Бош шифокорнинг қотиллиги

Бош шифокорнинг қотиллиги
21 views
07 March 2016 - 13:13

insulinШифокор сўзининг луғавий маъносига аҳамият берилса, беморни кассаликдан ҳалос қилувчи, даволовчи маъноларини англатади. Айни кунларда, ер куррасида турли янги касалликлар ва эпедемиялар тарқалишига гувоҳ бўлаяпмиз. Йилдан-йилга глобал даражада тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва касалликлар инсон танасининг муҳим аъзоларига зарар етказилмаслик йўлида дунё шифокорлари кўплаб тадқиқотларни амалга ошириб келмоқда. Бундай янгиликларни эшитиб, инсоният саломатлиги соҳасида шахс хавфсизлигини таъминлаш учун қилинаётган саъйи-ҳаракатлар бесамар кетмаётганлиги одамни қувонтиради. Бироқ, Ўзбекистон ҳудудида ўз вазифасини сидқидилдан бажармаётган айрим шифокорлар пул, мансаб ва шахсий манфаат йўлида шифокорлик вазифасини суистеъмол қилувчилар ҳам учраб туради. Собиқ Совет Иттифоқи даврида шифокорларнинг тақчиллиги сезилсада, улар ўз вазифасига маъсулиятли ёндашган. Улар мансаб, обрў-эътиборни бир чеккага суриб, беморни саломатлиги учун жон-жаҳти билан кураш олиб борган. Бу сўз билан Ўзбекистон заминида барча шифокорларни ўз вазифасига эътиборсиз қилиб, гавдалантириш эмас, балки ҳукумат мутассадиларни инсон саломатлиги ва ижтимоий муаммоларга чуқурроқ эътиборни қаратиш лозимлиги мантиқи ётади.

Шундай қилиб, 04.03.2016 йилда Тошкент вилояти эндокринология диспансери Бош шифокори Гулбаҳор Тўраевна (ҳам УЗИ, ҳам палата шифокори) беморнинг қотилига айланди. Бемор 1953 йилда туғилган Халилов Султонбой Янги йўл тумани, Чанг тепа қишлоқ фуқаролар йиғини фуқароси қандли диабет касаллиги билан ҳасталанган эди. Унинг касаллик тарихига (тиббий баённомасига) эътибор қаратиладиган бўлса, қандли диабетнинг енгил асоратланмаган тури билан касалланган. У шифохонага 27.02.16 йилда тўрт мучаси соғ-саломат ҳолда профилактик муолажа олиш учун яхши ниятда келган эди. Бироқ, шифокор томонидан асоссиз ва нотўғри муолажалар оқибатида бевақт ўлимига олиб келди. Ўлимнинг асосий сабаби, унга кўп миқдорда инсулин дори воситаси танасига юборилган. Бунинг оқибатида қондаги қанд миқдори кескин пасайиб кетади ҳамда юрак қон томир ўткир етишмовчилигидан бемор оламдан ўтади.

Уни даволовчи шифокор Гулбаҳор Тўраевна (Бош шифокор) иш жойида бўлмаган. Аслида, ҳалок бўлган беморга Бош шифокорнинг кўрсатмасига кўра, доимий равишда ҳамшира томонидан муолажа ҳамда тиббий тайин (назночения) олиб борилган. Бундай маъсулиятли вазифа шифокор Гулбаҳор Тўраевнанинг (Бош шифокорнинг) зиммасида бўлиши керак. Марҳум беморга шифокор мутлақо муолажа ва тиббий кўрикни ўтказмаган. Шунингдек, ҳалок бўлган бемордан тиббий ҳолати ҳақида умуман қизиқиб келмаган. Агар унга эътибор бериб кўрикдан ўтказганда, бундай кўнгилсизлик содир бўлмас эди. Бундай маъсулиятсизлик ва совуққонлик натижасида, шифокор (Бош шифокор) инсон ўлдирди.

Ҳозирги кунда Бош шифокор ҳеч нарса бўлмагандек, жазога тортилмайдиган жиноятчи каби фаолиятини давом эттириб келмоқда. Ҳалок бўлган беморнинг яқин қариндошлари келганда, Бош шифокор ҳалок бўлган беморни тезроқ дафн қилишни кўп бора уқтиради. Агар, уни тезроқ дафн қилинмаса, уни тана аъзоси ёриб ташланиши ҳақида огоҳлантиради. Боз устига, Бош шифокор томонидан беморнинг яқин қариндошларига марҳум танасини ёриб ташланиши мусуслмончиликка тўғри келмаслигини уқтириб ўтади. Унинг бундай ҳаракати, ҳуддики динни ниқоб қилиб ўз айбини ёпиш учун ҳамма нарсага тайёр эканлигини билиш мумкин. Ҳалок бўлган беморнинг фарзандлари “Ахир отам ўз оёқлари билан соппа-соғ ҳолатда келган эдиларку, нега бундай ҳолатда жўнатаяпсизлар”-деб, фарёд кўтаришди. Бу фарёдлар энди фойдасиз. Буни эшитган бошқа беморлар онгида тиббий хизматга ишончсизлик кайфияти пайдо бўлди. Тошкент вилояти Эндокринология диспансерида меҳнат фаолиятини бажариб келаётган тиббий персанал ходимларнинг фикрига кўра, Бош шифокор Гулбаҳор Тўраевна томонидан қўйилган бундай тиббий хатолик (қотиллик) бир неча бор бўлганлигини тасдиқлаб келишади.

Бундан ташқари, Тошкент Вилояти Эндокринология диспансери Бош шифокори нафақат беморларнинг қотилига айланган, балки ҳеч нарсадан тап тортмасдан корруциявий ҳаракатларни мунтазам равишда амалга оширади. У шифохонада ўрта тиббий ходимларни деярли барчасини 0,5 ставка асосида меҳнат фаолиятини олиб боришга мажбурлаб, касалхонада ҳамширалар сонини кўпайтириб ишга жойлаштиради. Ишга қанча кўп сонли тиббий ходимлар қабул қилинса, шунчалар кўп миқдорда ноқонуний пул айланмасини йўлга қўяди. Бу пулнинг миқдори 300 АҚШ долларига тенг бўлади ёки ишга жойлаштирилган ҳамширанинг 6 ойлик маош пулини ўзлаштириш орқали норасмий келишув тузади.

Боз устига, Бош шифокор пора олишни янги йўлини ишлаб чиқган. Агар, бемор касалхонага даволаниш учун мурожаат қилса, ундан олинадиган пора миқдори Бош шифокор ҳамда касалхона кассири билан тил бириктирган ҳолда амалга ошади. Яъни, касалхонага келган бемор пора сифатида бериладиган пул ҳомий сифатида касалхонани кассасига бориб тўлаши Бош шифокор томонидан айтилади. Пора сифатида тақдим этилган пул кассир томонидан рўйхатлар дафтарига ёзиб олиниб, сўнгра дафтар макулатурага айлантирилади. Мунтазам равишда келиб турадиган ноқонуний пуллар Бош шифокор Гулбаҳор Тўраевнани чўнтагига тушади. Юқорида таъкидланган марҳум бемор ҳам, ҳудди шундай ноқонуний хомийлик асосида касалхонага ётқизилган. Кассир томонидан ҳеч қандай тўлов чеки ҳам берилмайди. Шу билан бирга, Бош шифокор давлат касалхонасида ўзбошимчалик билан пуллик палата ташкил этган. Мазкур палатада даволанувчи бемордан ҳар 10 кун палата ётоғи учун 400 минг сўмда ноқонуний пул олинади. Шундай турдаги палаталардан ҳар 10 кунда 4 млн. сўм айланади (бундай палаталарнинг сони 5 та, ҳар бир палатада 2 кишилик жой бор).

Хуллас, моддий манфаат йўлида ҳеч қандай жиноятдан тап тортмайдиган айрим шифокорлар ўзбек фуқаролар саломатлигини хавф остига қўймоқдалар. Буни эшитган ва билган фуқаролар имкон қадар бошқа давлатларда тиббий хизматдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Ҳалол, софдил, тўғри сўз шифокорлар эса, мамлакатни тарк этиб, МДҲ давлатлари ҳамда хорижий мамлакатларда иш фаолиятини йўлга қўйишни режалаштириб келаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Бунинг оқибатида, Ўзбекистон ҳудудидан малакали кадрлар сизиб чиқиш ҳолати юзага келмоқда.

ЎХҲ таҳририятига келган мактуб