Каримовнинг бир чақага қиммат китобларини  Голищев ёзган

Каримовнинг бир чақага қиммат китобларини  Голищев ёзган
32 views
24 March 2016 - 4:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(6)

Ўзбекнинг миллат сифатидаги ақл салоҳиятини, минтақанинг чексиз имкониятлар макони эканлигини президент Каримов жуда яхши билади.

У бу каби кўп нарсаларни илгари билмаган бўлса ҳам, унга яҳудий миллатига мансуб Владимир Иосифович Брожштйн ва Вячеслав Аркадевич Голищевлар кўп нарсаларни ўргатди. Унга ҳалигача ҳам, ҳар кун янги муаммолар билан тўқнашганда ўзини қандай тутиши, ўзбекнинг бошини кўтаришига йўл қўймаслик хусусида, улар дарс бериб келмоқдалар.

Шу ўринда бу икки шахс ва уларнинг президент Каримов билан яқин ва илиқ алоқалари хусусида ҳам озроқ тўхталиб ўтамиз.

Қандайдир сирли бир ташкилотнинг кўрсатмасига биноан, Владимир Иосифович Брожштйн ва Вячеслав Аркадевич Голищевлар президент Каримовнинг ғоявий етакчилари ҳисобланадилар. Ўзбекистоннинг чорак асрлик сиёсий-иқтисодини, ўзбек миллатининг ҳаёт-мамотини шу бугунгача мана шу икки шахс белгилаб келяпти. Каримовнинг бир чақага қиммат барча китобларини  Голищев ёзиб берган.

“Юксак маънавият – енгилмас куч!” асари бундан мустасно.

Бу китобни ўнга яқин такасалтанг ўзбек олимлари турли манбалардан кўчириб ёзганлар ва китоб президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг тавсияси билан президент Каримовнинг номидан эълон қилинган.

Барча давлат аҳамиятига молик ҳужжатлар эса, Брожштйннинг қўлидан ўтади. Президент мана шу икки шахс чизиб берган чизиқдан ўлиб қолса, четга чиқолмайди. Шайтони қўзиб чизиқдан чиқишга ҳаракат қилса, кўринмас қўллар дарров орқасидан уни тўғирлаб қўядилар…

У Совет йилларида Политехника деб аталган институтнинг қандайдир бир механика бўлимини тугатган. Кейинги қўлга киритган илмий даражаларига ҳам, эгаллаган лавозимларию кимларнингдир ишончига фирибгарлик йўли билан кириб қозонган мувафаққиятларига ҳам пора бериб, иложи бўлмаса кимларнидир қурбон қилиб эришган.

У Самолётсозлар заводига жўнатилар экан, у ерда мойига ботиб бир неча йил қора ишчи бўлиб ишлайди. Аста-секин комсомол ташкилотининг фаолига айлангач, Москвада план қўмитасида масъул вазифада ўтирган қандайдир яҳудий миллатига мансуб бир мансабдорнинг қизи шу жойда ишлаётганини қулоғи чалади. Мансабдорнинг қизи бир қаричлигидан шўх-шодон бўлган бўлади. Авиасозлар заводи директори билан қалин дўст ота, қизини ўзидан узоқлаштириш мақсадида, илтимос билан уни Тошкентга жўнатгач, у заводда иш бошлайди. Назари оч ўзбек йигитларининг бошини айлантириб, кўпиларини нози-фироқ билан кечалари у ёғи Париж, бу ёғи Қора денгиз бўйларидаги Одесса шаҳарларига олиб бориб, тонг отгунча ўйнатиб қайтариб олиб келиб қўяди.

У бизнинг арзанда президентимиз, муҳтарам Каримов жаноблари – Бойқушалига учрагач, барчаси ўзгаради. Мансабдан бошқасини назар-писанд қилмайдиган Бойқушали, уни ялаб-юлқаб бошига кўтаради. Ўтмиши қизиқтирмагани каби унинг кимлигини бирор марта ҳам юзига солмайди. Эрининг мардлигига қойил қолган бечоранинг боши кўкка етади ва уни отаси билан таништиради. Қайнотаси билан танишган куёвболанинг ишлари юришиб, елкасига офтоб тегади. Ўз миллатидан куёв ортирганига хурсанд қайнота, киройи куёвни Ўзбекистон республикасининг план қўмитаси раислигигача кўтаради. Ишларини жўнаштириб олган Бойқушали қайнатаси ишдан кетган кун, хотинининг паттасини қўлига бериб, ўзи уйидан чиқиб кетади. Пётр деган ўғли билан ёлғиз қолган бева, ана ўша кун – орадан йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Бойқушалининг нима учун ўзига уйланганини билиб қолади. Ва, уни ўлган кунигача ер уриб қарғайди.

Отаси тан олмагани каби ўғли Пётр ҳам Бойқушалини “ота” сифатида тан олмайди. У отасининг бойқуш бўлса ҳам, каккунинг тухумидан чиққанини яхши билади. Шу учун унинг ўз манфаати дея, оиласини қурбон бериши, у учун янгилик эмас эди.

Сўнгра, Бойқушали водийлик бўрдоқичилик хўжалиги бошлиғи, Карим амакининг қизи Татяна холага уйланади. Ундан ҳам икки қиз орттиради.

Мансаб, мол-дунё дея, унинг ҳар қандай пасткашликлардан ҳам қайтмаслиги, унинг бу оиласини ҳам вайрон этади. Хотини охир-оқибат, “ақлдан озади”. Тўғри таълим-тарбия кўрмаган қизлар очофат бўлиб ўсадилар. На мол-дунёдан, на эркакдан тўядилар. Улар Ўзбекистондаги энг бахтсиз оиланинг фарзанди эканликлари қаторида, қўлларида милярдлаган пуллари бўлиб ҳам ўзларини дунёдаги энг йўқсил аёл дея ҳисоблашлари, бугун бутун оламга маълум.

Ўйлаб қоласан, одам: оиласини, хотинлари ва қизларини, ягона ўғлини бахтли қилолмаган бир бадбахт Бойқушали, қандай қилиб катта бир мамлакатни, қадим ва тамаддунлар яратган улуғ бир миллатни бахтли қила олиши мумкин?! Икки оғиз сўзнинг эга-кесимини жой-жойига қўйиб гапира олмаган бир дудуқ, қандай қилиб пурмаъно китоблар битиб, Яссавийсию Навоийлари, Маъмуржону Комилжонлардек бубулгўёлари бор миллатни ўзининг тутруқсиз ижоди билан қойил қила олиши мумкин?! Ёким, дунёда бирор-битта ҳам ҳақиқий дўсти йўқ, хотини, бола-чақасига, ҳатто ўзи-ўзига душман бўлган бир одам, қандай қилиб ўзбекка дўсту биродар тутиниши мумкин?! Яна, унинг тайинли бир миллати бўлмаса, дину диёнати бўлмаса…

Ўлай агар, Бойқушалининг ишларига менинг ақлим етмайди… Ҳожибой Тожибой айтгани каби фозилу фузалолар, олимлар ва ҳунар эгалари оёқ ости бўлиб, бир умр юз-қўлини совунлаб ювмайдиган қора ялоқ баъзи бир тракторчиларнинг замони келди, шекилли. Ўзбекнинг: онамнинг ўлгани менга ярашди, супрадаги унни итлар, талашди, дегани каби, юртнинг бузулгани Бойқушалига ярашди. Алифни калтак, деёлмайдиган каккунинг тухумидан чиққан бойқуш, бургутга дўниб, халққа ақл ўргатадиган, икки калима сўзни эплаб гапира олмаса ҳам, қучоқ-қучоқ китоблар ёзиб, отилган тўнғиздек ҳар қўлтиғида иккитадан тарвуз, арслонларга кўкрак керадиган бўлиб қолди, шекили…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон