Яхшиям ўқитувчилик касбини танламаган эканман…

Яхшиям ўқитувчилик касбини танламаган эканман…
20 views
11 March 2016 - 4:00

IMG_1095Автобусда уч нафар аёл ёнида ўтириб, уларнинг оғзидан чиққан гапларни беихтиёр эшитиб кетар эканман: «Яхшиям ўқитувчилик касбини танламаган эканман», – деган хулосага бордим.

Ҳар хил байрам-у, тадбирлар ўтказиш, совғалар олиш, синф хоналарини таъмирлаш, имтиҳонларни ташкиллаштириш, латта, қоғоз, металл чиқиндилари учун ва шу каби бўлар-бўлмас сабаблар билан йиғиладиган пуллар миқдорини аёллар дард-аламга тўлган оҳангда муҳокама қилиб, ўқитувчиларни қарғаб-қарғаб кетишди.

Мактабда йиғди-йиғдилар чиндан ҳам жуда кўп.

Ачинарлиси шундаки (бу ҳолатни ўша аёллар ҳам тилга олиб ўтди) ўқитувчиларнинг ўзлари ўз ўқувчиларини ёлғон гапиришга ўргатаётгани, яъни мактабга келган текширув комиссиясининг саволига, ўқувчилар: «Бизнинг мактабимизда ҳеч қанақа пул йиғилмайди»,- деб жавоб беришга мажбур қилаётганидир.

Назаримда, муаммо ота-оналарнинг ўз фарзандларига нақд пул етказиб бериш масаласида катта қийинчилик сезаётганида. Агар мактабга терминал ўрнатилиб, майли айримлари учун жиноий иш қўзғатишга арзийдиган даражада ғайриқонуний йиғди-йиғдилар карточка воситасида амалга оширилса, ўша ўқитувчи ўз ҳақи, бола-чақасининг ризқи-насибаси ҳақига бу қадар хунук қарғишлар эшитмаган бўлар эди.

Шокир Долимов

Манба: Facebook.com