Жаннатга мен ҳам бораман

Жаннатга мен ҳам бораман
29 views
06 March 2016 - 10:11

15473862_73ce7b4257_o
Тобут одамлар елкасида қўлма қўл борар, бир қизалоқ нималар бўлаётганини тушунмай “Адажон, менам бораман”, деб эргашиб йиғламаганни хам йиғлатарди. Қизалоқ отасини қаерга олиб кетишаётганини билганда шундай дермиди?
Маййитни қабристонга қўйиб келишди хамки қизалоқ йиғидан тўхтамади, хар бир эркакка ёпишиб, адажонисини сўрарди:
“Адажоним қани, нимага сизлар билан келмади? ”
Аммо хеч ким унга адажонингни кўмиб келдик дея олмасди. Юрагим тўлиб, сабрим чидамай, унга бир нималар дегим келди. Аста бориб, қизчанинг қўлидан тутдим. У умид билан менга тикилди. Кўзларининг ичи қизариб, юраги куйиб, лаблари ёрилиб кетибди. Бир чеккага бошладим.
У саволларига жавоб берадиган одамни топиб олгандек жон деб менга эргашди. Сув ичирдим, сал ўзига келди. Пинжимга тиқилиб, оғир хўрсинди.
– Аллоҳни биласанми қизим? деб бармоқларим билан сочларини тарадим.
У менга шошиб қарадида.
-Аллоҳ битта, адажоним айтган,-деди бийронгина қилиб.
-Адажонинг шунақа деган бўлса, у солиҳ одам экан,- дедим, эслаб кўрчи адажонинг яна нима деган?
– Аллоҳни айтганини қилиш керак..
– Эй, баракалла,- дедим қувониб,- сен мен ўйлагандан хам ақлли қиз экансан. Адажонинг тўғри айтибди. Аллоҳнинг айтганини ҳамма қилиши керак. Мана Аллоҳ адажонингни олдига чақирди. Адажонинг Аллоҳни айтганини қилиб хўп деб кетди.
– Лолани адасини нимага чақирмади?
– Унақа деб бўлмайдида қизалоғим, Аллоҳ ўзи хохлаган одамларини чақириб олади, сенинг адажонингни ҳоҳлабдими, шунга чақириб олди.
– Аллоҳ адажонимми яхши кўрадими?
– Бўлмасамчи, сендек қизчасига Аллоҳни танитди-ю, ёмон кўрадими?
– Аллоҳ жаннатда турадими?
– Воҳ жаннатниям биласанми?
– Биламан адажоним айтганлар, Аллоҳни айтганини қилсанг жаннатга тушасан деганлар.
– Айтдимку, адажонинг ростанам солиҳ одам экан.
– Адажоним қайтиб келадими?
– Ана холос, жаннатга ҳамма кирсам дейди, сен қайтиб келишни ҳоҳлайсанми?
– У ерда адажоним касал бўлмайдими?
– Бўлмайди!
– Ойим билан кўргани борамизми?
– Аллох ҳоҳласа вақти келиб борасизлар қизим.
– Қачон борамиз?
– Аллох чақиргандада асалим.
– Қачон чақиради?
– Унисини билмадим, қачон чақиришни Аллоҳнинг ўзи билади.
– Лола адажонимни сўраса жаннатга кетган, дейми?
– Ҳа, ҳа… ИншоАллоҳ шундай дегин, доно қизим. Энди менга айтчи, адажониси жаннатга кетган қизлар йиғлайдими, йиғламайдими?
У иккиланиб бош қимирлатди. Йиғламасликка ваъдасини олдим. Уч кун аза ичида қизчани кузатдим.
У йиғламади!!

Абдуқодир Саттор