Шайтон малайлари – ёлғоннинг хизматкорлари

Шайтон малайлари – ёлғоннинг хизматкорлари
85 views
09 March 2016 - 9:48

 

1229Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(4)

Ислом миллий сепаратизм ва эгоизмга қатъий қарши туради, зеро, ушбу фалсафа ҳақиқатни кўрмайди, “ҳақми, ҳақ эмасми, бу менинг халқим” деб жоҳилларча оёқ тирайди. Қуръони карим оятларида наслу насаб ёки миллий келиб чиқиш масалаларига ўрин йўқ. Ислом манбаи миллий ёки ҳизбий бўлган ҳар қандай майлу тамойил, дўстлик ёки садоқатни рад этади. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда алоҳида таъкидлаган эди:

“Кимки мен фақат қавмимга содиқман, деса, у биздан эмас. Кимки мен фақат қавмим учун курашаман, деса, у биздан эмас. Кимки фақат қавмига садоқати туфайли ўлса, у ҳам биздан эмас” (Абу Довуд).

Кимки миллий ёки мутаассибона иш учун жанг қилиб ўлса, у Бухороий келтирган ҳадисга кўра, мажусий ўлими билан ўлади, бундайларни ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) исломдан хориж ҳисоблаганлар. Бошқа бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом эълон қилганлар: “Кимки мутаассиблик байроғи остида ёки уни қувватлаб, ёки мутаассибона даъватга жавобан, мутаассибликка кўмаклашиб, жанг қилса, уни ўлдиришса, унинг ўлими жаҳолат ичидаги ўлимдир”.

Ислом инсониятни икки йирик гуруҳга бўлади. Биринчи гуруҳга Тангрининг ҳақиқий бандалари, ҳақиқат ҳимоячилари киради. Иккинчи гуруҳ – шайтон малайлари, ёлғоннинг хизматкорлари… Ислом ана шу иккинчи гуруҳга қарши жанг қилади. Унинг учун миллий, ирқий тафовутлар аҳамиятсиз. Зеро, у миллий ёки сиёсий манфаатлар учун эмас, ҳақиқат ва адолат деб майдонга тушади.

Миллатпарастлик тарафдорлари кичик ва заиф халқларга миллатпарастлик туйғусини шу қадар сингдиришадики, охир-оқибат у шўрликлар миллий ғурурга тўлиб, “тарс” ёрилишади. Бундай миллатлар миллий чегараларни хаёлан фазо кенгликлари қадар кенгайтиришади. Ва ниҳоят, бутун дунёнинг кўзи ўнгида катта бир давлатга ем бўлишади. Туркистонликларининг чор Русияси ва коммунистларнинг хуружига дош беролмаган ҳалокатли шармандалиги бунга мисолдир. Афсуски, миллатпарастлик туйғуси, Қуръони карим ирқий, сиёсий бўлинишларни тақиқлаганига қарамай, мусулмон мамлакатларида ҳалигача ҳам бош кўтариб туради. Аслини олганда, заиф ва ёмон қуролланган ўша давлатлар четдан бўладиган ҳужумларга бардош беролмайди.

Замонавий миллий давлатларнинг обрў-эътибори уларнинг катта територияларни эгаллашлари, йирик даромад манбаларига эга бўлишлари, қўшни давлатларга зўравонлик билан зуғум ўтказишлари ўз рақибларини қўрқув, аросатда тутишларини талаб қилади. Бу давлатларнинг содиқ фуқаролари ўз маданиятлари ва анаъанларининг устунлигидан фахрланишади, бошқа миллатларнинг маданият ва анъаналарига нафрат билан боқиб, ўз раҳбарларининг чақириқларига жавобан ҳар қандай жирканч жиноятлару ваҳшиёна кирдикорларни амалга оширишга тайёр туришади. Бундай миллатнинг ахлоқий хусусиятлари паст, фуқаролари ахлоқий туйғу ва инсоний фазилатлардан маҳрум бўлишлари, ҳеч қандай ахлоқ қонун-қоидаларига риоя этмасликлари мумкин, аммо у ўзини буюк ҳисоблайди ва буюк деб ҳурмат-эҳтиром этишларини талаб қилади.

Жоуд ҳақли равишда таъкидлаган эди:

“Миллий нуфуз ва улуғворлик амалда ўз иродасини бошқаларга ўтказишга қодир куч-қудратга эга бўлиш демакдир. Миллатнинг обрў-эътибори ахлоқий сифатлар билан боғлиқ эмаслигининг ўзиёқ миллатпарастлик сиғинадиган идеалга айблов ҳисобланади. Агар мамлакат фақат ҳақиқатни гапирса, унинг обрўси паст саналади. Амалдаги обрў, нуфуз, жаноб Болдуин айтганидек, ҳурмат-эътибор уйғотувчи куч-қудратга, бошқача айтганда, фугас ва ёндирувчи бомбаларга, уларни шаҳарларга, оддий фуқаролар устига улоқтиришга тайёр тургувчи йигитларнинг ватанпарварлик садоқатига боғлиқ.

Шундай қилиб, миллатга обрў келтирадиган хусусиятлар инсонга обрў келтирадиган хусусиятларга тамом тескари. Шундоқ экан, оброли миллатни маданий миллат деб бўлмайди. Мушт, пўписа воситасида келадиган обрў – обрў эмас” (Жоуд, I жилд, 152-153).

Ер юзидаги жами инсонлар бир-бирлари билан қон-қардош, жон-жигар эканлар, улар нима учун бир-бирларига ёмонликлар ва фитналарни соғинишлари керак. Оврупо билан Амриқонинг гуллаб-яшнашида демократиянинг улуғ хизматлари бор. Демократияни байроқ қилган халқларнинг бошқа мамлакатлар ва халқларга ҳам демократия шарофати билан хотиржам турмуш ва тўкин-сочин ҳаёт, тараққиёт кириб келишини исташларини биламиз. Биз буни имперализмнинг хуружи, Оврупо билан Амриқонинг эълон қилинмаган ғоявий-мафкуравий уруши деб талқин қилсак, тўғри бўладими? Улар ўзлари учун мукаммал деб билган тузум шаклини биз билан баҳам кўришга интиляптилар экан, уларнинг инсониятга яхшилик соғинишларини тушуниш қийин эмас. Мен бунинг ҳеч бир ёмон жиҳатларини кўрмаяпман.

Жаноб пайғамбаримизнинг, ўзларингизга раво кўрган нарсаларингизни бошқаларга ҳам раво кўринглар, деган ҳадисларини яхши биламиз. Мусулмонлар икки дунё саодати калити Қуръони карим ва Ҳадиси шарифни дунё аҳли билан баҳам кўрмоқчи бўлса, бунинг нимаси ёмон? Демократия биз назарда тутаётган идеалларнинг бир учқуни эканлигини била туриб, тилимизни томоғимизга ютиб туришимиз чин мусулмоннинг иши эмас. Биз сув ичган раҳмат дарёсидан бошқалар нима учун чанқоқларини қондирмасликлари керак. Мен бу соф ниятларга қарама-қарши турадиган ҳар икки томоннинг ҳам иддоаларига, ўлай агар, тушунмайман!

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон