Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди

Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди
62 views
21 March 2016 - 19:50


Дунё гўзал бинодир…

Дунё гўзал бинодир, одам унда бир ялов,
Рўзғор ташвиши олов, жонлар чипқон ичинда.
Кўз очирмас муаммо, турмуш бермайди, жилов,
Емирар нафс савдоси, умр ўпқон ичинда.

Охиратнинг қайғуси, ўйлантирмас муллони,
“Бисмиллоҳ”ни билмас шоҳ, кўзлар Каъбатуллони,
Ўғил-қизин сотади, тужжор кўрса тиллони,
Дор тикилган ҳар бошда, дармон арқон ичинда.

Ҳаққа берилиб барҳам, нафсга бошланган марра,
Қув олади мукофот, тўғрисўз ейди дарра,
Замин – Нуҳнинг кемаси – фасод ёнида зарра,
Риё кўлдек чайқалар, иймон тўфон ичинда.

Қутбин йўқотган кема, тескари чиқар қуёш,
Қиблани кўрсатгувчи, эси оғган бир фаррош,
Раҳбарлар иши мудом, лойқалаш, талон-тарож,
Эчки бўрини еган, мушук сичқон ичинда.

Қочган қутулмас, асло, қувлаганнинг дасти йўқ,
Зулм қилганнинг айби, хўрланганнинг қасди йўқ,
Бир диёрким, ҳушёри, фуқаронинг масти йўқ,
Бошлар осмонга етган, оёқ қопқон ичинда.

*****

Ўзига аср, энди…

Бузилди қалб қўрғони, оғди минг йиллик бино,
Жаҳолат элда байроқ, урф-одат бўлди зино,
Уйдан чиқмай эркаклар, кафтига қисди хино,
Аёллар кўчаларда, меҳнатга аср энди.

Ўқимай “дониш” бўлмоқ, раиятнинг истаги,
Алифдан кўр қозилар, мамлакатнинг тиргаги,
“Озодлик”дан миллатнинг рўёб бўлди “тилаги”,
Қалъалар топди, завол, кулбалар қаср энди.

Илм олиш шарт эмас, қўлда бўлса ҳужжати,
Чўнтагида дастмоя, пора – яшаш ҳикмати,
Иш бошласа, ҳар соат, ошар қадр-қиммати,
Ҳур, мустақил оталар, зафардан масрур энди.

Эҳтиёж туғилмасдан ғойибдан келди ҳурлик,
Ичда талаб бўлмаса, “ҳур” кўринмоқ кўргулик,
Озод бўлмоқдан олдин, жоиздир, Руҳий Бирлик,
Ҳурлик олган бу миллат, ўзига аср энди.

Бекмурод