Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
94 views
20 March 2016 - 11:24

IKA(10-бўлим)

Муҳаммад Солиҳнинг чет эл сафаридан қайтиши, бирликчилар учун қўшалоқ байрам бўлди.

Менга ўхшаган ёшлар, унинг иккинчи қаватда жойлашган хонасига яқинлаша олмади. Қирқ, эллик, олтмиш, етмиш ёшга яқинлашган ҳайъат аъзолари биринчи намойишнинг мувафаққиятли ўтгани билан ҳаракат йўлбошчисини табриклаш учун кириб, узоқ қолиб кетардилар.

Улар Муҳаммад Солиҳнинг ҳузуридан чиққанларида бир қоп ёнғоқ бўлиб, очилиб-сочилиб, хурсандликларидан семириб кетганларини кўриш мумкин эди. Қиёфалари уларнинг ёшини фош қилиб турмаганда эди, уларни кўрган ҳар қанақа одам, “бу боғча болалари намунча, шўх-шодон бўлмасалар”, дея ҳайратга тушарди.

Улардаги бахтиёрликни носамимий эди, дея олмайман. Ҳар ҳолда, уларнинг ўзларини ёш болалардек тутишлари, ҳайъат аъзолари ичидаги кўпчиликларнинг сиёсий курашларга ярамаслигини билдирарди, холос.

Абдираҳим Пўлатов, бунақалар сирасига кирмасди. У жабҳада Муҳаммад Солиҳдан бошқа пичоққа илинадиган одам йўқлигини аллақачон сезиб бўлганди. Ўттиз ёшдан пастдагиларни, у ҳам бошқа баъзи бировлар сингари шунчаки югурдак ҳисобларди.

Зоҳир Аълам ва Бек Тошмуҳаммадовга ўхшаган битта-яримталар назарий жиҳатдан тутган йўлига содиқ бўлса ҳам, уларнинг ташкилотчилик жиҳатлари давр талабига жавоб бермасди.

Ҳаракат бошида, асосан ёзувчилар турарди. Ўзларини қалам соҳиби деб ҳисобласаларда, улар вақтли матбуотда ҳаракатнинг сиёсий қарашларини акс эттиришга ярамасдилар. Ҳаракат раиси бирор-бир матбуот вакилига тавсия этмаса, улар ўзларидан билиб, ҳаракатнинг расмий ташвиқоти билан шуғулланишни хаёлларига ҳам келтирмасди. Бутун ишлар турт-турт, зўрама-зўракилик билан амалга ошарди. Бу, уларнинг тилларида Озодлик, Ҳурлик деган сўзлар янграётгани билан, ичларида бу олий туйғуларнинг пишмаганини, ҳали хомлигини ифодаларди. Яна, уларнинг саъй-ҳаракатларида “модавозлик” кучли эди.

Бугун, уларнинг ўша йиллардаги вақтли матбуотда ҳаракатни тарғиб қилиш учун амалга оширган бутун ишлари бир жойга жамланса, битта Муҳаммад Солиҳ амалга оширган ишнинг юздан  беш фоизини ҳам ташкил қилмаслигини кўрамиз.

Матбуот ва халқаро ташкилотлар билан ўралашиб қолган Муҳаммад Солиҳнинг эса, ташкилий ишлар билан шуғулланишга ҳар доим ҳам вақти бўлавермасди.

Абдираҳим Пўлатов “Бирлик”ни “қўлга олиш” учун мана шу каби “ҳимоясиз” қолдирилган нуқталарни аниқлашга тушганди. Албатта, у етишмовчиликларни ўзидаги фазилатлар билан тўлдиришга қодир эди, дея олмайман. Унда, ўзи билгани каби ташкилотчиликдан асар ҳам йўқ эди. Нияти, юқори лавозимларга шу йўллар орқали эришиш бўлгач, унга барибир эди десам, тўғрироқ бўлади.

Озодлик ва Ҳурликнинг нималигини тушуниб етмаган кўпчилик, ичидагиларни тўкиб-солиб, кўнгил ёзиш ёки ўзининг “даҳо”лигини бошқаларга кўз-кўз қилиш билан овора эди. “Бирлик” – кун-кундан, жамиятда ёлғизланиб қолган ночор кимсаларнинг кўнгилочар клубига айланиб борарди.

Ўз вақтида, Янгийўл тумани компартияси биринчи котиби бўлган ҳайъат аъзоси Олим Каримов “иқтисодий режа” тузиш билан банд эди. У Ўзбекистонни “сигирлар” қутқариб қолишига қаттиқ ишонарди. Шунинг учун кечиктирмай “бутун Ўзбекистондаги пахта майдонларига беда экиш” сафарбарлигини бошлаб юборган эди. Ҳар келган одам уни ҳавфсала билан тингларди-да, хонадан чиқиши билан, мийиғида, кулиб кетарди.

Фаол, аммо ҳайъат аъзо бўлмаган Зиёдулла Зиёмов ҳар йил кейинги баҳорда, Ўзбекистонда очарчилик бошланишини каромат қилиб, одамларга “қуруқ мевалар, буғдой, нон олиб қоқ…” қилиб қўйишни тавсия этиш билан андармон эди. У табиатан ёмон одам бўлмаса ҳам, у билан баҳслашиш осон иш эмасди. Қанақасига бўлмасин, у ўзиникида туриб олар, баҳс чўзиладиган бўлса, бақир-чақирдан ҳам тоймасди.

Етакчилар ичида кўзига пичоққа илинадиган одам кўринмагач, Абдираҳим Пўлатов зимдан атрофига ўзига содиқ одамларни йиға бошлади.

Унинг бу ҳаракатини “Бирлик”нинг “махфий бўлим”идаги йигитлар пайқамай қолганди. Баҳодир Чиғатой лақаби билан машҳур Баҳодир Саъдуллаев, менга барчасини айтиб бермаганда эди, улар аллақанча пайтларгача ҳам, унинг тутган йўлидан бехабар қолишлари мумкин эди.

Абдираҳим Пўлатов укаси Абдиманноп Пўлатов, Шуҳрат Исматиллаев ва Абдулла Комиловларга ўхшаганларни атрофига йиғишга киришган эди.

Улар, “Бирлик”нинг ҳайъати мажлисларида ҳам қатнаша бошладилар. Муҳаммад Солиҳнинг муҳим ишлар билан банд бўлиб, ҳаракат йиғилишларига ҳар доим ҳам етиб кела олмаслиги, Абдираҳим Пўлатовга қўл келди.

Муҳаммад Солиҳ баъзида вақт топиб, йиғилишларга биров кирса ҳам, умумий аҳволдан хабардор бўлгач, қайтиб кетишга мажбур бўларди. Унинг матбуот, халқаро ташкилотлар ходимлари ва хорижий давлатлар вакилари билан ўша йиллардаги фаол учрашувлари, “Бирлик”нинг дунёда ўзбек халқининг қиёфасини намоён этиши учун жуда ҳам муҳим эди.

Биз биринчи мувафаққиятдан ҳамма ўпкасини бироз босиб олгандан сўнгра, Муҳаммад Солиҳ билан бемалол суҳбатлашиш имконига эга бўлдик.

Мен, унга митингдаги Абдираҳим Пўлатов йўл қўйган биринчи сиёсий хато, лофчилар ва “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”ларнинг хатти-ҳаракатлари хусусида батафсил ахборот бердим.

У сўз бошлашдан олдин, шунчаки паст овозда мийиғида кулиб қўйди. Кейин эса: “Майли, Абдираҳим Пўлатов раисликни истаётган экан, ўзи учун раис бўла қолсин!” деди.

Лофчилар билан “ўроқда йўқ, машоқда йўқ”ларнинг ўзларини тутишларини ҳам у миллатнинг қусури ўлароқ табиий бир ҳолат, деб баҳолади.

Аммо, бу каби иллатларни узоқ йиллар асносида, мутелик ва имконсизлик келтириб чиқарганини, Озодликка эришилса, бу каби камчиликлар беш-ўн йилда ўз-ўзидан бартараф этилишини ҳам, у ўша суҳбатда таъкидлаган эди.

У Абдираҳим Пўлатовнинг биринчи намойишдаги; “..яширмайман, мен “Бирлик” халқ ҳаракати раисиман..” дея қилган сиёсий хоинлигини ҳам “хоинлик” деб ҳисобламаслигини айтиб, қилдан қийиқ қидирмасликни маслаҳат берди.

У: “Бизнинг сафларимизда, ҳар бир одамга имконият яратиб берилиши керак. Инсонларга ўзликларини намоён этишга майдон берилмаса, “Бирлик”нинг жорий мустабид тузумдан қанақа фарқи бўлиши мумкин” деган эди…

Агар у хоҳлаганда эди, биз Абдираҳим Пўлатовнинг кетига тепиб, уни ўша заҳоти “Бирлик”нинг ҳаётидан қувиб солган бўлардик. Афсус…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон