Наврўз қайғуси, ёхуд “бизим ҳукумат Аллоҳнинг ишларига аралашмайди”

Наврўз қайғуси, ёхуд “бизим ҳукумат Аллоҳнинг ишларига аралашмайди”
17 views
14 March 2016 - 13:02

lY5Iqn13637062501423_bБугун бир танишим Тошкентда об-ҳавонинг совиб кетиб, ёмғир ёға бошлагани муносабати билан қайғули фикр билдирди. “Интернет хабарларига кўра, ёғаётган ёмғир ҳафта ўртасида қорга айланар экан. Энди Наврўз байрамини нишонлаш қандай бўларкан? Ишқилиб, байрам куни об-ҳаво очилиб кетсин-да!”, деди. Танишимнинг Наврўз қайғуси бундан 17 йил олдин содир бўлган бир кулгили воқеани эсмига тушириб юборди.

Ўшанда мен Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси (“УТИД”) да таржимон бўлиб ишлар эдим. Кассиримиз туркиялик Али Бадем (Ali Badem) деган киши бўлиб, Ўзбекистонга келгунча ўз юртида саккиз йиллик ўрта мактабни битириб, кейинчалик товуқ фермасида ишлаб, ота-онасини ва укаларини боқиш билан банд бўлган.

Ташкилотимиз Бош директорининг ўринбосари Жамила опа ҳамюртимиз бўлиб, фалсафа фанлари номзоди эдилар. Опа собиқ иттифоқ пайтида КПССнинг Тошкент олий партия мактабида доцент бўлиб ишлаганлар.

Мана шундай обрўли Жамила опа ўрта мактабни саккиз синфини битирган киши, яъни Али Бадемнинг қўлидан маош олаётганини ҳеч ҳазм қила олмасдилар. Али Бадемни кўриши биланоқ муҳтарама опамиз: “Товуқ фермасидан чиққан бир чорвадорнинг қўлидан маош олишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Эҳ, қандай замонларга қолдик-а?!”, деб қўярдилар.

Бечора Али бей ҳижолат бўлиб, дарров ўз кабинетига кириб кетарди. Ҳеч нима демас эди. Иложи борича опа билан тўқнаш келмасликка ҳаракат қиларди.

Жамила опанинг ташаббуслари билан 20 март куни ишхонамизда Наврўз дастурхони ёзилди. Ўшанда Тошкент ҳудди бугунгидек совуқ ва ёмғирли об ҳаво ҳукмида эди. Ўтирганлардан кимдир: “Эртага ҳам ёмғир ёғса, байрам нима бўларкан?!”, деди.

Қайғу тўла бу саволни эшитиши биланоқ Жамила опамиз гап бошладилар: “Хавотирга ўрин йўқ! Бизнинг ҳукумат ҳарбий учоқлар ёрдамида булутларни зарядлаб, пойтахтимиз устидан ҳайдайди. Байрам куни ҳаво очилиб кетади”, дедилар.

Кейин муҳатарама опамизнинг ўткир нигоҳлари овқатланиб ўтирган Алибейга тушди. Туркиялик кассиримизни яна калака қилмоқчи эдиларми ёки бошқа сабабми, ишқилиб, Жамила опа: “Алибей, Сизнинг ҳам ҳукумат Туркиядаги муҳим давлат байрамлари пайтида булутларни ҳайдайдими?”, деб, сўрадилар.

Али бей нигоҳларини овқатдан узмасдан: “ЙЎҚ, ЖАМИЛА ОПА! “БИЗИМ ҲУКУМАТ АЛЛОҲНИНГ ИШЛАРИГА АРАЛАШМАЙДИ”, деб, ҳаммани кулдирган эди.

Ҳа, Туркияда “ўрта мактабнинг саккиз синфини аранг битириб, товуқ фермасида ишлаган саводсиз” кассиримиз доцент опамизни ана шундай тарзда мот қилганди.

Наврўзни нишонлаш қайғуси билан яшаётган танишимнинг бугунги сўзлари ана шу воқеани эсимга тушириб юборди.

Мен ҳам танишимни Жамила опанинг: “Хавотирга ўрин йўқ! Бизнинг ҳукумат ҳарбий учоқлар ёрдамида булутларни зарядлаб, пойтахтимиз устидан ҳайдайди. Байрам куни ҳаво очилиб кетади”, деган сўзлари билан тинчлантирдим.

Лекин танишим менга: “Ахир, булутларни ҳайдаш Аллоҳнинг ишларига аралашиш-ку!”, демади. Чунки танишим ҳам Жамила опа сингари фан номзоди-да!

Бобомурод АБДУЛЛА

Манба: Facebook.com