Бу дунёнинг ёлғони учун чин дунёларини сотганлар

Бу дунёнинг ёлғони учун чин дунёларини сотганлар
66 views
08 March 2016 - 4:00

chinor-KarimovҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(3)

Мустақиллик йилларининг энг катта жабрдийдалари, болалар ва оналар эдилар. “Оқ олма”-“Қизил олма” деган ҳар хил бўлар-бўлмас ташкилотлар “Ўзбек модели” чизиғи бўйлаб, ўзбек оилаларининг тўшагига илондек сирғалиб кириб, эр-хотинлик ришталарига заҳар солди. Коммунистлардан Каримовга мерос қолган бу усул миллатнинг таянчи бўлган намунали оилаларнинг пойдеворини қуртдек кемириб, аҳоли сонини ўстирмасликка хизмат қилиши лозим эди. Бу учун мамлакатдаги бутун шифокорлар “Қизил олма” сафарбарлиги остида, аёлларнинг ҳомиласини йўқ қилиш билан шуғулланди. Ҳукуматнинг махфий топшириғига асосан аёлларни пичиб, бола орттириш бахтидан мосуво этди. Юз минглаган жажжи жонлар оналарининг қоринларидан бир парча этлигидаёқ ситиб олиниб, кесиб ташланди.

Нима қилиб қўйганини йиллар ўтиб англаган аёлларнинг ушалмас орзулари, уларнинг бўғизларида бир умр унсиз фарёд бўлиб қотиб қолди. Улар, “дод” демасинлар, фарёд солиб сочларини юлмасинлар, на уларнинг энди овози чиқади, на уларни энди биров эшитади…

Шу йўл билан миллатнинг онгидаги “оила – муқаддас” деган тушунча, одамларнинг қалбидан бир чечак каби юлиб ташланди. Юраги остидаги боласини ўз ихтиёри билан жаллод қўлига топширган оналар билан жамиятнинг орасидаги ўзаро ҳурмат-эътиборга дарз кетди. Ҳаёси ва иффатига тиғ теккан аёллар уй-рўзғор, бола-чақа тирикчилиги дея, ор-номус ва мусулмонлик туйғуларини осонгина топтаб ўтиб, разолат ва қабоҳат ҳукмрон бўлган бедодлик кўчаларига кириб кетдилар. Оиласи жиловини қочирган эркаклар, турмуши салтанатининг шаҳаншоҳи эмас, оддий ҳаммоли бўлиб қолди.

Каримов учун ўзбек жамиятида мана шу каби ношудликлар ўртага чиқиши, оилалар унинг оиласидан андаза олиши керак эди. Бу дунё, унинг дунёси эди. У ислом дунёсига тамоман зид, мана шу дунёга хизмат қилиши учун Ўзбекистоннинг бошига келган эди…

 Аммо, аёллар ва болаларнинг юқоридаги каби Каримовнинг қатағонлар сиёсатига ширин жонлари ва азиз умрлари эвазига сон-саноқсиз қурбонликлар бериб келаётганини била туриб, мамлакат ичкарисида биров буни расман, унинг фаолияти билан боғлашга ҳеч қачон ботина олмайди. Ҳақиқат тор давралар ва бурчак-бурчакларда ёхуд иймонли оилалардаги эр-хотинлар ва фарзандлар орасида афсус-надоматлар ила ҳар кун бир неча бора эътироф этилсада, уларни расмий манбаларга олиб чиқишнинг умуман иложи йўқ. Расмий манбалар нари турсин, тўй-ҳашам ёхуд маҳалла-кўйдаги таниш-билишлар ўртасида, бу каби бедодликларни муҳокома қилишга ҳеч бир кимсанинг юраги бетламайди. Муаммоларга тил теккизган бутун бошли одамларнинг ёхуд оилаларнинг бир кечада сирли равишда зим ғойиб бўлиб қолганини эшитиб, ёки кўравериб кўзи пишган фуқаро, жон ҳовучлаб, сурункали давом этаётган 23 йиллик мустақиллик қатағонларидан қаттиқ қўрқиб яшаяпди.

Оммавий матбуот воситаларида Каримовнинг ношудона сиёсатини оғиз кўпиртириб мақтаб, унинг раҳбарлиги остидаги кўз-кўриб, қулоқ эшитмаган йўқ мувафаққиятларни кўкларга кўтариб, алжирайдиганлар ҳам, ана шу жабрдийдалар ичидан чиққан баъзи бир кимсаларнинг ўзлари эканликлари, жуда ҳам ачинарлидир.

Сиёсий шарҳловчи Қуддус Аъзамга ўхшаб, айтганини-айтиб, телевидение минбаридан хилватга ўтгач: “Даврон ҳозир, мана шу касофат қўлида. Жон сақлаш учун айтдик-қўйдик-да. Кўпи кетиб ози қолди”, дея мусичаю беозор кўриниб, кимларнингдир кўзи учун ўзини оқламоқчи бўлганлар иқрори, Каримовнинг кўриб-билиб туриб, оқни, қора, қорани оқ дея, қасам ичиб, шайтонлашидай бир гап. Улар яна минбарга чиқсалар: “Республикамиздаги олти ойгача бўлган даврдаги мутлоқ она сути – кўкрак сути билан озиқланишга оид кўрсатгичлар атига 54 фоизни ташкил қилади. Бу келажагимиз эгалари бўлмиш болаларимизнинг тўла қонли ривожланишига ва аёлларнинг ўзларининг соғликларига ҳам ёмон таъсир кўрсатади. Замонавий медитсинада ҳам, каримовпарвар динимизда ҳам болани икки ёшигача кўкрак сути билан боқиш керак” дейилган дея, дискнинг бошқа юзини қўйиб, фонаграммага ўтиб оладилар.

Яна, аёлларга ўзларининг қадди-қоматларини дуркун кўрсатиш учун болаларини эмизмаяптилар, дея, туҳмат уюштириб, Мустақиллик шарофати билан гўё гуллаб-яшнаб кетаётган аёлларимиз, тўкин-сочин кунларга ношукрлик қилаётгандек қилиб кўрсатилади.

Аёллар ва болалар орасидаги сон-саноқсиз касалликлар ва ўлим ҳолатларининг ўсишига “каримовча мустақиллик” сабабчи бўлаётган эсада, бу ҳақда лом-мим, дейилмайди. Чунки, ҳақиқатни айтишга уринганлар, телевидения саҳнига қайта оёқ боса олмасликларидан қўрқадилар. Ёлғон-яшриқ гапириб, бола-чақа боқиш имкониятидан масуво бўлганлари етмаганидек, гўё улар сўнгра ўзларини халқнинг назаридан тушиб қолгандек ҳис эта бошлайдилар. Шу учун бу муаммони қонун қабул қилиш йўли билан ҳал қилиш мумкинлигини зўр бериб таъкидлаб, жамаотчиликнинг фикрини қабул қилинажак қонуннинг муҳокомасига тортмоқчи бўлиб, бечоралар уларнинг назарини ҳақиқий муаммодан чалғитиш учун чиғилиб, роса чиранадилар. Каримовнинг айбини хаспўшлаймиз, дея, иймон-эътиқодларидан кечиб, бу дунёнинг ёлғони учун чин дунёларини сотадилар.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон