Ўзимдин кўра сизларга молим фойдалироқдур…

Ўзимдин кўра сизларга молим фойдалироқдур…
30 views
19 March 2016 - 4:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 22

(давоми)

Макка — Мадина оралиғи карвон юриши ила ўн икки кунлик йўл эди. Шу чоғда бу киши мушриклик ҳолда турган бўлса ҳам, бу сафар ўтгунча қандоғ олижаноблик ила йўлдошлик қилганини онамиз Умму Саламанинг айтишларича, машҳур ҳадис китобларида ёзилмишдур. Бунинг сўнгида Маккада мушриклардин сиқилган мўминлар секин-секин ҳижрат қилгани турдилар. Бешлаб-ўнлаб, йўлда топишган бўлсалар ҳам уйларидин чиқишларида кечалаб, бир-бирлаб яширин ҳолда чиқар эдилар. Бу муҳожирлардин ҳеч бир киши очиқ-кўрнов чиқишга журъат қила олмади. Ёлғиз Ҳазрати Умар чиқар вақтда шу замонда қўлланурлик қурол-яроғларини тақинди. Қилич осинган, белига ҳанжар тақилган, ўқ-ёйи елкада, қалқони қўлида, сўқиш сафарида турган кишидек бўлиб, очиқ-ойдин уйдин чиқди. Каъба олдида ўтирган Қурайш раисларини босиб ўтиб, Байтуллоҳни етти айланиб тавоф қилди. Икки ракат тавоф намозини Мақоми Иброҳимда ўтади. Сўнгра у ерда ўлтирмиш Қурайш раисларига қараб:

— Аллоҳ сизнинг кўкка кўтарилган бурунларингизни ерга етказиб, тупроққа ишқасун. Сизлардин ҳар ким: «Ота-онам мотамимни тутсин, хотуним тул қолсин, болаларим етим бўлсун», дер эрса, ман билан шу тоғнинг у ёнида тўқнашсун, деб уларнинг кўзлари олдида йўлга чиқдилар. Шунча ўтирган мушриклардин бу сўзга қарши бирови ҳам чурқ эта олмади. Бошқаларга бўлса, ортидан изловчилар, кейинидан қувловчилар кўп чиқар эди. Бу кишига эрса, алардин ҳеч ким яқин йўлай олмади. Шундоқ қилиб, Ҳазрати Умарга ҳижрат қилиб чиққан кишилардин келиб қўшилгувчилар кўпайиб, йигирма чоғлиқ туя минган муҳожирлар бўлиб, Мадинага кирдилар. Дунё турмушлари учун уй, овқатлари, охират саодатлари учун дин эркинлиги Ислом орқадошлари томонидан буларга ҳозирланмиш эди. Мана шу кунлардин бошлаб, атрофдин келувчи мусофир саҳобаларни муҳожирлар деб, буларни кутиб олғувчи мадиналик саҳобаларни «ансор» деб атадилар.

Ансор — ёрдамчилар, муҳожирийн — ҳижрат этгувчилар дегани бўлур. Пайғамбаримиз бошлиқ Маккада қолган мусулмонлар шулар эди: Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Али, Суҳайб, Зайд ибн Ҳориса, яна булардин бошқа ҳижратга қудрати келмаган бир неча ожиз кишилар ҳам бор эди. Булар ичида ҳазрати Суҳайб ҳижрат қилмоқчи бўлиб чиққан вақтида Қурайш мушрикларидин бир неча кишиларга хабар етиб, келишиб қолди. Сўнгра улар Суҳайбга:

«Сен ўз элингдин бизга келганингда чоғай (камбағал) эдинг, бой бўлиб, молинг кўпайди. Бошинг қулликка бойланмиш эди, хўжа бўлиб обрўйинг ошди, энди бизга қарши чиққанинг устига, мунча кўп мол билан душманларимиз ерига кетмоқчи эмишсан», дедилар. Анда Суҳайб: «Мен бўлсам ёшим улуғ, қари киши эрурман, мен бу ерда қолур бўлсам, сизларга ҳеч фойдам тегмайди. Агар ул ёққа бориб қолсам, яна сизларга зиёним йўқдур. Ўзимдин кўра сизларга молим фойдалироқдур, тамом молимни олинглар, ўзимни йўлимга қўйинглар», деди. Алар ҳам бу ишга рози бўлдилар, молини олиб, ўзини қўйиб юбордилар. Бу воқеадин сўнгра Мадинага бориб, Пайғамбаримиз билан биринчи кўришганида:

— Эй Суҳайб, «Рабиҳал байъу, рабиҳал байъу», деб уч қайта айтдилар. Бу «Савдонг фойдаликдур, савдонг фойдаликдур», деган бўлур. Анда Суҳайб: «Аниқ билурман ва дахи (ва яна) таниқлиқ берурман, сиз Аллоҳнинг пайғамбаридурсиз, бу ишни Аллоҳдин ўзга ҳеч ким билмаган эди, Жаброил алайҳиссалом ваҳий билан сизга билдирмишдур», деди.

Ҳақиқатда эса келиш олдида воқеасини баён қилиб, Пайғамбаримизга шу оят келмуш эди: «Ва минаннаси ман яшрий нафсаҳубтиғоа марзотиллоҳ», яъни: «Мўминлардин шундоқ кишилар бордурким, Аллоҳ розилигини топмоқ учун ўзларини сотиб олурлар». Бу воқеа Расулуллоҳга шу оят орқалик билдирилган эди. Маккада саҳобалардин уч-тўрт кишидин бошқа кўзга кўринарлик ҳеч ким қолмади. Ҳаммалари Мадинага ҳижрат қилиб кетдилар. Буни кўриб хазрати Абу Бакр ҳам ҳижрат қилмоққа Пайғамбаримиздан изн сўраб келди. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Мен ҳам Аллоҳ таолодин ҳижрат учун изн кутмоқдаман, қачон изн олур бўлсам, менга йўлдошлик қилгайсиз, — дедилар. Буни онглаб, Абу Бакр Сиддиқ суюнганидин:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, бу иш қачон бўлғай,— деган эди, «яқинда бўлур», деб башорат бердилар. Ҳазрати Абу Бакр бу сўзни эшитгандин кейин саккиз юз тангага сафарга яроғлик икки туя сотиб олиб, боқиб турди. Мана шу йили бўлса, пайғамбарлик даврининг ўн учинчи йили эди. Ўтган йилларда Мадина аҳлидин етмиш неча кишининг байъат бериши, булар орқалиқ Авс, Хазраж каби жанговар қабилалар ичида исломиятнинг ривожланиши, бунинг устига ҳамма атрофдин келган фидоий муҳожирларнинг Мадина шаҳрига йиғилиши, тарбият топган экиндек, Ҳижоз тупроғида кундан кунга исломиятнинг ўсиб боришидин Макка мушриклари, Қурайш кофирларининг кўнгилларига қўрқинчлик тушди.

Бунинг чорасини кўриш уларга керак эди. Бу ҳақда маслаҳат ўтказиш учун Дорун-Надвага йиғилдилар.

 (давоми бор)