Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
139 views
06 March 2016 - 4:00

IKA(8-бўлим)

Мувафаққиятли ўтган намойиш туфайли, “Бирлик” ҳаракати ичида ва атрофида катта руҳий кўтаринкилик пайдо бўлди.

Намойиш ташкилотчилари – яъни, ойлар давомида тўрт томонга кеча-кундуз елиб-югуриб, гуруҳларни бир-бирлари билан жипслаштирганлар ва одамларни руҳан кўчага чиқишга ҳозирлаганлар бир четда қолиб кетдилар. Аслида, уларнинг кўпчилиги ёт кўзларга ташланмасликни хуш кўрар, мувафаққиятли ўтган намойиш ўзи, улар учун ҳақиқий байрам эди.

Эрталабдан кечгача хонада ўтириб, валақлашдан бошқасига ярамайдиган лофчилар эса, воқеа қаҳрамонлари сифатида бир-бирлари билан оғиз-бурин ўпишиб, бир ойга довур еб-ичиб, ўйнаб-кулиб, мақтанишдан чарчамадилар.

Урф-одатга йўғирилган бу каби хунук иллат, ўзбек миллати учун кейинги тўрт асрда анъанага айланиб қолганди. “Ҳой-ҳойчилар” ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир эдилар. Калтакни етим еб, ҳолвани ҳоким ейди, деган халқ матали бекорга яралмаганди. Бу ҳикматнинг жонли намунаси – президент Ислом Каримов бўлиб, йигирма саккиз йилдан буён, ўзи тиш-тирноғи билан қарши бўлган мустақилликка, у раҳнамолик даъвосини қилиб келади.

Намойишдан кейинги бизнинг биринчи қўл урган ишимиз, Абдираҳим Пўлатовга эргашиб, минбарга чиққанларнинг исми-шарифларини аниқлаштириб, уларни нишоналарини “Бирлик”нинг аъзолари қайд этиладиган китобдан қидириш бўлди. Ажабланарлиси, ўша саккизта кимсанинг биттасининг ҳам исми-шарифи китобда қайд қилинмаган эди.

“Бирлик”нинг бутун ёзув-чизувларини, лозим бўлиб қолганда, ташвиқот-тарғибот ишларини ҳам қойиллатадиган Гавҳар Норматова, бизнинг “қитмирлигимиздан” ҳайрон бўлди.

Албатта, ташкилот ҳужжатларини дуч келган одам титиб-титкилаб, хоҳлаганча тассарруф этолмасди. Бу ишлар учун Муҳаммад Солиҳ кўрсатма бермаган бўлса, Гавҳар Норматова архив андозалари даражасида асраётган ҳужжатлардан битта арзимас қоғозни ҳам бировга кўрсатмасди. Биз ҳам аъзолар қайд қилинган китобни кўриб чиқишга раис ўринбосари Абдираҳим Пўлатовдан изн сўраган эдик.

Муҳаммад Солиҳ ҳали сафардан қайтмаган эди.

“Ўроқда йўқ, машоқда йўқ”лар намойиш ўтгунча, ўзларини сипойироқ тутиб, кузатувчи мақомида юрган бўлсалар, сўнгра анча фаоллашиб қолдилар. Улар Аҳмад Аъзам, Усмон Азимга ўхшаган лофчиларнинг кўнглини овлаш учун зимдан мусабақалаша бошладилар. Ҳар кун, уларни тансиқ таомлари билан ном чиқазган ошхоналарга таклиф қилиш, одат тусига айлана борди.

Вазият омма кўзи ўнгида ҳаракат қаҳрамонлари сифатида, лофчиларни гавлантира бошлади. Барчаси, ўроқда йўқ, машоқда йўқ “ҳой-ҳойчилар”нинг куйиб-пишишлари асносида, ўртага чиқди.

Бу ҳаракат ичида, самимиятни емириб, риёкорлик ва ясамаликка кенг йўл очди.

Асрлардан буён, аслида миллат мана шу “фазилат”ларига қараб бошқарилиб келинарди – сийланарди, жазоланарди, мурод-мақсадига эришарди. Бу маконларда марду майдонларни, тўғри сўзлагувчиларни шунинг учун ҳам ҳеч ким ёқтирмай қолган эди.

Руҳиятдаги мойиллик, нафақат “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”ларга ўхшайдиганларни, Мирза Кенжабек, Шоди Каримовларга ўхшайдиган аросат қирғоғидагиларни ҳам лофчиларнинг “жозиба”сига маҳлиё қилиб қўйди.

Иззат, Абдирашид деган “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”лар лофчиларни иложи бўлса, кафтида олиб юришга ҳаракат қиларди. Аммо, бу кимсалар кейин ҳам ҳеч қачон “Бирлик”нинг китобига расман ёзилмадилар. Сабаби, уларнинг мақсади; Озодлик ва Ҳурлик эмас, акси, шу мақсадда майдонга чиққанлар соясида мол-дунё орттириш, ғалаба қозониладиган бўлса, ҳукуматда юксак лавозимларни эгаллаш эди.

Ҳа, агар “Бирлик” ғалабагача етиб келганда эди, уларнинг кўпчиликлари, ўз кўзлаган мақсадларига бешак эришардилар ҳам. Миллатнинг ҳақиқий ўзлигини теран англайдиган онгли қатламидан тарафдорлар орттира олмаётган Абдираҳим Пўлатов, ана ўшаларга зимдан умид боғлаган эди.

Ҳеч ким унга яқинлашавермагач, у “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”лар билан тиллаша борди.

Муҳаммад Солиҳга “номер” ўтказиш қийин бўлишини ялтоқланиш шуури билан сезган “ўроқда йўқ, машоқда йўқлар” ҳам, Аҳмад Аъзам ва Усмон Аъзимлар каби ҳайъат аъзоларини босиб-янчиб, Абдираҳим Пўлатовнинг қўйнига қўл сола бошладилар.

Уларга Аҳмад Аъзам ва Усмон Азимлар, аслида Муҳаммад Солиҳга йўл очиш учун зарур эди. Умуман, “Бирлик”ка шахсий манфаатларини кўзлаб келганлар учун йўл Аҳмад Аъзамнинг устидан ўтарди. Миллий Озодлик курашчиларининг энг заиф ҳалқаси, мана шу нуқтада жойлашган эди.

Аъзо бўлиш учун оқиб келаётган оқим ичида, жиддий кимсалар ҳам жуда кўп эди. Ўшалардан бири, Толиб Ёқубов эди. У лофчилар жойлашган хонадан четлаб ўтиб, том маънода қозондек қайнаётган “штаб”га тўғри кириб келганди. Баъзи бировларга ўхшаб, у “Бирлик”ка кўр-кўрона аъзо бўлмаган эди.

У аъзолар номи қайд қилинадиган китобга исми-шарифини ёздириб, имзосини чеккунга қадар, хотирам алдамаса, бир ҳафтага яқин хонада туриб, келган-кетганларни, кечаётган гап-сўзларни кузатиб турди. Унинг ҳар кун индамай, келиб кетаётганига ҳеч ким эътибор бермаётган бўлса ҳам, биз уни зимдан кузатиб турардик. У бу ишлар шунчаки, ўйин эмаслигини, ҳали бир кун мураккаб замонлар бошланиши мумкинлигини ҳам, ўшанда обдон мулоҳаза қилмаган, дея олмайман. Албатта, ҳар биримиздаги каби унинг сиёсий қарашларида ҳам, бировлар айтганидек, у ёки бу даражада каму кўсти бўлиши мумкин. Аммо, унинг самимийлигига, Озодлик ва Ҳурлик ҳақида ўзининг конкрет қарашлари борлигига мен ҳар доим ишониб келганман. У ўшанда ҳам, ўзининг қайси миллат, қайси дину диёнатга мансублигини яхши англарди. Жамиятда адолат тантанасини қарор топтириш учун жону дилидан қайғурарди.

Аммо, мен шундай кимсани ҳам “Бирлик” “бўлиниш”ида, ўзининг ақли билан иш кўра олмаган эди, деб ҳисоблайман.

Чин маънода, “Бирлик” бўлинмаган эди. Саракни-саракка, пучакни-пучакка ажратиш учун, ҳаракат номи “Эрк” дея, ўзгартирилганди холос. Бу ҳолат, қаланғи-қасанғилардан осон қутулиш учун одатдаги кичик бир ҳийла бўлганди. Буни ким тушунганди, ким тушунмаганди.

Эҳтиёж – Абдираҳим Пўлатовнинг коммунистона руҳияти ва Миллий Озодликни том маънода англамаслиги билан боғлиқ эди. У билан алоқадор кимсалар, “Бирлик”нинг чиқариб ташланган кераксиз пўсти билан қоларди.

Ўзак эса, “Эрк”нинг вужудига жойлаштирилиши лозим эди.

Биз, бунга тўлиқ эришдик.

“Бирлик”нинг мурдаси билан қолган Толиб Ёқубовни, ўшанда Абдираҳим Пўлатов ва Миролим Одиловлар қанақанги авраганларини, мен ўз кўзим билан кўрганман. Гулчеҳра Нуруллаева ҳам, Толиб Ёқубовни олиб қолиш учун, анча куйиб пишган эди. У ҳам кўп ўтмай, ўзининг Толиб Ёқубов каби алданганини сезиб қолди.

Албатта, вазиятни тез англаган Толиб Ёқубов мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида, фаолиятини давом эттирди. Аммо, у “Бирлик”нинг “бўлиниш”и масаласида, ҳеч қачон тўғри маълумотга эга бўла олгани йўқ.

Ўша, алғов-далғов замонда, мен уни “Эрк”ка тортмоқчи бўлганим каби, у ҳам мени “Бирлик”да олиб қолишга кўп ҳаракат қилган эди.

Кейин у мен билан салом-аликни йиғиштириб қўйди. У менга нафрат тўла кўзларини қадар экан, қарашларидан; сен хоинсан, деган маъно уқардим.

Муҳаммад Солиҳ хорижга чиқиб кетгач, ўша йилларда унинг атрофида юрганларга нисбатан, кўпчилик томонидан шунақа назар билан қараш пайдо бўлган эди. Яъни, у билан чиқиб кетмаганлар ёки қамалмаганлар, “Каримовнинг айғоқчилари” экан, деган шубҳа, ҳар бир ўзини мухолиф санаган кимса ичида, уни заҳарлаб турарди.

Мен ҳам Толиб Ёқубовга, индамасдан; сизнинг самимиятингизни яхши тушунаман, вақт ҳар бир нарсанинг даъвоси, деб қараб тураверардим. Ҳеч қачон жаҳлим чиқмасди. Суюнардим, десам ҳам ёлғон бўлмайди.

Тўғрими, нотўғрими, биз ҳақиқий ғазаб туйишни ўрганаётган эдик.

Лофчилар сингари яхшига ҳам, ёмонга ҳам илжайиб, бир хил муносабат билдиришдан ҳар биримизни, Худонинг ўзи асрасин!

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон