадин туғилган эдилар. Ёлғиз Иброҳим отлиғ ўғиллари эрса Мория деган чўриларидин туғилди. У бўлса Миср подшоси Муқовқис тарафидин Пайғамбаримизга ҳадя қилиб юборилмуш эди. Энг кичик қизлари Фотима Пайғамбаримиздин олти ой кейин вафот топдилар. Қолган катта кичик ҳаммалари ўзларидин илгари дунёдин ўтган эдилар. Бу мусибат устига бутун душманларига ҳайбат кўрсатиб турган амакилари Абу Толибнинг вафот қилиши Пайғамбаримизга қаттиқ таъсир қилди. Бу меҳрибон ёрдамчиларидин бирданига ажралганлари учун ортиқча қайғурдилар. Шу мусибат бўлган йилни қайғу-ҳасрат йили, деб атадилар.

Чунки бу икковлари умрларининг борича Расулуллоҳ ёрдамларида молу жонларини аямасдин фидо қилган эдилар. Энди буларнинг вафотларидин сўнгра Қурайш мушриклари фурсатдин фойдаланиб, Пайғамбаримиз бошлиқ барча мусулмонларга бермаган озорлари, кўрсатмаган жабру жафолари қолмади. Макка мушрикларидин умид қиларлик ҳеч иш кўрмаганликдан, Пайғамбаримизнинг кўнгилларига Тоиф халқини динга даъват қилиш ва ҳаммаларидин ёрдам сўраш фикри тушди.

Тоиф эса, Арабистонда яйлов қатори салқин, Макка шаҳридин етмиш-саксон чақирим шарқ томонда жойлашган бир шаҳардур. У ерда араблардин Бани Сақийф қабиласи яшар эдилар. Энг мунбит (унумли) иқлимларда етишган мевалар ул жойда ортиғи билан етишади. Мана шу сафарда номлари Қуръони каримда зикр қилинган, Пайғамбаримизнинг асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса ҳамроҳ эди.

(давоми бор)