Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
152 views
14 March 2016 - 12:38

HAVAALANI(Саёҳатнома)

2. ИЛК ТААССУРОТ

Туркияга бундан олдин уч марта (1997, 2009, 2013 йиллари) келганман. У таассуротларим ҳам ўзига хос. Вақти билан ёзарман, эълон қиларман. Ҳозирча фақат бу галгиси ҳақида ёзмоқчиман. Лекин лозим топганимда айрим эски хотираларимни ҳам эслашимга тўғри келади, албатта.

Истанбул Туркиянинг осмон дарвозаси. Яъни, Туркияга бутун дунёдан келаётган учоқлар бу шаҳарга қўнади. Ўзим кузатдим: Истанбул осмонини бир он ҳам учоқсиз, холи кўрмайсиз. Ҳар бир ё бир ярим дақиқада учоқ қўняпти ё учяпти! Дунёнинг нодир йирик шаҳарларидан. Истанбулнинг бир чеккасидан бошқа чеккасигача масофа Тошкентдан Қўқонгача десам лоф бўлмайди. Бу дегани шаҳарнинг бир бошидан бошқа томонига етиб олгунингизгача Тошкентдан Қўйлиқ паккасидан йўлга чиқиб, Қўқонга етиб ҳам олиб, водий дарвозасининг тезпиширар ошхоналаридан бирида паловхонтўрани уриб олса бўлади Ўшанда ҳам тиш кавлашга вақт ортиб қолса ажабмас. Гап шундаки, Истанбулнинг ички йўллари узоқлигидан ташқари улов кўплигидан кўпинча (айниқса эрта билан ва кечки пайтлари) йўллар тиқин ҳам бўлади.

Хуллас, қўналғадан минганимиз такси шаҳар ўртасидан Ускудар (шаҳарнинг Осиё қисми) сари елиб бораркан (сўрасам, ҳайдовчи айтишича, йўл очиқ бўлса тезликни 120 гача оширса бўлар, биров тўхтатмас эмиш), ойнадан Истанбулни томоша қилиб борардим. Ҳар куни бу ерда яшаётганларга балки унча сезилмас, аммо анча-мунча йилда бир келадиган одам шаҳардаги кескин ўзгаришларни сезмай қолмайди. Қирқ, эллик, олтмиш қаватли уйлардан ташқари ҳажми ҳам буюк, шакли ҳам ажойиб иморатлар роса кўпайибди.
– Булар ҳаммаси кейинги 10-15 йилда қурилди, – деди кирачи.

Табиий, Туркиянинг тобора тез бойиб, юксалаётганини турли хабарлардан юртда ҳам сезиб турардим, ҳозир ҳам кўзим билан кўраётган эдим. Агар Амир Темурнинг “Бизнинг қудратимизни кўрмоқчи бўлганлар қурган иморатларимизга боқсинлар” (матндан эмас, эсимдан олиб ёздим), деган ўлчови билан ўлчаганда ҳам, шубҳасиз, Туркиянинг бугунги қудратини сезмаслик ё кўрмаслик мумкин эмас эди.

Кирачи ўқиганроқ чиқиб қолди. Ёки бу ерликларнинг оддий кирачиси ҳам сиёсатчи бўладими, ҳарҳолда бу юксалиш сабабларини ўзича тушунтира бошлади. Гапларини чала-ярим тушунмай қолаётганимдан ташқари, унча қизиғи ҳам йўқ эди. Зотан, натижа шундоқ ҳам кўриниб турибди.

Бу менинг Истанбул тупроғига қадам қўйиб, то менга ажратилган ерга етиб боргунимча олган илк таассуротим эди.

ODAwMzE2NT-diyanet-abdde-yeni-bir-cami-acti3. ИЛК ТОНГ, ИЛК АЗОН

Тошкент вақти билан соат 17:50 да учган учоқ Истанбулга маҳаллий вақт билан 21:15 да қўнган. Орадаги 2 соатлик фарқни қўшсак осмонда ҳаммаси бўлиб беш соату йигирма беш дақиқа бўлдик. Йўлнинг табиий қийинчилиги, бунинг устига қўналғада бир оз ушланиб қолганимиз, кутиб олувчилар ила яна икки соатча шаҳар ичида такси йўлчилиги, ўзимизга ажратилган уйга жойлашиш, озгина тамадди… хуллас, ҳам чарчоқ, ҳам кеч бўлиб кетгани ётар олдидан менда, бомдодга тура олмай қолсам-а, деган хавотирни уйғотди.
Тилпоннинг уйғотувчи хизматини уладим. Ҳар икки дақиқада қайталайдиган дастурига қўйдим. Онасига ҳам вақтли туришни тайинладим. Кўрпага кирарканман, Оллоҳга илтижо қилиб, ғафлатдан асрашини ўтиниб сўрадим. Ва…

Қачон уйқуга кетганимни билмайман…
Бир пайт шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Уйқум ўчиб, шуурим тиниқлашган сари билдимки, тош қотиб ухлаб ётган мени илкис уйғотиб юборган “шовқин” аслида шовқин эмас, азон саси экан.
Азон!

У мени намозга чақираётган эди. Гўё тепамгача келиб кимдир мени намозга чорлаётгандай бўлди!
Илк “Оллоҳу акбар!” садосиёқ мени қаттиқ уйқудан уйғотиб юборди. Қизиғи, тунги чарчоғимдан аср ҳам қолмаган эди.

Азоннинг гулдурос овози мени маҳлиё этди. Эгнимга спорт нимчани ташлаб, уй айвончаси (балкони)га чиқдим.

Жойлашган уйимиз (ўтган гал келганларимда билганман: бу ерда бунақа уйларни “Апартман” дейишади) ўзи тепаликка қурилган, бунинг устига тўққиз қаватли, яна бунинг устига энг тепа қавати бўлганидан тонгги Истанбул катта-кичик чироқлар шуъласидан живир-живирлаб худди оёғим остида ястаниб ётгандек турарди. Ҳар маҳаллада осмонга нур таратиб турган миноралар, ҳаммасида орқама-кетин янграётган азон!..

Муаззинлар Истанбулни уйқудан уйғотиб, “Намозга шошилинглар! Намоз уйқудан афзалдир!” деб жар солишда давом этарди. Тўғриси, анчадан бери бунақа маза қилмаган эдим!

Азонни томоша қилдим! Ўзиям нари-бериси билан ўн дақиқача Истанбул осмони азон сасига тўлиб-тошиб турди!

Бирдан тунги хавотиримни эслаб, хижолат бўлдим. Бу ерда тилпоннинг уйғотувчи жингиллоғидан қудратли, жонли азон борлиги нимага бирдан эсимга келмади! Бўлмаса, олдинги гал келганларимда ҳам бундай азонлар чорлови билан намозлар ўқиган эдим-ку…

1992 йили Наманганга борганимда ҳам худди шунақа ҳолатга тушган эдим.

Ўшанда “Моваруннаҳр” нашриётида ишлар эдим. Диний идора ходимлари билан бирга кўпчилик бўлиб Наманганга – зарур бир йиғилишга борган эдик. Довон ошиб, ўшанда ҳам толиққанмиз, кечгача тадбирлар бўлиб яна чарчадик ва ётар пайти худди шунақа хавотир туғилган: “Ишқилиб, бомдодга ухлаб қолмайин-да…”

Қўшни хонага жойлашган Салоҳиддин қори акага (Оллоҳ раҳматига олсин): “Билиб бўлмайди, уйғотиб қўярсиз”, деб илтимос қилиб ётганман…

Ўшанда ҳам худди бугунгидай гулдурос азон товушлари уйғотиб юборган, сўнгра… келган еримиз Наманган эканини эслаб, кечасидаги хавотиримдан хижолат бўлган, ҳам кулган эдим.

У пайтлари Наманганда азон айтилганидан уч-беш дақиқа ўтказиб ўзбекча қўшимча ҳам қилинарди: “Ҳов, биродарлар! Ухлаб қолманглар! Намоз уйқудан афзал! Намозга келинглар-ов!..” Ва ҳоказо.

Мана шунақа тассуротлар, мана шунақа хотиралар билан Истанбулда илк тонгни қаршиладик.

erdogan-cuma-namazlarini-kildiracak-55925-54. ДАВЛАТ УСТУНЛАРИ ЖУМАДА

Истанбулнинг Ускудар ёқасида яқинда янги жоме қурилган деб эшитдим. Бир жумани оилам билан бирга ўша ерда ўқигим келди.

Манзилни излаб топиб бордик. Узоқдан мачитга кўзим тушган заҳоти бино менга ёқди. Бир томонидан Мармара университети Илоҳиёт факултаси билан иккинчи томондан Капитол олиш-бериш маркази ўртасига катта майдонга қурилган бу жоме ўзига хос лойиҳада эди. Гумбази ҳам, минораси ҳам қадим услуб билан замонавий услубнинг қоришмасини кўрсатиб турарди.

Яқинлаша бошладик. Одамлар кўп. Бизга ўхшаб янги мачитда жума намозини ўқимоқчи бўлганлар шекилли деб ўйладим. Нимагадир теваракда полислар ҳам тез-тез кўзга ташлана бошланади.

Мачит майдонининг бурчакроғига келганимизда полис текширувидан ўтдик. Кўча ёқасида алламбало мошиналар тиқилиб кетганини кўрдик. Йўлак бўйлаб катта-катта гулчамбарлар тизиб қўйилибди. Биронта амалдор оламдан ўтибди шекилли деб ўйладим (туркларнинг одатида жанозага яқинлари гулчамбарлар олиб келади ёки юборади). Чиндан, гулчамбарлар орасида Бош вазир Аҳмад Довуд ўғли номини ҳам ўқиб, тахминим тўғри чиққанини билдим.

Зинадан мачит саҳнига чиқарканмиз, излама ускуналар орасидан ўтказилдик. Шу ерда онаси чидамади: аёлларни текшириб ўтказаётган ёш-ёш полис жувонлардан ўзбекча-туркча оҳангни аралаштириб: “Ким ўлди?” деб сўради.

Билсак, Туркиянинг собиқ президенти Абдуллоҳ Гулнинг қайинотаси оламдан ўтган, жанозага Туркиянинг давлат устунлари келиши кутилаётган экан.

Энди мачитнинг тасвирини ва таассуротларимни кейинга қолдираман. Ҳозир асосий гапга ўтақолай.

Орада қолдирилган йўлакдан ўтиб бориб хонақонинг ўртароғига ўтириб олдим. Менинг ўтиришимга воиз (Туркияда кўп йирик мачитларда жума воизи бошқа, имом бошқа бўлади) ҳам суҳбатни бошлади. Бирин-кетин телевизорларда кўриб юрганимиз сиёсат одамлари ҳам келиб, олд қаторда тайёрлаб қўйилган ерга ўтиб туришибди.

Хутбаолди азонига беш дақиқача қолганида одамларнинг ўгирилиб қарашидан хонақога асосий одамлар келгани билинди. Ўртадан йўлак қолдирилганига қарамай ҳадеганда улар олдинга ўтавермади. Ярим туриб-тиззалаб орқамга қарадим: Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон, ўнг ёнида собиқ президент Абдуллоҳ Гул, чап ёнида Бош вазир Аҳмад Довуд ўғли ва яна мен танимайдиган бошқа арбоблар энг охирги қаторда ўтиришар ва хиёл бош эгиб воизнинг насиҳатларига қулоқ солишар эди…

Жамоат орасида менга ўхшаган қизиқувчилар бир-бир орқаларига қараб қўйганини демаса, асосий кўпчилик воиздан кўзини узмай, унинг ваъзларини тинглашда давом этаверди.

Диққатимни тортган нарса – баланд супада насиҳат қилаётган воиз арбоблар ўтирган томонга қараб ўтирганига ва улар кириб келганини кўрганига қарамай сўзини тўхтатмади, мавзуни ҳам ўзгартирмади ва то охиригача на Бош вазирнинг, на президентнинг номини тилга олди. Жаноза ҳақида ҳам индамади. Аммо ўлим ҳақида, бу дунёда одам ким бўлишидан, қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар ўлимни унутмаслиги, бир кун охиратда бу дунёдаги ишларидан сўралиши ҳақида гапини давом эттираверди.

Хутбаолди азони чақирилгач, саловат айтилиб турганида имом минбарга салобат билан чиқиб борди. Арабча бошлаб, туркча давом эттириб, яна арабча тугатди, лекин у ҳам мачитга бугун кимлар келганию жаноза кимга тегишли экани ҳақида бир оғиз сўз айтмади. Умуман, сиёсатдан гапирмади.

Давлат устунлари охирги қаторда, муаззин ёнида намозни ўқишди, саловатларга жим қулоқ осишди, тасбиҳотларни ҳамма билан бирга тўлиқ қилишди, сўнгра одамларга аралашиб ташқари чиқишди, мачитнинг қибла томонида жаноза намози учун ажратилган махсус жойда биринчи сафда туриб жаноза намозини ўқишди, сўнгра… ҳамма қатори тарқаб, ўзларининг мошиналари сари кетишди…

Шунда Ибн Баттута хотира китобида ўтмишимиздан келтирган бир воқеа эсимга тушди. Илгарилари бизда ҳам худди шундай эди. Машҳур араб сайёҳи ўрта асрлар Мовароуннаҳр султони Тармаширин тутумидан икки шингил мисол келтиради (воқеа Бухорода бўлган). Ибн Баттута дейди:

1. “Бир куни мен пешин намозини адо этиш учун мачитга бордим. Аммо султон ҳали йўқ эди. Унинг маҳрамларидан бири жойнамоз келтириб, меҳроб яқинидаги одатда султон намоз ўқийдиган жойга ёзди ва (имом) Ҳисомуддин Ёғийга: “Султонимиз таҳорат олиб бўлгунларича намозни бошламай тураркансиз, шундай деб юбордилар”, деди. Имом ўрнидан туриб: “Намоз Оллоҳ учунми ё Тармаширин учунми?” деди ва муаззинга намозни бошлашни буюрди. Султон мачитга кириб келганида икки ракат намоз ўқиб бўлинган эди. У намозини одамлар оёқ кийимларини ечиб қўядиган жойда, мачит остонасида, қолдирган ракатларини ҳам қўшиб ўқиб олди. Сўнг ўрнидан турди ва имомга яқин келди, қўл олиб сўрашмоқчи бўлиб жилмайди. Мен имомнинг ёнгинасида турган эдим. Султон менга: “Юртингга борганингда ажамларнинг битта жулдурвоқи имоми турк султонига қандай муомала қилишини айтиб бергин”, деди”*.

Мана, қандай тўғрисўз бўлишган бизнинг имомларимиз! Мана, қандай камтар бўлишган бизнинг ҳам султонларимиз!

Хуллас, жума намозидан ажиб бир таассуротлар билан қайтдик.

* Кўчирма “Бу кунлар” китобимдан олинди. (Ибн Баттута. “Саёҳатнома”, 372-бет. “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти. Тошкент 2012 йил.)

10341680_462907740574151_4461929015295564750_n5. ИМЗО КУНИ

2016 йил 12 март.
Бугун CNR Kıtap fuarı да каминанинг имзо куни бўлди. Тўғриси, фуарга бир оз ҳаяжон билан келдим. Туркияда ижодим тугул шахсимни ҳам биров танимаса, одам келармикан деган хавотир ичимда йўқ эмасди. Лекин хавотирим пуч чиқди. Фуарга келишим билан нашриёт ходими суюнчи олди: “Китобингизнинг байи очилди, сота бошладик”, деди. Хурсанд бўлдим. Кейин…

Оллоҳ рози бўлсин, Истанбулда ва қўшни шаҳарларда таълим олаётган ўзбек ёшларидан бир гуруҳи кетма-кет келиб мени роса шодлантириб юборишди. Бир йигит Истанбулдан 150 чақирим узоқдаги шаҳардан атай имзо кунимга келибди. Кўплари фан докторлигига тайёргарлик қилишаётган экан. Бирлари яқинда турк қардошлар билан бирга Истанбулда 25000 сўзлик “Ўзбекча – туркча луғат” чиқарибди. Қувонарли ҳол албатта!

Бир турк қизи ўзбек тили ва адабиётига қизиқар экан. Китобимга имзо чектираётганида ўзбекчада чиққан “Этакдаги кулба” китобимдан сўраб қолди. “Солиштириб ўқийман”, дейди.

Яна бир турк йигити “1300 чақиримлик Эрзурумдан атай сизнинг китобингиз учун келдим”, деганида бошим яна бир кўкка етди. У ҳам ўзбек ва қозоқ тилларининг қиёсий тадқиқоти билан шуғулланаркан.

Хуллас, ўзбек ёшларимизнинг далдасию турк ўқувчиларининг ҳам фаоллиги кўнглимни кўтарди. Имзо куним ҳарҳолда кутганимдан аъло даражада – жуда жўшқин ўтди.

Таассуротларнинг қолганини суратлар айтсин:12806006_462907940574131_6570268227462943850_n 1935281_462907943907464_460124798990578269_n 11235327_462908037240788_5853655628007692350_n 10527607_462908763907382_8815335804187180032_n

(Давоми бор)

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com