Рост, мен шундоғ айтурман…

Рост, мен шундоғ айтурман…
40 views
22 March 2016 - 5:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 23

(давоми)

«ДОРУН-НАДВА» МАСЛАҲАТИ

Ўн икки уруғ Қурайш қабиласидин икки уруғ қолдирилиб, у ҳам бўлса, Бани Ҳошим билан Бани Мутталиб эдилар, қолмиш ўн уруғ Қурайш раислари Дорун-Надвага мажлис чақирдилар. Дорун-Надва — маслаҳатхона демакдур. Бу уйни Пайғамбаримизнинг бешинчи боболари Қусай деган киши солдирган эди. Бу уйда очилган мажлисга кирган кишиларнинг ёши қирққа тўлиши ва Қурайш уруғидин бўлиши шарт эди. Аҳамиятлик улуғ ҳодисаларнинг маслаҳати уруш кунларида бошлиқ сайлаш, туғ боғлаш ишлари шу уйда бўлур эди. Бутун Қурайш қабиласидин маслаҳат чиққудек бошлиқлари шу мажлисга ҳозир бўлдилар. Иблис малъун ҳам оқсоқол шайх суратида обидлар либоси — оқ кийимлар кийган ҳолда маслаҳатхона эшигига келиб турди. У ёт киши бўлганликдин анинг ким эканини сўрадилар. Ул:

— Нажд вилоятидин келдим, менинг сизларга дўстлигим бордур, Муҳаммад ҳақида очилмиш мажлисингиз борлигини эшитдим, агар киришга рухсат этсангиз, сизлар учун фойда чиқарлик сўз топсам айтур эдим, — деди. Алар ҳам розилик беришиб, киришга рухсат қилдилар. Шунинг билан мажлис очилиб, сўз бошланди. Раислардин бирови туриб:

— Муҳаммаднинг бу иши қандоғ ўсиб бораётганлиги кўз олдингизда кўриниб туради. Бунинг иши кундин-кунга улғаймоқда, тарафдорлари ҳар томонда кўпая бошлади, бир куни устимизга уларнинг ҳужум қилишлари бек эҳтимолдир. Қани, бу ишга нима чора кўра билурмиз, маслаҳат қилинглар, бу тўғрида албатта бир фикрга келишимиз керак, — деди. Анда Қурайш раисларидин Абул Бахтарий ибн Ҳишом деган киши:

— Менингча, бунинг чораси шулки, уни ушлаб, қўл-оёғига кишан солайлик, то ўлгунча уни зиндонда тутайлик, — деди. Анда шайх суратлик шайтон деди:

— Сенинг бу фикринг тўғри эмасдур, сизлар учун бу ишдин ҳеч қандоғ фойдалик иш чиқмайдур, агар буни ҳибс қилур бўлсангиз, аниқ билингким, унинг тарафдорлари кўпдур, устингизга ҳужум қилиб, қўлингиздин қутқара олурлар. Бундан бошқароқ маслаҳат топинг, — деди. Тағин бириси туриб, у Қурайш раисларидин Асвад ибн Рабиа деган киши эди:

— Бу ҳақда менинг фикрим шулки, уни нафи-билот қилайлик, яъни сургун қилиб, бошқа ёт ерга ҳайдаб чиқарайлик, ўз орамиздин кетгандин кейин на бўлса, у бўлсин, — деди. Бу сўзни онглағон ҳамон шайтоннинг ҳуши бошидин учди, ўрнидан тура келиб:

— Ҳой-ҳой, бу фикрдин қаттиқ сақланинглар, халқ ичига уни қандоқ чиқариб бўлур, унинг сўзга усталиги, тилининг тотлилиги ила борган еридин, танишган элидин ўзига йўлдош-қўлдошлар топа олур. Алардин қўл-ясов қилиб, бошингизга келур бўлса, ишларингизни қўлингиздин олур, — деди. Бутун мажлис халқи бунинг сўзини тўғри топдилар. Учинчи бўлиб Абу Жаҳл:

— Бу тўғрида манинг кўнглимга бир фикр келиб туради, бу ўтирганларнинг ичида ҳеч кимнинг ақлига келмаган иш деб ўйлайман, — деди. Анда ҳар тарафдин: «Эй Абул Ҳакам, айт, у сўзингни, тинглайлик» — деб қичқирдилар. Анда Абу Жаҳл:

— Қурайш қабиласи ичида ҳасаб-насаблик, ортиқ обрўйлик, кескир қиличлик ботир йигитлардин ҳар уруғ бошига бирдан киши олурмиз. Бу йигитлар қўлларига ўткир қилич олсинлар, эрталаб Муҳаммад уйда ётган чоғда босиб кириб, бу йигитлар бир киши чопгандек баробар қилич солиб, уни ўлдурсинлар, шундоқ қилганимизда, анинг қони бутун қабила устига бўлинур. Агар Бани Ҳошим даъво қилар бўлсалар, ишлари икки йўллиқдур. Бириси — бутун Қурайш қабиласига қарши уруш очгайлар, ёки мол олмоққа хун учун рози бўлгайлар.

Маълумдурки, бутун қабилага қарши туриб уришмакка тоқатлари йўқдур. Ночор хун моли олмакка рози бўлурлар. Агар бу иш вужудга чиқар бўлса, ундин баримиз қутулурмиз, — деди. Бу сўзни айтиши ҳамон, ҳаммадин илгари шайх суратлик шайтон — малъун буни маъқул кўриб: «Ҳой-ҳой, шу кишининг сўзи сўздур, бундин ортиқ тўғри фикр ҳеч йўқдур», деди. Шунинг билан бошқалари ҳам қизғин равишда шу қарорни қабул қилишиб, тарқашдилар. Бу иш шундоқ бўлиши билан ҳазрати Жаброил алайҳиссалом қуйидаги оятлар ила ваҳий келтириб, шу воқеани Пайғамбаримизга хабар қилдилар.

Оят шудир: «Ва из ямкуру бикаллазийна кафарув лиюсбитувка, ва яқтулувка, ав юхрижувка», яъни, «Кофирлар сени қамаб қўйишга ёки сургун қилишга ёки сени ўлдиришга қатъий қасд қилдилар», демакдур. Жаброил алайҳиссалом:

— Ё, Муҳаммад, бу кеча кундаги ётган ўрнингда ётмагин, кофирлар Худо хоҳламаган ишни қилгани, яъни, шу кеча сени ўлдиргани келурлар, — деди.

Пайғамбаримиз бу ишдин огоҳ бўлганларидин кейин, тун ярми билан ул ғанимлардин юз чоғлик киши Пайғамбаримизнинг эшик олдиларига келиб тўпландилар. Уларнинг ичида машҳур раислардин шу кишилар бор эди: Ал Ҳакам ибн Абул Ос, Уқба ибн Абу Муаит, Назр ибн Ҳорис, Умайя ибн Халаф, Замъа ибн Асвад, Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳл, қолганлари ҳам ўз ишларида эътиборлик кишилардин эдилар. Булар ўзаро кенгашиб, эл чуқур уйқуга кирган чоғда бу хиёнатни бажармоқчи бўлдилар. Шу орада Абу Жаҳл туриб айтди:

— Муҳаммаднинг айтган сўзига қаранглар, ул бизга шундоғ дейдурким, агар сизлар иймон келтириб, Ислом динига кирар бўлсангиз, бу дунёда давлат топиб, араб-ажамларга подшоҳ бўлурсиз, яна ўлгандин сўнгра қайтадин тирилиб, у дунёда жаннатга кирурсиз, агар бундоқ қилмас экансиз, бу дунёда хорлик тортиб, охиратда дўзах ўтида куйгайсиз.

Абу Жаҳлнинг бу сўзини уйида ўтирган Пайғамбаримиз эшитиб: «Рост, мен шундоғ айтурман», деганларича аларнинг устига чиқдилар. Ердин бир чангал тупроқ олиб, Ёсин сурасини «фаағшайнаҳум, фаҳум ла юбсирун…» оятигача ўқидилар. Худо қудрати билан пойлаб ўтирган шунча кишилардин ҳеч қайсиси Пайғамбаримизни кўра олмади.

Чангалларидаги тупроқдин бу ўтирган кишиларнинг ҳар бирининг бошига қуйиб-қуйиб, ўтиб кетдилар. Пайғамбаримизнинг бу чиқиб кетишларини туймадилар (сезмадилар). Бу эрса, ҳисобсиз ўтган мўжизаларнинг бириси эди. Уйларидин чиқаётганларида Ҳазрати Алига қараб:

— Эй Али, мен ётган ўринга ўтиб, менинг ёпинчимни устингга ёпиб ётгил, яна қўрқмагил, душманлардин сенга ҳеч қандоғ заҳмат етмагай, — дедилар. Шу чиққанларича ҳеч ерда тўхтамай ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ билан шаҳардан ташқари Савр тоғида бир ғор ичига киришиб яшириндилар. Кофирлар бўлса, Пайғамбар уйдин чиққан чоғида, аларни Аллоҳ амри билан уйқу олган эди. Пайғамбаримиз буларнинг олдидин ўтиб кетаётганларида бир кишига йўлиққан эдилар. Пайғамбаримизнинг уйлари олдида ўтирган пойлоқчилардин:

— Бу ерда кимни кутиб ўтирибсизлар — деб ул киши сўради. Улар: Муҳаммадни кутиб турибмиз — дедилар.

— Андоғ бўлса, Аллоҳ сизларни ноумид қўйибдур. Муҳаммад ҳозир сизларнинг кўз олдингизларда ўтиб кетди. Ердан бир ҳовуч тупроқ олиб, бу ўтирган кишиларнинг бошларига қуйиб ўтди, — деб эди, улар шошилиб бошларини силадилар, бошларидин тупроқ қуйилди, ҳайрон бўлишиб, югуришган ҳолда келиб эшик ёриғидин қарасалар, тўшак устида ўралиб ётган бир кишини кўрдилар, мақсадимизга етдик, деб қилич яланғочлаб уйга кирдилар, қарасалар мақсадлари қўлдан кетмиш эди. Ҳазрати Алини кўришиб, ҳасрат бармоғини тишлаганларича ҳайрон бўлишиб қолди. Инс-жинс шайтонларининг қурғон тузоқлари узилмиш эди. Пайғамбаримиз ўринларида ётган Ҳазрати Алидан:

— Оғанг Муҳаммад қаён кетди? — деб сўрадилар. «Билмайман», деганида улардин баъзи бировлари уришга қасд қилган бўлса ҳам, «бу болада нима гуноҳ?» дегувчилар чиқиб, аларни қайтарди. Пайғамбаримиз Абу Бакр Сиддиқ билан шу куни қоронғу кечада унинг уйидин чиқиб, Макка атрофидаги тоғ томонга қараб юрдилар. Босган изларини билдирмасга оёқ учлари ила юрар эдилар. Шу юрганларича Савр тоғи ичидаги ғор оғзига келдилар.

— Ё, Расулаллоҳ, бунда зиёнлик, заҳарлик жониворлар бўлмасин, сиз кирмай туринг, мен ғорнинг ичини тозалаб чиқай, — деб Абу Бакр Сиддиқ дастлаб ғорга ўзлари кирдилар. Ғор ичини ариғдаб (тозалаб), тешикларига ридоларидин йиртиб тиқдилар. Бир тешикка тиққудек нарса етмай қолди. Ул тешикда бир заҳарлик илон ётган эди. Аввал Абу Бакр Сиддиқ ғорга кириб, сўнгра Пайғамбаримиз кирдилар. Кечаси ухламаган, ўзлари чарчаган эдилар. Муборак бошларини Абу Бакр Сиддиқ тиззаларига қўйиб, ухлаб қолдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ очиқ қолган тешикдин бирор нарса чиқиб қолмасин, деб товонларини шу тешикка қоплаган эдилар, у ётган илон, кишининг исини билиб, оёқларини чақиб олди.

Бунинг аламига чидай олмай, кўзларидин ёшлари тўкилиб, икки-уч томчиси Пайғамбаримизнинг юзларига тушди, бундин уйғониб кетдилар.

— Эй Абу Бакр, бу нима ишдур? — деб сўрадилар. Илон чаққанлигини, унинг аламини айтғонлари сўнгида муборак туфикларидин суриб қўйиб эдилар, шу онда шифо топдилар.

Эрталаб туриб қарасалар, ғор оғзида бир туп бутоғлик ёғоч (дарахт) униб чиқмишдур. У ёғочга бир жуфт ёввойи каптар келиб уялаб, тухум солмишдур, бунинг устига ўргимчаклар қалин тўр тортиб, ғор оғзини қопламишлар эди. Бундоғ ҳожат вақтида ҳар турли мўжизалар кўрсатиб, пайғамбарларини қувватлаш Аллоҳ таолонинг одатидур. Аммо Қурайш кофирлари бўлса, Пайғамбаримиз ҳақида қилган макр-хиёнатлари бўшга чиқиб, аларнинг қўрқинчлари яна ҳам кўпайди. Ҳар тарафга жар чақириб, киши чоптирдилар.

Муҳаммадни ўлдириб ёки тириклай тутиб келтиргувчилар бўлса, қизил туклик юз нортуя беришларини ҳаммага билдирдилар. Қурайш йигитларидин бир нечалари моҳир изчилар эргаштириб, юқори-қуйи Макка атрофига ёйилдилар. Алардин бир қанчаси Савр тоғи йўлидин изчиларнинг кўрсатиши билан из қувишиб, тўғри ғор оғзига келишди. Баъзилари илгарилаб юриб, ғор оғзидаги уялаб, тухум очган каптарларни кўриб, ўргимчаклар тўрларига кўзи тушиб: «бу ер киши оёғи теккан жой эмас», деб орқага қайтди. Булар товушини Пайғамбаримиз ғор ичидин эшитиб турдилар. Из қувишиб юрган кофирлардин тағин бир тўплари ғор устига келиб тўхтадилар. Чунки уларнинг изчилари: «Қочган кишинглар шу ғорга кирмишдур», деган эди. Анда бировлари ғорга кириб қарашга буюрди. Убай ибн Ҳалаф деган киши раислардин эди. У:

— Бунга киришга нима ҳожат бордур. Муҳаммад туғилмасдин илгари, бу ўргимчак тўрини тортмишдур, бу ғорга киши кирган бўлса, нечук анинг тўрлари бузилмасин, каптар тухуми қандай синмасун, — деди. Бунинг бу сўзи баҳона бўлиб, ғор ичига эгилиб қараб қўймасдин, ҳаммалари қайтдилар. Бу ишлар Худо қудратига бир баҳона эди. Йўқ эрса, шу қадар қизғинлик ила изчилар орқалик излаб келгувчи шунча кўп кишилардин бирортаси ғор оғзига келиб, нечукдурки, қараб қўймайди. Қурайш изчилари: «Йўқотмиш кишиларингиз шу ғордин ўзиб кетмабдур», деб қасам ичмиш эдилар. Уларнинг бу сўзларини эшитиб турган Абу Бакр Сиддиқ қайғуриб, йиғладилар. Анда Расулуллоҳ:

— Нимага йиғлайсан? — деб сўрадилар. Абу Бакр Сиддиқ:

— Ё, Расулуллоҳ, Аллоҳ оти ила онт ичурман, ўзим учун ҳеч вақт йиғламайдурман,

Аллоҳ сақласин, сизга бир ёмон иш бўлишидин қўрқиб йиғлайман, — деди. Анда Расулуллоҳ:

— Эй Абу Бакр, биз икковлондурмиз, ғам қилма, учинчимиз Аллоҳдур. Нечук ғам қилурсан, Аллоҳ биз билан биргадур, — дедилар.

Шундоқ дейишлари билан Абу Бакр Сиддиқ кўнгилларидин ғам кўтарилиб, ўзларига оромлик пайдо бўлди. Сўнгра мушриклар ҳам бу ёқдин умид узиб, қайтдилар. Денгиз бўйидаги қабилаларга ҳам хабар юбориб, Мадина йўлини тўсишга киши қўйган эдилар. «Ким уларни тутиб, келтирур бўлса, юз қизил туя берурман», деб яна жар чақиртирдилар. Шунинг билан Пайғамбаримиз Савр тоғининг ғорида уч кун ётдилар. Шу кунларда Ҳазрати Абу Бакрнинг чўнг қизлари Асмо, ўғиллари Абдуллоҳ, қуллари Омир ибн Фуҳайра мана шу учовлари кераклик хизматларни бажариб турдилар. Бутун халқ ичидаги хабарларни, Қурайш раисларининг қилган қаттиқ ҳаракатларини Абдуллоҳ етказур эди. Ош-овқатларидин Асмо хабар олур эди. Омир ибн Фуҳайра Абу Бакр Сиддиқнинг қўй-эчкиларини ўтлатган бўлиб, ғор атрофига тушган киши изларини аларга бостириб йўқотур эди. Шундоғ қилиб, уч кун ўтгандан кейин, Ҳазрати Али илгари тайёрлаб қўйилган уч туяни кечалаб, тоғ тагига келтурдилар.

 (давоми бор)