Шеърият нима?

Шеърият нима?
65 views
19 March 2016 - 8:53

8ade5c75eb955c752290680b19b26b4362019cceМуҳаммад Солиҳнинг шеърлари уйғур тилида эълон қилингани кўпчилик қатори мени ҳам мамнун қилди. Бу хабарни фейсбукдаги саҳифамга кўчириб қўйганимда бир киши: “Шеърдан нима наф? Инқилоб қилиш керак, М. Солиҳни ўзбек халқи кутяпти”, – деган бир мулоҳаза қолдирди.

Мен эса у кишига шундай мазмунда жавоб ёздим: “Шеърлари бўлмаганида биз Муҳаммад Солиҳни билмаган ва унинг ғояларига эргашмаган бўлардик.

Биз Муҳаммад Солиҳни шеърлари орқали танидик, кейин шахсан танишдик, суҳбатлашдик, унинг йўли ҳақлигини англадик ва унга издош бўлишни қасд этдик. Ҳақсиз: бугун ўзбек халқи Муҳаммад Солиҳни кутяпти. Биз уни кутяпмиз. Уни соғиндик”.

Шеърият ҳақида тасаввурларим Муҳаммад Солиҳ шеърларини ўқигач тиниқлашди. Шеър инсонга унинг кимлигини англашга ёрдам берадиган бир кўмакчидир. Шеърда инсон ўзини англайди, нафсини танийди.

Агар шеърдаги бирор мисра сизнинг қалбингиздаги туйғуни ўзингиз учун очиб берса ёки ҳаётнинг сиз кўрмаган томонларини кашф этса, демак, у ўз вазифасини адо қилибди.

Мен ёзаётган мисраларда Муҳаммад Солиҳ ўхшашлик, унга тақлид бор дейишди. Бу кўп бора айтилди. Тонмайман ва бундан нафсим озгина ҳузур туйганини рад этолмайман. Зотан, ҳақ йўлда юрганларга тақлид қилиб ўзимизни кашф этамиз. Эргашиш орқали манзилга етишамиз.

Шеърият – бу эрк майдонидир. Шеърият – ҳақиқат бошланадиган бир сарҳаддир. Ўз сатрлари билан, суҳбатлари билан руҳимни-да, шеърларимни-да бу майдонга, бу сарҳадга бошлаб киргани учун Муҳаммад Солиҳга ташаккур айтаман.

Бошланиши хайрли бўлган бу ишларнинг оқибатини-да хайрли қилишини Оллоҳдан илтижо ила ёлвориб, ялиниб сўрайман.

Гўрўғли

Манба: Facebook.com