Одам табиатан ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини тамоман билгиси келади…

Одам табиатан ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини тамоман билгиси келади…
146 views
17 March 2016 - 3:30

the_russians_545x300_u6iАбдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(17-қисм)

ФАЛСАФИЙ ИЛМЛАР

Энди ақлий илмларнинг учинчи қисми, илмлар мажмуасининг охири бўлган фалсафий илмлар хусусида баҳс юритамиз. Бу илм тўрт қисмга бўлинади:

1) руҳ илми;

2) ахлоқ илми;

3) илоҳиёт;

4) мантиқ.

Руҳ илми. Ҳазрати Парвардигор башар тоифасини неъмати азим бўлмиш ақлга мушарраф этган, шунинг баробарида инсоннинг дунё ва коинотдаги ҳамма ҳодисалардан бепарво, лоқайд қолиши мумкин эмас. Одам табиатан ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини тамоман билгиси келади. Масалан, мен бир дўстимнинг ҳузурида ўтирган вақтимда, ўнта бир жойдан муҳрланган мактуб келсаю дўстим мендан пинҳона уни ўқиш билан машғул бўлса, мен у мактубнинг мазмунидан бехабар қолиб, тасвирлаб бўлмайдиган изтиробда қоламан. Бундай ҳолат ҳаммада турли хил тарзда содир бўлади. Инсон биргина мактубнинг мазмунини билмаганлигидан шунча изтиробга тушар экан, унинг рўпарасида содир бўлаётган бу дунё ҳодисаларидан изтиробга тушмаслиги амри маҳолдир. Масалан, ал-ассабоҳ169 дунёнинг бир тарафидан доира шаклидаги бир жисм баландга кўтарилиб, оламни мунаввар қилади ва бир неча соатдан сўнг бошқа тарафга қараб ботиб кетади-да, дунёни ғариблар бахтидек қоп-қора қилади. Ажабо, бу доирасимон жисм нима эди? Бу қоронғулик қаердан?

Қиш фаслида ер юзини қаттиқ жисмлар қоплаб, қор ёғади. Кўз билан кўриб бўлмайдиган бир қувват аъзои баданимни титратади. Бир неча ўтин ёқиб, ўзимни оловга тутсам, асли ҳолатимга қайтаман. Бу қандай асрор экан? Кеча тануманд170 ва соғлом эдим, еб-ичардим. Бугун вужудимда ҳарорат кўтарилган, қўлим ишдан, ўзим ейишдан қолдим. Бу ўзгаришнинг сабаби нимада?

Хулоса шуки, одам ҳар бир ҳодисани кўриб, савол бермаслиги ва унинг ҳақиқатини билиши учун майл, ғайрати бўлмаслиги мумкин эмас. Шу сабабдан башарият узоқ йиллардан буён оламдаги ҳодисаларни татбиқ қилиб, ҳосил бўлиш сабабларини билиб, бу саъй-ҳаракатларининг натижасида табиий илмлар вужудга келди. Лекин одамнинг мушкулларни писанд қилмас табиати булар билан кифояланмасдан, аввалгидек ҳаракат ва қидирувдадир. Масалан, табиий илмлар жумласидан бўлган ташриҳ илми аъзои баданимизнинг тузилиши, таркиби, тартибини бизга ўргатади. Манофеъул аъзо илми эса ҳар бир аъзоимизнинг вазифа ва хизматларини баён қилади. Бу икки илм бизга одамнинг териси, гўшти, суяк ва томирлари ҳақида баҳс юритади. Агар одам фақат шу тери ва гўштлардан иборат бўлганида эди, мен манофеъул аъзо илми билан қаноатланардим. Ваҳоланки, шубҳасиз, одамнинг вужудида тери, гўшт ва суяклардан ташқари яна бошқа нарса ҳам борки, бизнинг тириклигимиз ҳам шундан, шу нарса баданимиздан парвоз қилиб чиқиб кетса, жисмимиз сасиб кетган бир лоша171 га айланиб қолади. Бу нарса руҳдир.

Ажабо, бу руҳнинг ўзи нимадир, у қандай ҳолда? Одамлар бу муаммоларни қайта-қайта кўриб чиқиб, тафаккур ва идрок қилиб изландиларки, бу тафаккурот ва изланишларнинг натижаси «Руҳ ҳолатининг илми»дир. Уламолар бу илмни шу хилда тушунтирадилар: Руҳ илми руҳдаги ўзгаришлар, ундаги ҳодисалар мавзуида баҳс қилади. Бу илмнинг фойдаси нафсни маърифатга етказади, нафс маърифати эса вожибдир: «Сизнинг нафсингизда ҳамма сир ва ҳикматлар мавжуддир, уларнинг ҳар бири вожиб Таолонинг исботига далил ва кифоядир. Бас, нега сизлар ўз нафсингизга тадқиқ назари билан қарамайсизлар?»172

«Ўз нафсини таниган одам ўзининг илоҳини танибди. Лекин одам ўз нафсини таниш билан қаноатланмайди. Хотирасига бизга руҳни ким берган, бизнинг вазифамиз нимадан иборат, деган фикрлар келади. Шундай қилиб, илоҳий ақл илми ва ахлоқ илми шу саволлар натижасида шаклланган», — дейди Имом Али173.

Илоҳиёт илми Вожиб таолонинг вужуди ва сифатларини бизга ақлан тушунтиради. Албатга, биз Вожиб таолонинг вужуди ва сифатларини ақлимиз билан билишимиз лозим.

Илми калом ва табиий илмлар хусусида юргизган баҳсларимизда келтирилган оятларнинг ҳаммасидан шуни тушуниш мумкинки, Вожиб таолонинг вужудини ақл кўзи билан билмоқ керак. Мақсадимизни шу бир оят билан исбот қиламиз: «Ахир Парвардигори томонидан аниқ-равшан ҳужжатга (яъни Қуръонга) эга бўлган киши қилган ёмон амали ўзига чиройли кўринган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар каби бўлурми?»174 Ушбу оят бизга тушунтирадики, Аллоҳнинг ягоналигини, ваҳдониятини илм орқали, ақл ҳукми орқали билмоқ лозим!

Ахлоқ илми. Ахлоқ башариятнинг ҳақиқий вазифалари ҳақида бизга таълим беради. Одамзод маданий жамоа бўлганликларидан ўзларининг ҳамжинслари билан бир жойда яшашга мажбур. Улар бир-бирлари билан ночор муомала ва алоқада бўладилар. Лекин ҳар ким ўз шахсий манфаатларини юқори қўяди ва алалаксар175 уларнинг манфаатлари бир-бирлариникига тўғри келмайди, хилоф келади. Масалан, фалончи шахс ўз манфаатини бошқа бир шахснинг зарари эвазига кўради, у шахс эса яна бошқа бир шахс манфаатини ўз зарари эвазига кўради. Бу манфаатларнинг бир-бирига хилоф келишигина, адоват, ҳасад ва душманликка сабаб бўлади. Шу боисдан одамлар бирбирларига душман бўлиб, уруш ва жанжаллар қилишиб, икки дунё саодатига эришишдан маҳрум бўлиб қоладилар. Бас, бу ерда одамларни бу хил бемуносабатликлардан манъ қилиб, ижобий фазилатлардан, инсоннинг бошқа вазифалари ҳам борлигидан таълим бериш учун бир қонун лозим. Шу қонунлар мажмуаси ахлоқ илмидир. Бас, шундай экан, уни ўрганишга шубҳа қолмаган бўлса керак.

Мантиқ илми тафаккур тарзини ва муҳокама қилиш қоидаларини ўргатади. Маълумки, тафаккур этмаслик ва муҳокама қила билмаслик диний, ижтимоий ва шахсий ҳаётимизга жуда кўп зарарлар келтиради. Бинобарин, шу зарарларнинг биронтасига дучор бўлишни хоҳламаган одам мантиқ илмини билиши керак. Масалан, равшанроқ арз қилиб айтсам, инсоннинг ҳар бир қилган иши, албатта, бир муҳокаманинг натижаси бўлади, ҳеч бир аҳд, ҳеч бир иш муҳокамасиз ижро этилмайди. Бу матлабимни бир неча мисоллар билан тушунтирсам:

мисол. Таом емоқчи бўлган одам шундай муҳокама қилади: «Мен очман, оч одам таом ейиши керак, демак мен ҳам овқатланишим керак».

мисол. Хаёлида касбу кор бўлган одамнинг хотирасига бир муҳокама келади: «Менинг яшашга майлим, истагим бор. Ҳар бир одамга касб лозимдир, демак, менга ҳам касб лозим».

мисол. Ибодат илоҳий амаллардан ҳисобланади, илоҳий амрни адо этиш вожиб эканми, бас, ибодат қилиш лозимдир.

мисол. Ватан бизнинг валинеъматимиз ва мураббийимиздир, ҳар бир валинеъмат ва мураббийга хизмат қилиш лозим, бас, ватанга хизмат бурчдир.

Айтганимиздек, муҳокамасиз ҳеч бир иш бўлмайди, лекин баъзи бир одат тусига кирган ишларни муҳокама қилишдан одам ғофил қолади. Масалан, оч қолган одам дарҳол таом ейди. Биз келтирган мисолдаги муҳокама миясига келган-келмаганлигидан асло воқиф бўлмайди. Шубҳа йўқки, оч одамда муҳокама ҳосил бўлади, лекин ҳар куни неча бор оч қолиб, неча бор таом ейиши сабабли зеҳни бу муҳокамага одат бўлиб қолган. Шунинг учун у мазкур муҳокамадан бехабар қолади.

Ҳеч бир иш муҳокамасиз бўлмаслигини билганимиздан кейин, нега энди одамлар баъзи носавоб ишларни қилиб, унинг натижасида бирор шахс ё бирор нарса зарар кўради, деган савол туғилади. Мисоллардан билдикки, муҳокама ҳеч бўлмаганда учта қазия176дан ҳосил бўлади. Биринчи мисолимизни таҳлил этсак: «мен очман» — биринчи собит ва маълум қазиядир; «ҳар бир оч одам таом ейиши лозим» — иккинчи қазия, бу ҳам маълум нарса. Ва шу икки қазия ўртасида итоат мавжуд. «Шундай экан, мен таом ейишим керак» — бу аввалги қазиянинг натижаси, учинчи қазиядир. Бу қазия олдинги икки қазиядан олдин номаълум бўлиб, улардан кейин маълум бўлган. Қазия — бу бир ҳукм бўлиб, у ҳеч бўлмаганда икки фикр ўртасида пайдо бўлади. Масалан, «мен очман» — бу бир қазияки, «мен» — бу биринчи фикр ва «очман» — иккинчи фикрдир. Бу изоҳлардан маълум бўладики, тўғри муҳокама қилиш учун учта шарт мавжуд бўлади: 1. Фикр ва ҳукмларнинг рост бўлишлиги; бу шартни исбот дейдилар. 2. Қазияларнинг тартибини билмоқлик. Бу шартни истиқомат дейдилар. 3. Тартиб тезлиги.

(давоми бор)

169.Ал-ассабоҳ — сабоҳда, эрталаб.
170.Тануманд — тан-жони бутун.
171.Лоша — яғир эшак.
172.Қуръони карим, Зориёт сураси, 20—21-оятлар (тарж.).
173.Имом Али ибни Ҳусайн, 710 йилда вафот этган (тарж.).
174.Қуръони карим, Муҳаммад сураси, 14-оят (тарж.).
175.Алалаксар — оқибатда, аксарият.
176.Қазия — ҳукм (мантиқ илмининг истилоҳи сифатида).