Каримов, ишни она қорнидаги ҳомилага тиғ тортишдан бошлаган эди…

Каримов, ишни она қорнидаги ҳомилага тиғ тортишдан бошлаган эди…
113 views
01 March 2016 - 8:56

chinor-KarimovҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(3)

…Каримов ҳокимиятини мустаҳкалаб олганидан сўнгра, Ўзбекистонни чин маънодаги демократик ва ҳуқуқий бир давлатга айлантириш учун ҳеч бир хавф-хатардан, қийинчиликлар ва азоб-уқубатлардан чекинмайдиган мухолифатни – ватан фидойилари – миллий озодлик ҳаракати фаолларини мамлакатдан қувғин қилди. Уларни ҳар хил усуллар билан зимдан йўқоттирди, қамоқхоналарга ташлаттирди. Ўлкада исломнинг гуллаб-яшнаб ривожланиб кетмаслиги учун мухолифатнинг ортидан мусулмонларга куракда турмайдиган айбларни тўнкаб, динга хуруж бошлади. Кейин эса, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқулари гарови – жамиятнинг тараққиёти омили бўлган қонунлар тизимини ахталаштириш учун енг шимариб ишга киришди.

Парламент ниқоби остида шакллантирилган Каримовнинг жонли тимсоли бўлган Олий Мажлис, 23 йилдан буён бу жабҳада жонбозлик кўрсатиб келяпди. Ўзларини халқ ноиблари деб ҳисоблайдиган – аслида, ҳар биттаси сайланмасидан олдин Каримовнинг қатъий кўригидан ўтказилган депутатлар, соғлом қонунларни майиб ва мажруҳ – хуносаю нармода қилиб, халқига ва ватанига хиёнат қилганлари учун бугунги кунда яхши турмуш шароитларига, халқ бир бурда нонга зор бўлиб яшаётган бир замонда, тўкин-сочин ҳаётга эга бўлдилар. Улар “ҳа” ёки “йўқ” деган икки оғиз сўзлари ва Каримовнинг содиқ итига айланганлари учун ўзларининг орзуйидаги нарсаларга эришган бўлсалар, эришгандирлар. Аммо, улар бутун дунё мамлакатларининг сара қонунларидан ўғирлаб, “Ўзбек модели”га мослаб қабул қилаётган ҳужжатлардан президент Каримовнинг хоҳиш-иродасидан ташқари тирноқча ҳам нарса топишнинг имкони йўқлигини, барчасидан унинг мужмаллиги ва яроқсизлиги уфуриб туришини, кўзгуда ўзларининг аксини кўрганлари каби яққол кўриб турадилар.

Қабул қилинган барча қонунлар замирида ёлғон ётганлиги ва иккиюзламачиклар урчигани, риёкорлик ва мунофиқликлар яширингани каби уларда президентнинг оғмачи феъл-атвори ҳамиша ўзини намоён этади. Уларга тақдирини ишониб топширган фуқароларнинг охир-оқибат, уйлари куяди. Бир умр топганлари селга оқиб, ўзларини Тоштурманинг ертўласида кўрадилар.

Мис қўшилган олтиннинг ҳеч қачон соф олтиннинг ўрнини босолмаслигини, депутатлар ҳам халқдан кўра ёмон англамайдилар. Аммо, уларни бу нарса зиғирча хавотирга солмайди. Уларни тўкин-сочин ҳаёт, ҳаром-ҳалолдан йиғиладиган бойликлар қизиқтиради. Улар нафс бандаси бўлганлиги учун ҳам руҳиятларига балчиқ каби ёпишиб олган қуллик психологияси уларни Каримовга муте қилиб, халқнинг олдида қадр-қимматларини бир чақага арзимас этиб қўйди. Улар шу учун ҳам халқнинг тузини еб, тузлиғига тупиришдан уялмайдилар. Чунки, ори билан номусидан мосуво кимсанинг нафсини деб, ҳар балони ейишидан қайтмаслигини, барчамиз яхши биламиз.

Каримовнинг иккинчи қаноти бўлишга ўлиб-тирилиб тиришадиган Сенат ва Сенат аъзоларининг ҳам Олий Мажлис депутатларидан авло жойлари йўқ. Фарқи, улар матбуот ва шунга ўхшаш минбарлардан ўзларининг президентга содиқликларини кўрсатиш учун ўн йиллаб тер тўкиб, аввалида унинг назарига тушганлар. Депутатлар сингари ҳар хил ташкилотларнинг тавсияси билан президент ишончига нойил бўлмасдан, шахсий ташаббуслари сабаб, тўғридан-тўғри унга ўзларининг садоқатини – унинг давлат бошида туриши учун ҳар қандай пасткашликлардан қайтмасликларини намойиш эта олганлар…

Қонунларнинг хўжакўрсинга қабул қилиниши намойиши – хавфсизлик кучларининг ноқонуний ҳаракатларини ҳукумат муҳофазасига олди. Провардида, президентни ва у вужудга келтирган мустабид тузумни мустаҳкамлаш учун бутун хавфсизлик тизимлари фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилиб топтаб, тартиб-интизом ўрнатиш баҳонасида жамият ичида зуғумга зўр берди. Фуқаролар конститутсион ҳуқуқларидан мосуво бўлганлари етмаганидек, очиқдан-очиқ президент Каримов ишлаб чиққан сиёсий-ижтимоий агрессияга учрай бошладилар. Бунга кичкина бир мисол: хавфсизлик кучлари вилоятлардан Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкентга келган ҳар қандай кимсага уч кун ичида рўйхатда турмаган бўлса, жарима солиш ёхуд суриштириб ўтирмасдан уни уч кунга қамаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу жаҳон тарихида мисли кўрилмаган шармандали бир тадбир эди. Фуқароларнинг ўз пойтахтларига эркин келиб кета олмасликлари, уларнинг ҳақ-ҳуқуларининг тамоман бўғилганига очиқ бир ишора бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан қонунийлаштирилган бу бедодлик, аслида президентнинг хоҳиш-иродаси эканлигини яхши тушунадиган Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти, фуқароларнинг конститутсион ҳуқуқлари қўпол равишда бузулаётганини кўрсада, кўрмасликка олди. Чунки, бутун мамлакатдаги хавфсизлик кучларининг халқни ёхуд юртни эмас, президент Каримовни қўриқлаши ва унинг хавфсизлигини таъминлаши учун қатағонлар ўтказиш тизимини ишлаб чиқаётганини, улар кўриб билиб турардилар. Бу пайтга келиб товуқлар президент Каримовни, дея тухум қўярди, ипак қурти уни дея, ипак ўраса, вазирлар уни дея, хотинларининг солинчоғида учарди. Ўзбекистон қадимги Мисрга айланмаган бўлса ҳам, президент Каримов ўзини Фиръвн деб ҳис қила бошлаган эди.

Ўзларининг ҳам шу мақсадга мувофиқ сараланганларини яхши биладиган депутатларнинг ҳам, миллатга хиёнатлари туфайли турли лавозимларни эгаллаб турганлари ҳеч кимга сир эмас эди. Мамлакат ва миллатнинг шаънини, қадр ва қимматини қонунлар ишлаб чиқариш йўли билан ҳизбу ҳимояда ушлаб турадиган олий бир даргоҳдагиларнинг ўзлари, қонунларнинг душмани, халқни талаётган қароқчи, ўғри ва каззобларнинг ҳомийси ва уларнинг тириклигини таъминлаб турадиган жон томири вазифасини ўтардилар…

Давлат тизимларини ҳар соатда зўравонликлар ва қатағонлар содир этиб туришга мослаштириб, собиқ Совет режаси асосида қайта тузиб чиққан президент, энди уларнинг узликсиз ишлаб туришини таъминлаши лозим эди. Бу учун бутун бир жамият пастдан юқорига бўйсундирилиб, ҳақ-ҳуқуқлари амалда қўлидан тортиб олинган халқ, кеча-кундуз давлат учун, давлат эса тизимлар учун, тизимлар ҳукуматга, ҳукумат Каримов учун ишлаши ва ҳаёт кечириши, нафас олиб-нафас чиқариши керак эди. Одамлар Каримов учун еб-ичиб, у учун ҳожатга чиқиши, у учун тўшакка кириб, у учун маиший амалларга қўл уриши зарур эди. Аёлларнинг уни дея, бўйларида бўларди, уни дея ҳомиласини олдириб, уни дея бола туғар эдилар. Шу учун ҳам Мустақиллик йилларида туғилган йигит-қизларнинг кўпчиликлари Каримовнинг “Ўзбек модели” қурбонлари сифатида, хорижий юртларга иш излаб кетиб, топган-тутганларини Каримовни дея, Ўзбекистонга жўнатаётганлари ҳеч ким учун сир эмас. У шу каби ўзбек йигит-қизларининг қулларча меҳнатлари эвазига ҳокимиятини ҳалигача ушлаб турибди. Шу учун ҳам ўзи тузиб чиққан тизимнинг моддий базасини таъминламоқчи бўлган Каримов, ишнинг бошини она қорнидаги ҳомилага тиғ тортишдан бошлаган эди…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон