Халифалик биринчи галда диний тизим

Халифалик биринчи галда диний тизим
28 views
13 March 2016 - 11:41

breinФитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(5)

Пайғамбаримизга Илоҳийдан муқаддас Қуръон инганидан кейин жаҳолат ботқоғига ботган одамлар ўзгарди. Ҳозирги одамлар билан уларни ҳеч бир жиҳатдан бир-бирларига таққослаб бўлмайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сафдошлари шу қадар ажойиб эдиларки, дин, ахлоқ, ижтимоий фаоллик, сиёсат, хуллас, маданий жамиятнинг барча жиҳатлари уларнинг ҳаётида ярқираб кўзга ташланиб турарди.

Юракларида иккиланиш йўқ эди, маънавий жиҳатдан яхлит шахсиятлар шу боисдан ҳам инсониятни бошқаришга муносиб эдилар. Биз инсоният тарихида мусулмонлар “хулафои рошидин замони” деб атайдиган ўша даврдек чароғон даврни кўрмаймиз.[1] Бу даврда идеал давлатнинг идеал фуқароси бўлиши учун инсоннинг бутун моддий, ахлоқий ва маънавий имкониятлари ишга солинган эди. Давлат ахлоқ талаблари нуқтаи назаридан баҳоланар, урфу одат эса инсоний қадриятлар аҳамиятини кўтариш ва жамият ҳаётида адолат ўрнатишдаги салмоғи билан қадрланар эди.

Гарчи ислом давлати ўша даврнинг энг қудратли ва энг бой салтанати эса-да, унинг қаҳрамонлари дунёвий шон-шуҳратлари билан эмас, балки пок хулқ-атворлари, олижаноб табиатлари билан машҳур эдилар. Куч-қудрат билан ахлоқ ўртасида зиддият йўқ эди. Маънавий ҳаётни моддий бойликлар босиб кетишига йўл қўйилмас эди. Шу сабабга кўра, ислом дунёсида бойлик-бисот мўл-кўл ва аҳоли турли-туман қавмлардан иборат бўлишига қарамай, жиноятчилик оз эди. Бу давр ҳозирга қадар кечган инсоният тарихида мусаффо фасл – энг сўлим баҳор эди. Булар бари мусулмон давлати тепасида турганларнинг имон, эътиқод кучи, етуклиги ва тайёргарлиги туфайли юзага чиққан натижа эди. Улар ислом давлатига қайси бир йўсинда хизмат қилишмасин, ислом ахлоқининг тимсоли мужассами бўлиб қолавердилар. Маъмурларми ёки кичик амалдорларми, аскарларми ёки тартиб-интизом посбонларими, қай бир амалда бўлишмасин, ўз вазифаларини ажойиб бир камтарлик ва ҳалоллик ила, сидқидилдан адо этдилар.

Мусулмон аскарларининг намунали юриш-туриши, яхши сифатлари ҳақида византиялик зобитнинг айтганлари ёрқин мисол бўла олади:

“Кечаси тоат-ибодат қилишади, кундузи рўза тутишади. Улар ваъдаларига вафо қилишади, яхши амаллар қилишга даъват этишади, ёмонликка йўл қўйишмайди, ҳаммани тенг, баробар кўришади” (Мужоласа).

Бошқаси шундай гувоҳлик беради:

“Улар кундузи суворий, кечаси зоҳид. Ўзлари истило этган ерларда ҳам овқатга ҳақ тўлашади. Қайга боришмасин, биринчи бўлиб салом беришади. Улар – душманларни тирқиратиб қувувчи жасур жангчилар” (Ибн Қиёсир, VII жилд, 16).

Учинчиси шундоқ деган эди:

“Кечаси улар тоат-ибодатдан бўшамайди, кундузги соатлари от устида кечади. Кўриб, умр бўйи шу иш билан машғул бўлишган деб ўйлайсан киши. Улар камондан ўқ узишга, найза отишга жуда моҳир, бунинг устига бағоят художўй, бир лаҳза бўлса ҳам Тангрини тилдан қўйишмайди, суҳбатларида бошқа нарсалар ҳақида деярли гап-сўз йўқ” (Ибн Қиёсир, VII жилд, 16).

Ана шундай ахлоқ ва тарбияга эга бўлишгани учун ҳам мусулмон аскарлари Мадоин шаҳрида ўлжа олинган Эрон шоҳларининг афсонавий тожи билан беқиёс “Баҳор гилами”ни саркардаларига топширган, саркарда уларни шу ондаёқ Мадинага, Халифа ихтиёрига жўнатган эди. Қимматбаҳо ўлжаларнинг бекаму кўст етиб келганини кўрган Халифа ўз аскарларининг ҳалоллиги, сидқу садоқатидан бениҳоя мамнун бўлган эди ўшанда.

Бизнинг замонимизда худди мана шу воқеа такрорланса, аскарлар билан саркардаларни фурсатни қўлдан бой бермасдан тафтиш қиладилар. Қолганларини қайга яширдинг, дея қийноқларга тутиб, алалоқибат уларни халқ душманлари сифатида камида йигирма йилга қамаб юборадилар. Сабаби, тепада ўтирганларнинг ўзлари ўғри ва муттаҳамдирлар. Ўзлари шундай бўлгач, бошқалар уларнинг кўзларига ўғри ва муттаҳам бўлиб кўринверадилар.

Бир ёзувчи, инсон ҳаётида икки тур тасодиф бор, уларнинг қачон содир бўлишини ҳеч кимса айтолмайди, деб таъкидлаган эди. Бири – шахсга алоқадор, иккинчиси – жамоага, кўпчиликка мансуб. Бири – одамнинг қачон уйқуга кетиши, иккинчиси – миллатнинг қачон инқирозга юз тутишидир.

Аммо ислом давлати масаласида аҳвол ўзгача. Биз унинг юксалиш ва инқирозини бир-биридан ажратиб кўрсатмоқчи бўлсак, хулафои рошидин даври билан араб империализмининг пайдо бўлиши ўртасига чизиқ тортишимизга тўғри келади.

Халифалик биринчи галда диний тизим бўлиб, унинг сиёсий табиати иккиламчи ўрин тутар эди. Халифалик дастлабки тўрт халифа даврида ўзининг диний йўналишини сақлади, зеро, унинг тепасида турганларни Пайғамбар (а.с.)нинг жонли мўъжизаси деб аташ мумкин эди. Улар ўз эътиқодларининг тимсоли мужассами эдилар. Улар бир вақтнинг ўзида зоҳид, жамоат намозларида имом, масжидларда воиз, қози, қонуншунос, хазиначи, лашкарбоши, маъмур ва давлат арбоби эдилар. Шунга кўра салтанатда бутун ҳокимият – ҳам диний, ҳам дунёвий бир киши – халифанинг қўлида тўпланган, уни Пайғамбар (а.с.) тарбиялаб етиштирган бир гуруҳ маслаҳатчилар ўраб турар эди. Халифа маслаҳатчилар билан кенгашиб иш тутар, Пайғамбар (а.с.) таълимоти бутун ижтимоий ҳаётни ёритиб турар, диний ва дунёвий фаолиятлар доирасида тўқнашувлар бўлишига йўл қўймас эди.

Бу дегани – барча мамлакатларни битта халифа бошқариши керак экан, деган маънони англатмаслиги зарур. Ер юзидаги жами мамлакатлар, миллатлар, кичик ва катта халқлар озод ва ҳур бўлишлари ва шунинг баробарида, улар ўз тақдирларини ўзлари белгилашлари керак. Орзумиздаги жамиятни қурганимизда, уни бошқалар атрофдан ҳамиша кузатиб туришлари аниқ. Тизим лойиқ бўлса, хоҳласак-хоҳламасак, ўзгалар шундан андоза олаверадилар. Бунга Амриқо демократияси ёки японларнинг ўзлаштириш тараққиёти тўла мисол бўла олади. Бошқа бир тузум афзалликлари қалқиб юзага чиқса, уни ўрганиш иймондандир. Қусурларини фазилат деб ўйлайдиган бизнинг ҳукумат бу кабиларни тушунишни хоҳламайди. Улар ислом хусусида оғиз кўпиртирадилару, Шаҳодат калимасини қайтаришни билмайдилар. Унинг маъно-моҳиятидан жуда йироқдалар.

Ўзини дин-диёнат ҳомийси қилиб кўрсатишга мойил президент ўйлаганидек, исломда бир-биридан айрилган диний салтанату дунёвий салтанат бўлмайди ва бу бошқарув инсондан юксак диний, ахлоқий, ақлий ҳамда бошқа сифатларга эга бўлишни талаб қилади. Давлат раҳбари ёки имом юксак шахсий фазилатлар соҳиби бўлиши билан бирга жиҳод ва ижтиҳод заруратини ҳамиша юракдан чуқур ҳис этмоғи даркор.

[1]

  Хулафои рошидин – тўғри йўлдаги халифалар: Абу Бакр ас-Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон