Ёмонлик қилишдин бутунлай кўнгли қайтди…

Ёмонлик қилишдин бутунлай кўнгли қайтди…
111 views
25 March 2016 - 5:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 24

(давоми)

МАДИНАГА ҲИЖРАТ

Абдуллоҳ ибн Урайқит деган, йўлбошчиликка олинган киши ҳам бирга келди. Буларнинг келишларини Пайғамбаримиз интизорлик ила кутмоқда эдилар. Туя товуши чиқиши ҳамон, ғордин чиқиб, тоғ тагига тушдилар. Пайғамбаримизнинг уйларида ҳар кимларнинг қўйган омонатлари бор эди. Шуларни эгаларига топшириш учун Ҳазрати Алини вакил қилдилар. Ва уч кундин ортиқ тўхтамай, орқаларидин келмакка буюрдилар. Шу билан уч туяга уч киши миндилар: «Пайғамбаримиз, Абу Бакр Сиддиқ ва йўл бошловчилари Абдуллоҳ ибн Урайқит эди. Омир ибн Фуҳайрани Абу Бакр ўз туяларига мингаштириб олди. Тун ўртаси бўлганида, бу жойдин жўнаб, Худо изни ила Мадина сари юрдилар. Йўлбошчилари Абдуллоҳ тоғ йўлини ташлаб, денгиз бўйлаб юришга бошлаган эди. Бу йўлдин юрганларга Янбуъ, Робиъ қишлоқларидин ўтишга тўғри келди. Қурайш кофирлари Пайғамбаримиз билан Абу Бакр Сиддиқнинг тирикларини ё ўликларини келтурган кишига икки юз туя атаган эдилар. Буни эшитган араб баҳодирлари молга қизиқиб, ҳар томондин йўл тўсишга киришдилар. Шу қаторда Бани Мудлиж қабиласининг баҳодирларидин Суроқа ибн Молик деган кишига биров:

«Йироқдин туялик кетаётган уч киши қорасини кўрдим, Муҳаммаддин бошқа бўлмаса керак, деб ўйлайман» деди. Суроқа буни англаши билан, шу кишилар Пайғамбаримиз эканини билди. Хабарчига: «Бошқа бировлардур, деб уларни йўлдан қолдирди». Ўзи тезлик ила қуролланиб, яширин равишда йўлга тушди. Бошқалар билиб қолсалар ўлжадош бўлиб қолмасин, деб қизғанур эди. Югирик от устида чопгандин чопа-чопа югириб-ўтириб, кўп узоқламай, қасд қилган қора устига етаёзди. Икки ора ўн чақирим ёвуқлашди (яқинлашди).

Пайғамбаримиз туя устида Қуръон ўқиб кетмоқда эдилар. Қуръон ўқиган товушлари қувғувчига эшитила бошлади. Пайғамбаримизнинг у ён-бу ёнга қараш одатлари йўқ эди. Ўлжалик бўлиш хаёлида Суроқа ўзини ўнглаб, отини тепиниб, найзасини тўғрилаб кетаётганида, бирданига оти қоқилиб йиқилди, ўзи ҳам от устидан ағдарилиб, ерга тушди.

Ўрнидан тура келиб, араб одатича, ён халтасига солинган «тулга» (яъни «фол») ўқларига, ишим қандай бўлур деб, қўл солиб қараса, «тулга»си тескари чиқди. Ўлжага қизиққанликдин, бунга қарамай, қайтадин от устига миниб, яна от қўйди. Пайғамбаримиз ўз одатларича орқаларига қарамас эдилар. Абу Бакр Сиддиқ шундоғ орқага қарасалар, ўқдек отирилиб (яъни, тез) келаётган отнинг оёғи қоққан қозиқдек тиззасигача ерга ботибдур, у ер бўлса, қат-қат тошлик ер эди. От оёғини ердан суғуриб олмоққа қудрати етмади. Отнинг туёғи ботган издин кўк тутунга ўхшаш тўзон кўкка кўтарилди. Яна «тулга» ўқлари азлонга қўл солиб қараса, яна «тулга»си тўғри чиқмади. Буни кўриб, ўзига қўрқинчлик тушди. Оти эрса, ерга ботганича титраб турмоқда эди. Сўнгра, омон айтиб, қичқирдиким:

— Мен Суроқа ибн Моликдурман, энди сизларга ҳеч зиёним етмагай, фойда еткурмак учун ваъда бераман. Ё Муҳаммад, Аллоҳдин сўра, отим оёғи бўшалсин, — деди.

Анда Пайғамбаримиз:

— Агар айтганинг аниқ бўлса, сўраганим бўлсин,— дедилар. Шу онда оти бўшаниб, Расулуллоҳ олдига келди. Сўнгра айтди:

— Ё, Муҳаммад, мени бу келишимни қабила халқи онглаган бўлсалар, албатта, ортимдин етиб келурлар. Энди мен бу ердин орқага ёнурман (қайтаман), агар бу йўлда келаётган қувгувчи кишилар бўлса, барини йўлдан қайтарурман. Мандин бошқа орқаларингиздин ҳеч бир изловчи киши келмасга чора қилурман. Менинг сизларга қилган яхшилигим шу бўлсин, — деди. Тағин бир ривоятда келмишдур. Суроқа айтди:

— Эй Муҳаммад, менинг кўнглим шундоқ топадурким, сенинг бу ишинг бир куни бутун дунёга тарқалур, олам аҳли буйруғингга бўйинсунгайлар, ўшал кунда олдингга келсам, таниғлиғим бўлсин, мен учун иймонлик хат ёзиб бергин, — деб сўради. Анда Пайғамбаримиз Омир ибн Фуҳайрани ёзмоққа буюрдилар. У бу аҳднома хатни бир парча суякка ёки меш парчасига ёзиб, Суроқага берди. Сўнгра Пайғамбаримиз айдилар:

— Эй Суроқа, Эрон подшоси Кисронинг билак узугини қўлингга таққан чоғингда қандоғ бўлиб кетар экансан, — дедилар. Анда Суроқа айтди:

— Ҳурмузнинг ўғли Кисрони айтурмисиз?

— Ҳа, ўшани айтурман, — дедилар.

Пайғамбаримиз Мадинага ҳижрат қилиб келганларидин сўнгра саккизинчи йили Макка  шаҳри фатҳ қилинди. Бутун Қурайш қабиласи итоат қилдилар. Бунинг сўнгида Тоиф, Ҳунайн ғазотлари бўлиб, тамом душманлар таслим бўлди. Мана, шу сафардин қайтишларида, Жиърона деган жойда шу Суроқа ибн Молик Расулуллоҳ ҳузурларига келди, саккиз йил илгари ёздириб олган омонлик хати қўлида эди. Йироқдин кўзлари Суроқага тушиб, ани танидилар.

— Марҳабо, эй Суроқа, хуш келдинг, ваъдага вафо қилар кунимиз бизга келди. Сенга, иймон келтирар вақти энди етмадими? — дедилар. Суроқа шу онда иймон айтиб, Исломга мушарраф бўлди. Сўнгра Ҳазрати Умарнинг халифалик даврида бутун Эронистон мамлакати фатҳ қилинди. Бу давлатнинг тамом хазиналари Ислом аскари қўлига кирди. Эрон подшоси Кисро ибн Ҳурмузнинг тожи, камари, билакузуги, ҳар тарафи олтмиш газлик «Баҳор» номлик гилами (бу гилам эса соф ипакдин тўқилган, энг қимматбаҳолик жавоҳирлар билан зийнатланиб, безалган эди), Булардин бошқа ҳар турлик кўп миқдордаги ўлжа тушган молларни Мадинага келтирдилар. Бу молларнинг бешдан бири хазинага солиниб, қолганларини мусулмонларга тақсим қилдилар. Шу қаторида юқоридаги гиламни парчалаб, улаштиришга тўғри келди. Ансор, муҳожирийн саҳобаларга ани улаштириб бердилар. Ҳазрати Алининг ўз ҳиссаларига тушган гилам парчаси эллик минг тиллага сотилган эди. Бу гиламнинг нақадар қимматбаҳо эканлиги шундин маълумдур. Шу чоғда Ҳазрати Умар халифа эдилар, ғанимат молларини тақсим қилиш вақтида Суроқани чақириб:

— Эй Суроқа, Эрон подшоси Кисро худолик даъво қилган эди, Аллоҳ таоло ундин  подшоликни олиб, бизга берди. Мана, унинг хазинаси ўртамизда бўлинмоқдадур. Энди шу подшоҳнинг билакузугини сенинг қўлингга таққайман. Аллоҳга ҳамду сано айтиб, қўлингни кўтаргил, — деб Суроқанинг қўлига уни тақиб қўйди.

Бундин ўн беш йил илгари Пайғамбаримизнинг «Эй Суроқа, Эрон подшоси Кисронинг билакузугини таққан чоғингда қандай бўлгайсан?» деган мўжиза сўзлари шу эди. Бундоқ мўжизалик ишларни ўз ўрни келганда яна баён қилурмиз. Яна ўз сўзимизга келайлик.

Суроқа ибн Молик ўз уйидин отланиб чиққанида мақсади Пайғамбаримизни душманларга тутиб бериш эди, демак, шу келишида қўлидин келгунча зарар етказишни қасд қилди. Лекин унинг деганидек бўлмай, Аллоҳ таоло айтганидек бўлди. Кўз олдида бўлиб турган улуғ мўжизани кўргандин кейин дарҳол иймон келтирмаган бўлса ҳам, ёмонлик қилишдин бутунлай кўнгли қайтди. Шунинг учун йўл бўйида келаётган ҳамма қувгувчи кишиларни турлик сўзлар билан ишонтиргандин сўнгра, ҳаммалари йўлдин қайтиб кетдилар.

(давоми бор)