Байтларимда гўзаллик йўқдир

Байтларимда гўзаллик йўқдир
130 views
25 March 2016 - 4:00

 pen-paper

Жангчи шеърлар

Менинг байтларимда гўзаллик йўқдир,
Балки топилмайди назокатли ҳис.
Ҳақнинг буюргани илоҳий тақдир –
Майдонга чиқдим мен шеърим-ла ёлғиз.

Қандайдир йиғлоқи ашъор ёзмайман,
Ташбиҳ изламайман тентиб ҳар томон –
Юртни қул айлаган золимга қарши
Сўзим-ла ўқ отиб, тутаман қалқон.

Шеърим – озодликнинг руҳидир қутлуғ,
Шеърим – улуғ йўлда мардона жангчи.
Қўрқув билмайди у – қўлда тутиб туғ,
Золимни ўлдирар юрагин санчиб!

*****

Англам

Нафасимни бўғар зимистон ҳандақ,
Ҳаво етишмайди – вужуд силтанар.
Қўлимда ханжар –
Руҳим самоларга отланар.

Қанотлари
синар,
Чиқа олмас тун қафасидан.
Учадиган вақт келмабдими?
Ўзим учишим керак.

*****

Илтижо

Мунгиб ўтираркан есир аёлдай
Ҳимоясиз қолган муштипар ватан –
Менга уйқу ҳаром.

Онамдай кўзёши мижжаларида –
Шундай улуғ ғам турганида
Менга қайғу ҳаром.

Шундай эзилганки, жоним эзилар,
жонимни эзади –
эзар бир оёқ…
Овоз келар юрак томондан –
Сутсиз қолган беҳол гўдакнинг
инграшидир у.

Менга
таслим бўлиш ҳаром,
ожизлик ҳаром.
Агар ҳақ чун курашмасам мен,
Шу халқ чун курашмасам мен –
Яшаш ҳам ҳаромдир, жоним ҳам ҳаром.

Менга ҳаром ҳаёт бермагин, Оллоҳ!

*****

Гўрўғли