Қўзғатиш осон бўлган туйғулар – нафрат ва қўрқувдир

Қўзғатиш осон бўлган туйғулар – нафрат ва қўрқувдир
100 views
02 March 2016 - 10:36

02Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(3)

Тўрт халифа замонида ҳам мусулмонлар тубсиз жарликдан юксак ҳокимиятга ўз-ўзларича, бирданига келишгани йўқ. Улар бунга Қуръони карим ва Ҳадиси шариф таълимотларига суяниб муваффақ бўлишди. Пайғамбар алайҳиссалом узоқ йиллар ранжу заҳмат чекиб, уларни ана шундай юксакликка, чинакам олижаноблик, поклик, ҳалоллик даражасига кўтарди.

Пайғамбар (а.с.) уларни машаққатли, хайрли ҳаётга ўргатди, уларга камтаринлик ва мардона фидойилик фазилатларини сингдирди, уларни очкўзлик, ҳокимиятга, машҳурликка, молу давлатга ҳарислик балосидан халос қилди. У ислом давлат қурилишининг асосий принсипини белгилаб берди: “Биз мансабга интилган, у ёки бу йўсинда уни қўлга киритишга ҳаракат қилган кимсаларга ҳукуматда мансаб, мартаба бермаймиз” (Бухорий, Муслим).

Мусулмонлар фирибгарлик, кибру ҳаво, кийну адоватдан оқ ва қора янглиғ йироқ эдилар. Уларга Қуръони каримнинг ушбу оятлари беҳудага кеча-кундуз сингдирилмаган эди:

“Биз ўша (сизларга маълум) охират диёрини ер юзида зулм ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун яратурмиз. Оқибат фақат тақволи кишиларникидир” (28:83).

Улар мансаб, мартабага интилишмас, уни истар-истамай қабул қилишар, қабул қилишгач, Тангри таолонинг омонати деб билишар ва Қиёмат куни шу мансабдан орттирилган гуноҳу савоб учун ҳисоб берилишини эсда тутишар эди.

Қуръони каримда дейилади: “Дарҳақиқат, Тангри омонатини ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар” (4:58).

“У шундай зотким, сизни Ер юзида ўзининг халифаси қилди ва ато этган неъматларида Сизларни синаш учун баъзиларингиздан баъзиларингизни (юқори) даражаларга кўтарган зотдир. Албатта, Раббингиз жазода тезкор ва У кечиримли ва раҳмли зотдир” (6:165).

Яна, мусулмонлар баъзи бир жоҳил диндорлар ва мустабидлар шубҳаланганидек, маълум бир ирқ, миллат ёки мамлакат вакиллари эмас ва уларнинг араб империализмини барпо этиш режаси йўқ. Уларнинг миссияси дунё бўйлаб эътиқод ва эркинликни жорий этиш, холос. Улар ҳар нечук носоғлом ғояларни зўрлаб ўтказишдан, миллий ва ирқий бидъатлардан йироқ инсонлардирлар. Улар учун барча инсонлар тенг, баробар. Қуръони карим таъкидлайди: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишинг деб сизни турли-туман халқлар ва қавмлар қилиб қўйдик. Ким кўпроқ тақводор эса Тангри олдида ўша азиздир. Дарҳақиқат, Тангри билгувчи ва ҳамма нарсадан хабардор зотдир” (49:13).

Туркистоннинг миллатпараст давлатлари сиёсий, ирқий, жуғрофий чегаралар билан чекланган, тор ва биқиқ дунёларга айланишди. Ўзларини президентлар деб атаётган мустабидларнинг шахсларини илоҳийлаштириб, фуқаролардан уларга худди Яратганга сиғингандай сиғинишни талаб қила бошладилар. Улар гўёки барчадан юксак ва барчадан афзал. Уларни деб яшаш ва уларни деб ўлиш лозим. Миллатпараст учун унинг ўз давлати – Худонинг энг олий неъмати. Бошқаларнинг баҳоси бир чақа.

Миллатпарастлик руҳи билан йўғрилган халқ агрессив ва урушқоқ бўлмаслиги мумкин эмас. Бундай халқнинг тепасига диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиясиз кишилар келади ва улар миллатпарастлик жазавасини авж олдиради. Бундай мамлакатларда ўтган кунларнинг шон-шуҳрати ва улуғворлиги миллатнинг кибру ҳавоси, шуҳратпарастлигини оширишга дастак бўлади. Ҳатто адабиёт, фалсафа ва бошқа фанлар ҳам миллатпарастлик иродани мустаҳкамлашга қурол бўлиб хизмат қилади.

Нафрат ва қўрқув – замонавий миллатпарастликнинг асосий таркибий қисмидир. Инсонларда миллий туйғуни қўзғатиш учун улар нафратланадиган ва улар қўрқадиган бирор нарсани тақдим этиш керак. Профессор Жоуд бу ҳодисани қуйидагича таҳлил этади:

“Кўпчилик инсонларга хос ва қўзғатиш осон бўлган туйғулар – нафрат ва қўрқувдир. Кўпчилик инсонларни ҳамдардлик, меҳру шафқат, муҳаббат ва саховат эмас, ана шу туйғулар ҳа деганда эгаллаб олади… Маълум мақсад ила миллатни бошқаришни истаган шахс ҳам нафратланиб, ҳам қўрқадиган бир нима топсин. Мен бугун дунё халқларини бирлаштирмоқчи бўлсам, улар учун ойдами ёки ўзга сайёрадами бирор душманни ўйлаб топардим. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, ҳозирги дунёнинг миллатпараст давлатлари қўни-қўшнилари билан муносабатларда нафрат ва қўрқувга суянадилар, ана шу туйғулардан фойдаланиб, ҳукмдорлар даврон сурадилар ва халқ билан бирлик, ҳамжиҳатликка эришадилар” (Жоуд, I жилд, 150-151).

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон