Омонатга хиёнат-13

Омонатга хиёнат-13
122 views
15 March 2016 - 16:18

тройка2

Давлат ва ахолимиз муаммолари, уларнинг ечимлари ва тинчлигимизга хавф солаётган ички тахдидлар тўғрисида.

Бобомиз Амир Темурга вафо қилмаган тожу-тахт Ислом Каримовга ҳам, унинг режимига ҳам вафо қилмаслиги бугун аҳолимизга ойдек равшан кўринмоқда. “Яхшидан от, ёмондан дод қолади”-дейди доно ҳалқимиз.

Ислом Каримовни шахсий фаолиятидан ва унинг режимининг ишларидан фуқароларимизга нималар қолмоқда? Ким рохату-фароғатда яшади-ю, ким жабр-зулм кўрди улардан. Ислом Каримов ва унинг режимини айби, хато ва камчиликлари туфайли вужудга келган қуйидаги муаммолар ҳалқимизга, унинг фаол фуқароларига ечимини топиш учун қолмоқда.

1.Ўз харажатларини, ўз даромадлари билан қоплай олмагани учун 2010 йилда касодга учраган ва Ўзбекистон Молия Вазирлигининг Бюджетдан ташқари жамғармасига айлантирилган жорий пенсия тизими муаммолари.

2.Ахолимизни ночор ва ўрта ҳаёт кечирувчи қисмини сотиб олиш ва тўлаш қувватини йўқотганликлари сабабли ахолининг табиий газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сувдан, ер ва мулк солиғидан сунъий яратилган 3-4 триллион сўмлик қарзлари ва бу қарзларни улар тўлай олмасликлари муаммоси.

3.Чакана нархларни ўсишини тўхтатиш, ўзбек сўмини қадрини кўтаришни хохламаётган амалдорлар яратган муаммолар.

4.Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини асосий маҳсулотлари бўлган Пахта ва донни, такрор ишлаб чиқариш қонунларига зид тарзда, зарар келтирувчи баҳода ишлаб чиқарувчилардан сотиб олган ва сотиб олаётган хукумат амалдорлари яратган муаммолар.

5.Доллар қора бозори фаолияти, аҳолимиз ва давлатимиз манфаатларига зид эканлигини билсалар хам, ўзбек сўмини қаттиқ валютага айлантиришни асоссиз чўзиб юбораётган раҳбарларни ношудлик масаласи.

6.Ўзбекистон Марказий Банкининг “Монитар сиёсатидаги”-қора, қинғир ва яширин ишларини ошкор қилишни истамаётган раҳбарлар масаласи.

7.Ўзбекистон телевиденияси ва радиоси оддий фуқароларни манфаатларини хукумат амалдорлари поймол қилаётганлиги масаласини ўз фаолиятларида акс эттирмааётганликлари муаммоси. Ахолимизни сохта дўстларини ва ўзбек сўмини очиқ душманларини бефарқликлари сабабли қўллаб-қувватлаб келётганликлари муаммоси.

8.Ишдан олинган вилоят хокимлари ва юқори мансабдаги амалдорларга ўзларини оқлаш учун бирон-бир имкон берилмаётганлиги масаласи.

9.Ўзбекистон Судлари томонидан, қийноқлар асосида қўлга киритилган кўрсатмаларга асосланган холда суд Қарорлари чиқарилганлиги ва чиқарилаётганлиги масаласи.

10.Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конститутцияга зид буйруқлари юзасидан фуқароларни Конституциявий судига мурожаат қилишларини қонуний имкони йўқлиги масаласи.

11.Ўзбекистон фуқароларини давлатимизнинг энг юқори органи бўлмиш Олий Мажлисга ўз конституцион ҳуқуқларини тиклаш борасида мурожаат қилиш имкони йўқлиги масаласи.

12.Республикамиз аҳолисини барча худудларда табий газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан етарли равишда таъминлаш борасида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ечими масаласи.

13.Хукумат амалдорларининг ватанимизда мустақиллик йилларида қазиб чиқарилган 1400(бир минг тўрт юз) тоннадан ортиқ тиллани кирим ва чиқим хисобини бермаётганлиги масаласи.

Аҳолимизнинг сохта дўстлари ва ўзбек сўмининг очиқ душманлари 22 йил давомида аҳолимиз бошига солган жабрлари бир томонда турибди, иккинчи томонда эса давлат хокимиятини суистеъмол қилган амалдорларнинг дахшатли ва қўрқинчли ишлари оқибатлари турибди. Ислом Каримов ва унинг режими ўз айблари, хато ва камчиликлари туфайли вужудга келган юқоридаги муаммоларни борлигини тан олишга журъатлари ва жасоратлари етмаяпти!.

Адолатсизлик, ақлсизлик, аҳмоқлик ва ноҳақлик асосида қурилган жорий нафақа тизими- И.Каримов ва унинг режимидан аҳолимиз ва давлатимизга қолаётган энг бош оғриқли муаммолардан биридир.

Ислом Каримовдан сўнг ундан бу муаммони ўйлаб, қабул қилиб оладиган мард Ўзбекистонда топилмаслиги аниқ.

Бу улкан муаммо- “Атом бомбаси” каби ўта хатарли ва унинг қудрати Ўзбекистонни бир неча марта яксон қилишга қодирдир!.

Фарғона ва Тошкент вилоятларида яшовчи нафаҳўрлар 2016 йил февраль ойи нафақаларини зўрға 2016 йил 10 март куни олдилар, уларнинг оху-додларини хеч ким эшитмайди. Ўзбекистон телевиденияси ва радиоси, қонунчилик хокимияти ва прокурорлар бу муаммодан ўзларини очиқдан-очиқ олиб қочмоқдалар. Сиёсий партиялар нималарни яшираётганликларини ўзлари хам билмай турибдилар.

Аҳолимизни сабр-косасини тўлиб кетишини олдини олиб келган ва келаётган нафақа тизими биринчи навбатда очиқ инқирозга учраганини фуқароларимиз бугунги кунда аниқ-равшан кўрмоқдалар.

Чакана нархларни ўсишини тўхтатишни иложи йўқлиги дард устига чипқон бўлмоқда. Фуқаролар режимни иқтисодий, сиёсий ва маънавий инқирозини яққол кўрмоқдалар. Ноаниқликлардан келажакда ўз хаётларини қандай кечишидан ҳавотирда қолган юз минглаб фуқаролар ўзлари билганча йўл тутмоқдалар. Улар хаёт қийинчиликлари ва синовлари олдида яккама-якка қолмоқдалар.

Юқорида таъкидлаганимиздек, умумхалқ ишларини оқилона ташкил этиш ва одилона бошқаришга маъсул давлатни бошқараётган одамлар, аҳолини муаммоларини ечимини топишдан ўзларини очиқдан-очиқ олиб қочмоқдалар. Муаммоага учраган одамлар, айниқса энг кам иш ҳақи хисобидан нафақа олаётган қариялар, ўлиб қутилишдан бошқа йўлни топа олмаяптилар.!?

Тақдир тақазоси билан 2016 йилга келиб, И.Каримов ва унинг режими ўзлари 1992-2014 йилларда йўл қўйган ўта жиддий хато ва камчиликлари билан тўқнашмоқдалар. Аёвсиз ва шавқатсиз курашда И.Каримов ва унинг режими ўз жонларини сақлаб қолиш учун хеч кимни аяб ўтирмаяптилар. Доноларни айбни ўзгалардан эмас, ўзингдан ахтар деган нақлларини англашга режимнинг фахм-фаросати етмаяпти. Юқоридаги тўқнашув натижасида И.Каримов ва унинг режимини мағлубиятга учраши очиқ-равшан кўриниб бормоқда. Унинг ва режимнинг ўз хато ва камчиликлари қаршисида тиз чўкиши тобора яқинлашмоқда. Ўз хаётларини сақлаб қолиш учун И.Каримов ва унинг режимига йўл қўйилган хато ва камчиликлари оқибатлари билан эмас, аксинча уларнинг сабаблари билан курашмоқ зарур.

Яратган уларга жазо сифатида улардан фахм-фаросатни олиб қўйгани яққол кўринмоқда. Биз ўз жонларини сақлаб қолиш учун харакат қилаётган режим амалдорларининг мағлубиятга учраётганликлари сабабларига тўхталамиз.

Ислом Каримов фаолиятидаги сиёсий худбинликка мойиллик сиёсати аста- секин режим томонидан давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент маслахатчилари ва президент девони ходимлари, вилоят хокимлари ва уларнинг ходимлари қонунчилик, ижроия ва суд хокимияти амалдорлари сиёсий худбинлик кўчасига кириб қолдилар.

Йиллар давомида ахолининг ночор ва ўрта қисми муаммоларини, давлатнинг муаммоларини кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка харакат қилдилар. Одамийлик, инсонпарварлик, ватанпарварлик, давлат манфаатларини ўз шахсий манфаатларидан устун қўйиш уларни бутунлай тарк этди.

Мана оқибат, уларнинг ишонган тоғи Ислом Каримов бугун ўз шахсий мағлубияти остонасида турибди. Амалдорлар эса унинг рахбарлигида амалга оширган ишлари учун жавобгарликка тортилишлари аниқ бўлиб турибди.

Юқорида қайта-қайта такрорлаганимиз муаммоларнинг ечимлари борасида бизнинг фикрларимиз қуйидагича:

1. Давлат ва аҳоли иқтисодининг қони бўлган ўзбек сўмини соғлом аҳволи ва соғлом айланишини таъминлаш.

Зикр этилган ечимни ижроси учун Ўзбекистонда қазиб чиқарилган тилланинг дастлаб 100(юз) тоннаси Ўзбекистон Марказий Банкига 10 йил муддатга тўлиқ қайтарилиш шарти билан қарзга берилмоғи лозим. Марказий Банк раисининг шахсий жавобгарлиги остида бу тиллани ўзбек сўмига ёки чет эл валютасига сотиш ва қайта сотиб олиш вазифаси юклатилмоғи лозим.!

Юқоридаги банк амалиётлари бозор иқтисодиёти қонунларига асосланмоғи, камомадга ва зарарга йўл қўйган амалдорлар шахсан жавобгарликка тортилишларини таъминламоқ лозим.

Бугун ўзбек сўмини тўла қонли пул-валютага айланиши, давлат ва аҳолининг барча қисмларига бирдек манфаатли хизмат қилиши жуда ҳам мухимдир!. Бу ишсиз на давлат тинч бўлади, на аҳоли хотиржам бўлади.

2. Пахта ва дон ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришда тўлиқ бозор муносибатларига ўтишни таъминлаш.

Пахта ва дон ишлаб чиқарувчиларнинг махсулотларини улардан жахон бозори нархларида сотиб олишни таъминлаш мамлакатдаги иккинчи долзарб масаладир. Ахолининг пахта ва дон сотишдан тушадиган даромадларини 2 ва 3 баробар кўтариш давр тақазосидир. Мева-сабзавот, полиз экинлари, узумчилик махсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаб, товар махсулотларини бир неча бор кўпайтириш жуда хам муҳимдир! Бу махсулотларни аҳолидан сотиб олиб, ички ва ташқи бозорда сотувчи матлубот кооперацияларининг фаолияти сув ва хаводек зарур. Ушбу ишларни Давлат амалга оширмоғи лозим.

Ўзбекнинг ори номуси ва виждонига айланиб бораётган энг кам иш хаққи масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилмоғи шарт. Бу рақам 2016 ва 2017 йилларда 100 доллар 650.000 сўмни ташкил этмоғи лозим. Бу масалалар хал қилинмас экан, чет элдаги мардикорларимизнинг ватанга қайтишлари даргумон.

Мен қишлоқ хўжалиги ва саноатни улкан равожлантиришни лойихаларини тайёрлаб қўйганман.

Ислом Каримов ва унинг режимининг хато ва камчиликлари ушбу лойихаларни амалга оширишга имкон бермайди.

Ўзбекистон Давлатини Япония ва Жанубий Корея каби “Осиё йўлбарси”га айланишининг асосий тўсиғи бу- ҳозирги кунда иқтисодий, сиёсий ва маънавий инқирозга учраган жорий режим эканлиги хеч кимга сир бўлмай қолди.

Юқорида кўрсатилган 13 та муаммонинг хар бири алохида ва биргаликда Ўзбекистон Давлати ва аҳолиси тинчлигига тахдид солаётган ҳавфдир.

Фаол фуқароларимиз албатта аҳолимиз ва давлатимизни чуқур молиявий-иқтисодий инқироздан беталофат ва қон-тўкишларсиз олиб чиқишларига бизнинг имонимиз ва ишончимиз комил.

(Давоми бор)

Мустақил иқтисодчи: Ж.Шоисломов
Ҳуқуқ химоячиси: Ш.Рустамов

2016 йил, 15 март