Давлат резиденциясида 32 нафар прокуратура ва МХХ ходимлари фоҳишалар билан қўлга олинган

Давлат резиденциясида 32 нафар прокуратура ва МХХ ходимлари фоҳишалар билан қўлга олинган
43 views
18 March 2016 - 0:04

7B6170EA-B82A-4A61-836C-5A76C43FA602_w640_r1_s_cx0_cy8_cw0“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкентдаги қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида фаҳш билан шуғулланган прокуратура, МХХ ва бошқа тузилмалар ходимлари қўлга олинган. Ички ишлар вазирлигига яқин жойлашган “Туркистон” (собиқ “Шелковичная”) мажмуасига Миллий Хавфсизлик Хизмати уюштирган махсус рейд натижасида жами 32 киши ушланган. Мазкур рейд МХХ раҳбарияти тарафидан президент маъмурияти бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровга қарши ҳаракат, дея айтилмоқда.

Махсус амалиёт натижасида Тошкент марказида, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда президентнинг Оқсарой қароргоҳига яқин жойлашган мажмуа ҳудудидаги коттежларда фоҳишалар билан айшу ишрат қилаётган прокуратура, МХХ ва бошқа идоралар ходимлари қўлга олинган. Жами қўлга олинган 32 киши Ички ишлар вазирлигига олиб борилган.

Суратда чап тарафда Зелимхон Хайдаров

Суратда чап тарафда Зелимхон Ҳайдаров

Нишон Зелимхон Ҳайдаров

Хабарларга кўра Оқсарой қароргоҳига яқин жойлашган мазкур мажмуанинг президент маъмурияти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров ваколатлари доирасида экани инобатга олинса, ниқобли гуруҳ ёрдамида амалга оширилган махсус амалиётнинг асл нишони ҳам президентнинг кўп йиллик сафдоши бўлиши мумкинлигига шама ҳам қилинади.

Манбалардан бирининг хабар беришича, шанбага ўтар кечаси Тошкентнинг Юнус Ражабий кўчасида жойлашган “Туркистон” давлат резиденцияси ҳудудида рейд амалга оширилганини тасдиқлади. Бу манба ҳам амалиётдан асл мақсад “Зелимхоннинг мавқеига зарба бериш” бўлган, дея иддао қилди.

“Зелимхон Ҳайдаров билан МХХ раиси Рустам Иноятовнинг муносабатлари эскитдан яхши бўлмаган. Лекин, айниқса, сўнгги бир йил ичида иккаласи қирпичоқ бўлишяпти. Улар бир неча масалада чиқиша олмаган. Энг сўнгги зиддият кадрлар масаласида чиқди. Ўтган йили Зелимхон ўз одамини юқори амалга тайинлатмоқчи бўлганида, Иноятов қайтариб юборган. Зелимхон ҳам бўш келмасдан, жуда нуфузли канали орқали Иноятовга босим ўтказиб, ўз одамининг юқори лавозимга тайинланишига эришди. Шундан кейин иккаласининг ўртасида қарама-қаршилик янада кескинлашди. “Туркистон”да бундай айшу ишратлар доим бўлиб келган, ўзи МХХчиларнинг паккасику бу резиденция. Шу пайтгача ҳеч ким индамасдан келди, бирданига кимгадир керак бўлиб қолди бу нарса. Чунки резиденция Зелимхоннинг ваколатида”, дейди манба.

dd9ae79c74eb7b0e2ff380ac2ddd191fКоттежлардан бирида уй қамоғидаги Гулнора сақланмоқда

Зелимхон Ҳайдаров билан Рустам Иноятов ўртасида зиддият кучайгани тўғрисидаги иддаоларни бошқа бир манба ҳам тасдиқлади. Ўзбекистон куч ишлатар идораларидаги бу манба баланд девор билан ўралган “Туркистон” давлат резиденцияси ҳудудида уй қамоғига олинган юқори даражали собиқ амалдорларни сақлаш учун махсус коттежлар қурилгани тўғрисидаги иддаоларни тасдиқлади.

“Бу коттежлардан бирида икки йилдан бери президентнинг қизи Гулнора Каримова сақланмоқда. Яқингача МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг манзили ҳам шу коттежлардан бири эди”, дейди манба.

Қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида “гуруҳли фаҳшбозлик”нинг аниқлангани Зелимхон Ҳайдаровнинг ўз лавозимидан кетишига олиб келмаса-да, унинг мавқеига, қолаверса ҳокимиятнинг турли қатламларидаги одамларига жиддий путур етказишига олиб келишини тахмин қилинмоқда.

70 ёшли Зелимхон Ҳайдаров собиқ совет даврида Ўзбекистон ССР Компартияси аппаратида Ислом Каримов билан бирга ишлган ва иккаласи ўртасидаги муносабатлар бир неча ўн йиллик тарихга эга. 1993 йилда Ўзбекистон президенти маъмурияти бошлиғи этиб тайинланган Ҳайдаров орадан ўтган 23 йил ичида мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бирига айлангани айтилади.

ЎХҲ хабарлар бўлими