Фақат сенинг исминг – кўнглим маҳрами

Фақат сенинг исминг – кўнглим маҳрами
91 views
24 March 2016 - 6:00

Aşık-etmek-için-muska-ve-celp

Мудроқ

Нечун юриш керак ернинг юзида –
Кўзлари юмилган жасадни судраб?!
Уйқуга кўмилиб яшаш ўзида
Беҳаё ўлимдан келтирар дарак.

*****

Хоинга

Сенга ким буюрган бу тубан ишни –
Борлигинг алмашдинг қора йўқликка.
Ўзингни хорликка урганинг ғалат –
Очиқ йўл турганда улуғвор кўкка.

Унутма, жазойинг нақд эрур, хоин,
Енгилмоқ – тақдиринг, иқрорсан, аниқ.
Барчасини билиб шундай юришни –
Қандай уддалайсан, шуниси қизиқ…

*****

Ифода

Сиз ҳам барчасини яхши биласиз –
Қайда ноҳақлик бор, қай тараф зулм.
Сукутда яшайсиз, қўйдай хотиржам,
Сўйсалар, қассобга мўлтайиб таслим.

Бироз билганимга чидай олмасдан,
Исён кўтардим мен билмаганимга.
Агар билиб қолсам – Сиздай бўлсам гар,
Валлоҳи, хурсандман билмаганимдан.

*****

Муҳтож

Олган нафасимда унутганим бор –
Муборак исмингни – ғофилман, кечир.
Ожизман, қулингда бўлмас ихтиёр –
Ихтиёрим мендан кетишга ўчдир.

Кулсам, кулдиргандир – Сенинг караминг,
Йиғласам, кўзёшим – руҳимга бир тож.
Фақат Сенинг исминг – кўнглим маҳрами,
Фақат Сенга, Сенга эрурман муҳтож…

*****

Гўрўғли