Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
79 views
13 March 2016 - 10:28

kultur-sanat-153843FX‘Kuytudeki kulübe’ (“Этакдаги кулба”) китобим туркчада чиққани, нашриёт маҳсулотлари қаторида китоб кўргазмасига қўйилгани ва келаётган шанба (12 март) “Имзо куни”м деб белгилангани муносабати билан Истанбулдаман. Фурсатдан фойдаланиб, сафар таассуротларимдан айримларини сизлар билан қисқа-қисқа ўртоқлашиб тураман, иншаоллоҳ.

1. ФУАР – КИТОБ КЎРГАЗМАСИ

Айтишларича, CNR Kitap Fuarı Туркияда TÜYAP Fuarı дан кейин иккинчи энг йирик китоб кўргазмаси экан. “Дунё тижорат маркази” деб номланган жамлоқда улкан-улкан биноларга ерлашган.

Олдиндан танишиш ҳамда китобимни босган нашриёт мудирининг имзо кунини йўқлаш учун 6 март куни кўргазмага бордим. Отатурк қўналғасига бир бекат етмасдан олдинги бекатда метро вагонидан тушдим. Бекат очиқликда эди.

Илк диққатимни тортгани – вагонлар деярли бўшаб қолди, деярли ҳамма мен бораётган томонга оқаётган эди ва яна деярли бари ёшлар!

Киришга яқинлашганимда одамлар тўхтаб турганини кўрдим. Қарасам, навбат, орқаси кўринмайди. Одамлар уч-тўрт қатордан илонизи бўлиб 50 метрдан узунроқ чўзилган. Ҳайрон бўлдим. “Булар бари китоб кўргазмасигами?” деб сўрадим шеригимдан. “Evet” деб жавоб қилди маҳаллий йўлдошим парвосизгина. Айтишича, ўтган йили бу китоб кўргазмасига 250000 (Икки юз эллик минг) одам келган. “Бу йил уч юз мингдан ошади деган тахминлар бор. Ҳолбуки бу йил энди тўртинчи марта ташкил этилиши”, деди.

Ичкарида ҳам одам тўла эди. Бир кўз ташлаганда юздан ортиқ нашриёт қатнашаётганини чамаласа бўлади. Бу яна битта холлда! Ёнидаги иккинчи холлда ҳам деярли шунча нашриёт ва шунча одам. Балки дам олиш куни бўлгани учундир. Лекин барибир китоб кўргазмасига шунча одамнинг келиши кўзни қувонтирар экан.
Йўлда пешин намозини ўқиёлмаган эдим. Мачитни сўрадим. Кўрсатиб юборишди. 2-холлга махсус мачит қуриб қўйилибди. Ёнида таҳоратхонаси бор. Мачитнинг бир бўлмаси аёлларга ажратилган.

Сўнгра асрни, шомни ҳам шу ерда ўқидим. Яна бир кўзим қувонгани – кўргазмага келганларнинг 60 ё 70 фоизи намозхон экан деб чамаладим, аёллари ҳам ўранган. Жамоат вақтига улгурмаганлар оқиб келиб ўқиб кетяпти. Бу ҳолни ҳам роса мириқиб томоша қиладиган!images (2)

Китоблар матбаачиликнинг охирги ютуқлари асосида босилган. Гўзал ва ранг-баранг. Шунга қарамай, нархлар қиммат эмас. Ўзбекистонимиздаги нархларга солиштирганда ҳам ё тенг, ёки арзон.

Йўқ мавзунинг ўзи йўқ. Дунёнинг энг номи чиққан асарлари барчаси таржима қилинган. Сарлавҳаларнинг ўзини қараб мамлакатда матбуот, сўз, фикр эркинлигига баҳо берса бўлади.

Мана, бир мисол. Туркияда Мустафо Камол Отатурк номи ва шаъни нечоғли улуғланишини ҳамма билади. Аммо бир пештахтада “Отатуркни мен ўлдирдим” деган бир китоб турибди!

Энг хушимга кетгани – кўргазмага кираверишда чап томонда махсус Еngelliler (ногиронлар) бўлими ташкил этилибди. Ҳамма нарса – китоб ва бошқалар уларга бағишланган. Чой ташкил этилган. Соғлому ногиронлар аралаш ўйин-кулги қилишяпти. Жўр бўлиб туркча бир қўшиқни айтишяпти. Ўртада аравачада ўтирадиган ногиронлар ўзларига хос ҳаракат билан ўйнашяпти. Ҳамма шод, ҳамма хуррам. Ногиронлар ўзларини жамиятнинг энг эътибордаги бир бўлаги ҳис қилаётгани юзлари, кўзларидан балқиб билиниб турибди. Томошабинлар кўп. Ҳамма тилпонига тасвирни туширяпти.

Хуллас, шу куни уйга кўнглим роса кўтарилган ҳолда қайтдим.

(Давоми бор)

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com