Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
109 views
12 March 2016 - 11:48

IKA(9-бўлим)

Албатта, намойиш ҳаракатга чигалликлардан кўра, бир неча баравар кўп некбин ўзгаришлар олиб кирди.

“Лофчи”лар ва “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”лар жамият ҳаёти учун бегона эмасдилар. Бу муаммолар, ўзбек ҳамжамияти билан бир ўзанда асрлар бўйи, тенгма-тенг оқиб келаётган – руҳий жоҳилликлар билан боғлиқ кўҳна касалликлар тарихидан иборат эди.

“Ҳой-ҳойчи”лар ҳамма замонлардаги сингари кузатувчи мақомидан “мувафаққиятли” ўтгач, ҳаракат бошида турган йўлбошчиларни ўз таъсир доираларига олиш учун юриш бошладилар. Бу юриш аниқ режа ёки уюшган гуруҳ мисолида бўлмай, онгимизни қамраб олган ялтоқланиш, ҳийла-найранг, мунофиқлик асосида, ички эҳтиёжлар силсиласи билан ўз-ўзидан автоматик тарзда ўртага чиқаётган эди.

Ўзбекларни поракандаликка олиб келган бу қусур тарқоқлиги, ўзига хослиги билан диққатга сазовар эди. Мақсад битта бўлса ҳам, улар ҳеч қачон бир мушт бўлиб бирикмас эдилар. Бирикканларида эдилар, энг аввало улар уюшган гуруҳлар шаклида намоён бўлган бўлардилар. Олий мақсадлари мол-дунё ва шон-шуҳрат орттириш бўлгач, улар жиноий йўллар билан ҳам мақсадларига эришаверардилар. Олтмиш йилдан ортиқ Ўзбекистонни армани мафиясига ўхшаш ҳар турли жиноий гуруҳлар, ич-ичидан қурт каби кемирмасди…

Мавриди келганда, шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз кўринади. Салимбой билан Гафурбой ҳам армани мафияси этагидан ушлаб, “дунё танимаганда” эди, шу пайтгача амалга оширган жиноятларининг мингдан бирини ҳам амалга ошира олмаган бўларди. Уларга “таълим-тарбия” берган армани мафияси эса, неча юз йиллик анъаналарини давом қилдириб келарди.

Яна, ўзбеклардаги ҳавфсаласизлик ва лоқайдликнинг ҳар қанақа жиноятдан ҳам ёмонроқ эканини айтмасак, бир ёқламалик қилган бўламиз.

Лофчилар ва “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”чиларга ўхшаганларнинг бу ишларни эплай олмасликларига сабаб, улар эзилган, тарихий илдизларидан узилган бир миллат ичидан чиққанлари эди. Жуда кўп нарсаларни хаёл қилсалар ҳам, уларда биринчи навбатда, бу ишларни амалга ошириш учун ҳеч қанақа малака йўқ эди, кейин улар қўрқоқ ва олчоқ эдилар.

Яна, миллатнинг жасурлари ва онгли қатлами ҳар доим қирилиб келгани учун улар ёвқир билан олчоқнинг, ориф билан омининг фарқига бормас, ҳар қандай йўл билан бўлсада, кўзлаган манзилларига қараб силжийверардилар. Думга ўхшаб, бош қайси томонга қайрилса, “эргашмоқ”, уларга одат эди.

Ажабланарлиси, улар ҳеч бир замонда кўзлаган чўққиларини забт эта олмас, хатоларни ҳеч қачон кечирмайдиган ҳаёт қонунлари, уларни ўргимчак каби ҳар сафар туйқусдан ҳавойи хаёллар калавасига чуваб ташларди.

Ҳақиқий думдан уларнинг битта тафовутланадиган жиҳатлари бор эди: Одатда, дум ҳеч қачон эгаси бошига заррача талофат етказмас, бу думлар ҳар қанақа бошни вақти соати етиб, еб битирар ва ўзларига янги бош қидирардилар.

Бу кабилар, биз ўзбеклар учун одатдаги ҳолат бўлиб, “Бирлик”нинг ўртага чиқишидан мақсад; жамиятни мана шунақа балолардан халос этиш учун эди. Хос иллатлардан ўзини халос этмаган миллатнинг Озодлик ва Ҳурликни хаёл этиши, кулгули бир нарса эди.

Ҳайъат ичида бу каби салбий анъаналарга қарши туриш нари турсин, миллатни абгор қилаётган қусурларни фазитлатга йўюувчилар кўпчиликни ташкил этар, миллат онгида инқилоб ясаш учун олдин, ҳайъат ичидаги кўпчиликнинг онгида ўзгариш ясаш зарур бўларди.

Бу йиқилган бир мамлакатни қайта тиклашдан кўра, мураккаб ва таҳликали бир иш эди.

Феълимиздаги камчиликларимизни яхши англайдиган Муҳаммад Солиҳ билан, шунинг учун ҳам ҳар қандай кимса осонликча чиқишиб кетавермасди. Эътиқоди ва мақсади йўлида, ўзини ҳам аямайдиган Муҳаммад Солиҳ Озодлик ва Ҳурлик йўлида, отасига ҳам ён бермаслигини, унинг яқин атрофидагилар яхши билардилар.

Кимликларини яхши англамайдиган баъзи бировлар, ўзлари билмаганлари ҳолда, ўзларининг билимсизлигини ёки эътиқодда собитқадам бўлолмаслигини – Муҳаммад Солиҳдаги “кибр” ва “қўрслик”ка ўхшаш салбий жиҳатлар билан беркитмоқчи бўлардилар. Бу, улар учун муаммони ҳал қилишнинг энг осон усули эди. Уларнинг Муҳаммад Солиҳ билан очиқдан-очиқ баҳслашишга, матбуот орқали уни “реваниш”га чақиришга қурблари етмасди. Бас, шундай бўлгач тилларини ҳам тиймасдилар.

Бу ҳаммаси, “Бирликка” талофат етказарди.

Ҳайъат аъзоларининг кўпчилиги бу кабиларнинг оғзига уриш ўрнига, борҳо оловга мой сепар, бу кун-кундан зиддиятни кучайтирарди.

Бировнинг кимлигини билмасдан баҳо бериш ҳамманинг  ҳам қўлидан келар, бировларнинг аввалбошдан фазилатларини кўришга ҳаракат қилиш эса, ҳамманинг ҳам иши эмасди.

Намойишдан кейин “Бирлик” сафларига янгидан-янги гуруҳлар келиб қўшилди. Бектемирдаги қозоқ-ўзбек гуруҳи бошлиғи Иброҳим Жуманов гуруҳи, мана шундай гуруҳлардан бири эди. Улар намойишга қозоқ тилида шиорлар кўтариб чиққан эдилар. Мовий матога битилган шиорда: ўзбек ва қозоқнинг бир миллат эканлиги, “Бирлик” йўли қозоқларнинг ҳам йўли эканлиги ҳақида ёзилганди.

Гуруҳ йигирма чоғли ўт-олов  йигитлардан тузилганди. Гуруҳда Камол, Қаҳрамон, Носир ва сариқ Иброҳим деган бир неча забардаст йигитлар бор эдилар. Улар, Каримов режими Ошкоралик ҳайдаб келган демократик қарашларни Ўзбекистондан буткул сиқиб чиқарган даврларгача ҳам кураш олиб бордилар.

Кейинроқ, уларнинг кўпчиликларини Қозоғистонга кўчиб кетди, деб эшитдим.

Саидолим Оқилов ҳам шунақалар сирасига кирадиган ўзбекнинг оташқалб йигитларидан бири эди. У Чилонзордаги Алгаритим даҳасига яқин маҳаллалардан бирида турарди.

Ўша замонларда ширкатлар машҳур бўла бошлаган эди. Қурилиш ширкатларидан бирида ишлайдиган Саидолим Оқиловни ширкат бошлиғи маош билан таъминлаб, “Бирлик”ка беркитиб қўяди. У йиллаб чарчаш нималигини унутиб, “Бирлик”ни мустаҳкамлаш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширди. Республиканинг ҳар бурчагида кезиб, янги гуруҳлар ташкил этди, минглаган одамларни “Бирлик” сафларида уюштириб, ташкилотчилик иқтидорига эга қанчадан-қанча йигитларни кашф этди…

Аммо “Бирлик”нинг “бўлиниш”и, унинг руҳиятига салбий таъсир этди. Самимийлигию, жасурлиги билан у асил ҳақиқатнинг тагига етолмади. Вақтида ўқиб ўрганмагани ва ақлни пешлашга имкони бўлмагани, унга қаттиқ панд берди. У гапимга қулоқ солишни истамади. Абдираҳим Пўлатовнинг Муҳаммад Солиҳнинг “хоин”лиги хусусидаги сўзларига учиб, у билан қолди.

Кўп ўтмади. У ҳам вақт изми билан оқ-қорани таниб, Абдираҳим Пўлатов билан бошқаларга ўхшаб, “сан-ман”га бориб, ажрашди. Бироз вақт ҳеч қанақа сиёсий ҳаракатларга қўшилмай юрди. Кейинроқ, Васила Иноятова билан ҳамкорлик қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мени излаб келаркан, Васила Иноятованинг ҳукумат билан ҳамкорлиги хусусида, сўзлаб, у ердан ҳам кетганини айтди.

Унинг, энг оғриқли ҳикоялари Миролим Одилов хусусида эди. Миролим Одиловнинг мунофиқликларини, порахўр, хотинбозлигини, ҳаромхўр, ёлғончилигини сўзлаб, у адо этолмасди. Абдираҳим Пўлатовнинг шу каби кимсаларни атрофига йиғиб, “Бирлик”нинг илдизига болта урганини ҳам, у кеч бўлсада очиқ англаб етган эди.

У беш-олти йил олдин, юрак хуружидан тўсатдан вафот этди…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон