“Ҳижобдаги аёллар”

“Ҳижобдаги аёллар”
28 views
01 March 2016 - 12:25

hijob

Халқимизда: айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деган бир гап бор. “Сирдарё ҳақиқати” газетаси 14-сон, 17.02.1916 йилда чиққан Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди раиси З. Назаровнинг “Ҳижобдаги аёллар” мақоласини ўқиб, бўғилиб кетасан киши. 

У нималар, деб алаҳсираяпти? Жабрланувчи ким? Айбланувчи ким? Неча марта ўқиб чиқма, ҳеч нарсани тушинолмайсан. Ахири, Ўзбекистонда қонунлар жиноятчилар томонда экан-да, деган хулосага келишга мажбур бўласан.
Суд раиси З. Назаровнинг ўзи ҳам мақола охирида: “Маъсума аёллар бу гал огоҳлантириш билан чекланиб қолдилар”, деб икки аёлнинг гуноҳи йўқлигини таън олган. Ёки, “масъума” сўзининг “айбсиз”, “гуноҳсиз” сўзларига синоним эканидан, унинг хабари йўқмикан?!
Э, хуллас, бу бош қотирмани муҳтарам ўқувчилар ўзларингиз ўқиб чиқиб, ўзларингиз бир хулоса ясаб олаверинглар. Бу мақолани ўқиб, бошимиз қотиб, биз калаванинг учини йўқотиб қўйдик…
Барибир, Сирдарё тумани суди раиси З. Назаровнинг “Ҳижобдаги аёллар” мақоласида, “Тозалаш” тадбирини ўтказган Сирдарё тумани ички ишлар бўлимидагиларнинг Ўзбекистон қонунларини менсимай, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуларини оёқости қилаётганлари, тўлиғича очиб берилган.
Моҳигул Қодирова билан Мафтуна Кўчимоваларнинг ҳам навбатдаги тадбирнинг қурбонлари эканликлари, пировардида, ўз исботини тўла-тўкис топяпди.
Шу боис туман суди раисининг шижоатига қойил қолмасдан, Каримов режими бошида болта кўтариб турганда ҳам, унинг баралла: “оқни оқ”, “қорани қора” деб аётаётганига “офарин” демасдан иложимиз йўқ.
Яшасин, туман суди раиси З. Назаров!!!

ЎХҲ таҳририяти

“Сирдарё ҳақиқати”газетаси
14-сон, 17.02.2016

“Ҳижобдаги аёллар”

Сирдарё тумани, “Шоликор” маҳалласи, Усмон Юсупов кўчасида яшовчи Моҳигул Қодирова, шу маҳалланинг “Олтин кўз” кўчасида истиқомат қилувчи Мафтуна Кўчимовалар жамоат жойларида ибодат либосида, яьни ҳижобда юриб, ҳуқуқбузарлик содир этишди.

Сирдарё туман ички ишлар бўлими томонидан ўтказилган “Тозалаш” тадбири давомида улар ўзларининг бу хатти-ҳаракатларини нима деб изоҳлашни ҳам билмай қолишди. Улар бундан бир неча кун аввал ҳам ҳижобда юрганларида маҳалла масжиди мутасаддилари томонидан огоҳлантирганликларини тан олишди, аммо, уй бекалари бу танбехдан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олмаган эканлар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган. Бироқ ибодатни ҳаммага кўз-кўз қилиш шарт эмас. Қонунчиликда жамоат жойларида ибодат либосида юриш мумкин эмас. Ҳуқуқбузарлик содир этган уй бекалари қонунлардан бехабар кўринадилар.

Суд жараёнида М.Қодирова ҳамда М.Кўчимовалар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 184-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилдилар. Суд ҳуқуқбузарларнинг илгари судланмаганликларини, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон эканликларини, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мумкинлигини ҳисобга олиб, адолатли ҳукм чиқарди. Судланувчиларга мазкур кодекснинг 21-моддаси қўлланилиб, жавобгарликдан озод этилдилар. Маъсума аёллар бу гал огоҳлантириш билан чекланиб қолдилар.

“Сутдан оғзи куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, деган нақл бор халқимизда. Воқеа “қаҳрамон”лари ушбу нақлнинг мағзини чақиб олган бўлсалар, ажаб эмас.

З.Назаров,
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди раиси.