Ёлғончи ялчимас, ўғри бойимас

Ёлғончи ялчимас, ўғри бойимас
191 views
11 March 2016 - 11:19

chinor-KarimovҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(4)

Кўрсатув тугагунча, Каримовга ўзларини яхши кўрсатиш учун улар минг марта терлаб-пишиб, минг марта жон бериб жон оладилар. Заҳарли илон ҳар кун заҳрини сочиб турмаса, ўз заҳридан ўзи заҳарланиб ўлиши мумкинлиги каби, улар ҳам ёлғон-яшриқ сиёсатга хизмат қилмасалар – ёлғон гапириб, миллатга хиёнат қилиб турмасалар, бир ҳафтада озиб-тўзиб, ичикиб бетоб бўлиб қоладилар.

Улар асл ҳолатни билмайдиларми? Бор кўргуликлар сабабчисиничи? Каримовнинг жоҳил ва яроқсиз бир раҳбар эканлигиничи?

Акси, барча-барчасини бошқалардан кўра, улар яхшироқ биладилар. Бутун Ўзбекистоннинг бошида икки муаммо борлиги, биринчиси президент Каримов, иккинчиси каримовчиларнинг ношудона сиёсати туфайли бадном бўлган пахта эканлиги, уларга исми-шарифлари сингари очиқ ва ойдин.

Аммо, барчасини билсалар ҳам, 90 фоиз аёллармиздаги касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, дарбадар ҳаётгузаронликдан, тўйиб овқатланмасликдан – камқонлиликдан, очликдан пайдо бўляпди. Бизда сифатли, оқсилларга бой озиқ-овқатлар камайиб кетди. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари каби тансиқ озиқ-овқатлар нари турсин, оддий сут ва қатиқни тўйиб емагач, оналар ва болаларда камқонлилик пайдо бўлади. Ўзбекистонда 80 фоиз аҳоли сут ва сут маҳсулотларидан тайёрланадиган озиқ-овқатдан етарли даражада баҳраманд бўлолмаяптилар. Оналар тўйиб сут ичмаса, кўкрагига сут келмайди, демайдилар.

Кўкрагида етарли сути бор она, ҳеч қачон боласини кўкрагидан узиб қўймайди. Аёлларга Аллоҳ инъом этган бу соҳир ҳиссиётни ва гўзалликни эркаклар ҳеч қачон тассавур этишга қодир эмаслар.

Оналар эркаклар шижоатсизлиги ва Каримов Мустақиллигининг тажовузи боис, ҳар кўчада бир сўм пул топиш илинжида сарсон-саргардон, уззукун йиллаб совуқ-иссиқда оч-яланғоч тентираб юргач, гоҳ кўкракка сут келса, гоҳ келмайди, холос. Оқибатида, она организимидаги сут ишлаб чиқариш жараёни бузилиб,  кўкракларда эскирган сут қотиб қолишни бошлайди. Қотган сут маддага айланиб, она кўкрагини саратон касаллигига мойил қилиб қўяди.

Бу муаммони ҳал қилишимиз учун биринчи навбатда, арзон сут маҳсулотлари етиштиш зарур.

Соғлом оналар ва соғлом болалар – миллат келажагидир.

Келажагимиз бўлмиш болаларимизга рисоладагидек таълим-тарбия бериб ўстиришимиз учун аёлларимизни Каримов истибдодидан озод этиб, уларни бошимизга кўтаришимиз кераклигини биламиз-у… Қўлимиздан ҳеч нима келмайди.

Лофчилар ҳам одам. Уларда ҳам кўз, қулоқ, юрак бор. Сут ва сут маҳсулотлари ниҳоятда қиммат эканлигини, улар яхши биладилар. Барибир, улардаги эътиқодсизлик ва нафс қуллиги, уларни ёлғон сўзлашга мажбурлайди…

Тўла қонли фуқаро миллат ва мамлакат тақдирига бепарво бўлолмайди. Ҳар бир фуқаро ҳукумат ва у юргизаётган сиёсатга муносабат билдиришга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб боришга бурчлидир.

Муносабат; фуқаронинг тирик мурда эмаслиги далолати экан, Озодлик ва Ҳурлик учун курашни бир он ҳам тўхтатиб бўлмайди.

Озодлиги ва Ҳурлиги йўқ одамнинг, қафасдаги маймундан фарқи йўқ.

Ундан ҳам муҳими, салбий ёки ижобий, деб ҳисоблаган нарсаларга нисбатан фуқарода мўътадил қарашлар шаклланган бўлиши керак. Каримовча тор ва шахсий манфаатлардан келиб чиқиб қараш; якка шахсларни ҳам, жамиятни ҳам аросат ҳудудларига олиб кириб, охир-оқибат уларни ўзларининг умрига зомин этади. Бу дегани, ҳаётга ва одамларга нисбатан нотўғри муносабат ва фикрда бўлиш, мамлакат бошида турган шахснинг умр овқатига айланса, у одамларни пичоқсиз сўйиши баробарида, уларнинг бўйнига айби бўлмаса ҳам айбдор эканликлари тўғрисидаги ёрлиқни ҳам осонгина осиб қўяди, деган маънони англатади.  Шунинг учун ҳам ҳар қандай муносабат – бу ҳали тўғри фикр ҳам, тириклик ҳам дегани эмас.

Ҳар қанақа фикр, кимсанинг шахс сифатидаги онги-тафаккури ва жамиятдаги инсонийлик даражасини белгилайди.

Каримов сингари зўровонлик билан ўзгаларга ўз фикрини тиқиб-тиқиштириш – вақтинчалик бир нарса бўлиб, уни одамлар қўрққанлари сабаб тан олиб турганлари билан реаллик ҳар куни унинг қарашларининг ҳаётга нисбатан тамоман ётлигини намоён этиб тураверади. Шу учун ўзи яшаб турган жамиятга бепарво бўлмаган фуқаронинг муносабати, биринчи навбатда, ўзига – хотини ва болалари – бутун оиласига меҳр-муҳаббатини, адолатини, уларнинг тақдири-аъмолларининг яхши тарафга ўзгаришида, масъуллият ҳисси елкасида эканини англаб яшаётганини билдиради.

Шундай экан дунёдаги демократик давлатлардаги ҳур фуқаролар сингари Ўзбекистонда ҳам ўзини ҳақиқий фуқаро ҳисоблайдиган ҳар бир инсон, сиёсий нуқтаи назарини баён этиб: президент ва пахта Ўзбекистон тараққиётининг ва миллат бахт-саодатининг кушандаси… Аъло сифатли сут ва гўшт, дунёда тенги йўқ ширин-шакар мева-чевалар етиштириш учун Каримовни миядаги ўсимта каби ҳаётимиздан ситиб ташлаб, пахтани кескин қисқартирмасак, яқин келажакда узил-кесил ҳалокатга учраймиз… Ялғон-яшриқ жонга тегди… Ота-боболаримиздан қолган: ёлғончи ялчимас, ўғри бойимас, деган гап бор… Ҳаром-ҳариш нарсаларни йиғиштириб, бўладиган ишлар билан шуғулланиш керак, дейишга ҳаққи бор-ку!

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон