Болакайлар учун “бирга-бир” геометрия, ёхуд Сергеевнинг доимий хатосидан чиқадиган хулосалар

Болакайлар учун “бирга-бир” геометрия, ёхуд Сергеевнинг доимий хатосидан чиқадиган хулосалар
40 views
27 March 2016 - 9:02

12143246_1240227689339234_6789934558078934783_n“Пахтакор” клубининг ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг яхши ҳужумчиси Игорь Сергеев ушбу мавсумда бирга-бир вазиятларни голга айлантира олмай мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди. Аввал ОЧЛ баҳсларида, кейин эса ЖЧ-2018 саралашида ўта қулай вазиятлардан гол ура олмади.

Рақиб дарвозабонлари билан икки марта бирга-бир чиққан Сергеев икки маротаба ҳам бир хил хатога йўл қўйди. Рақиб дарвозасига яқинлашиб бораётган Игорь тўп билан ё ўнгроққа, ёки чапроққа ҳаракат қилиб, дарвозабонни ўнгга ёки чапга силжитиб, ҳеч бўлмаса битта соҳта зарба (“замах”) қилиб, кейин очиқроқ қолган бурчакка зарба бериш ўрнига, дарвозабон турган нуқтага тўғри траектория билан бориб, ҳеч қандай соҳтакорликсиз (“замахсиз”) рақиб қалъачисининг ўзига зарба берди.

Ўша вазиятларда ҳужумчи қилиши мумкин бўлмаган БИТТА ХАТО ҲАРАКАТ – дарвозабон турган нуқтага тўғри траектория билан бориб, ҳеч қандай соҳтакорликсиз (“замахсиз”) зарба бериш – мавжуд эди. Ўзбекистоннинг етакчи ҳужумчиси эса айнан шу йўлни танлаб, вазиятларни кўкка совурди.

Ваҳоланки, ўша ўйинларда Сергеев олдида камида УЧТА ТЎҒРИ ЙЎЛ бор эди.

Биринчи йўл – тўп билан ЎНГРОҚҚА ҳаракат қилиб, дарвозабонни ўнгга силжитиб, ҳеч бўлмаса битта соҳта зарба (“замах”) қилиб, кейин очиқроқ қолган бурчакка зарба бериш эди.

Иккинчи йўл – тўп билан ЧАПРОҚҚА ҳаракат қилиб, дарвозабонни чапга силжитиб, ҳеч бўлмаса битта соҳта зарба (“замах”) қилиб, кейин очиқроқ қолган бурчакка зарба бериш эди.

Учинчи йўл эса нисбатан ҚИЙИН ЙЎЛ бўлиб, дарвозабон турган нуқтага тўғри траектория билан бориб, алдамчи ҳаракатлар билан уни чалғитиб, кейин зарба бериш эди.

Бу вариантларни ушбу мақолага илова қилинган чизма-расмда кўрсатганман. Қизил ҳоч билан хато ҳаракат кўрсатилган.

Ҳатто пенальти тепаётганда ҳам футболчи тўпга тўғри траектория билан эмас, 45 градусли қийшиқ траектория билан бориб тепиши керак. Акс ҳолда дарвозабон футболчининг зарбага шайланган оёғининг позициясидан тўп қайси бурчакка йўналтирилишини пайқаб қолиши мумкин.

Булар футбол мактабларида ёш ҳужумчиларга ўргатиладиган оддий усуллардир. Ҳар қандай дриблинг аввал соҳта (ёлғон) ҳаракатлар, кейин эса асл ҳаракатдан ташкил топгани каби бирга-бир вазиятлар ҳам ҳам аввал соҳта, кейин эса чин ҳаракатлардан ташкил топиши керак. Агар рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борувчи футболчи ҳудди Игорь Сергеевдек ҳеч қандай соҳта ҳаракатларсиз, ўзининг асл ҳаракатини (дарвозага зарба беришни) бажараверса, бундай вазиятлар йўққа чиқарилаверади.

Икки йил олдин ўғлимга футбол техникасини ўргатувчи мураббий-репетитор ёллаганман. Ўша мураббий ҳар машғулотни ярим соатлик “тушунтириш ишлари”дан бошлайди. Ҳар бир финтни ўргатаётганда доим: “Рақибни алдаш учун энг аввало асл ниятни яшириш керак!”, дегани деган. Унинг айтишича, футболчи тўпни, масалан, ўнг бурчакка тепмоқчи бўлса, ҳудди чап бурчакка тепаётгандек ҳаракат қилиши керак. “Қарашинг, югуришинг, қадам босишинг билан асл ниятинингни билдириб қўйсанг, финтинг амалга ошмайди”, дейди.

Мураббий-репетиторимиз баъзида катта футболчиларнинг хатолари тасвирга туширилган дискларни намойиш этиб: “Катталарнинг хатоларини кўринглар ва уларни такрорламасликни ўрганинглар. Ақлли одамлар ўзгаларнинг хатоларидан ҳулоса чиқарадилар”, дейди. Эрта-индин мураббийимиз 10-12 яшар болакайларга Игорь Сергеевнинг хатосини ҳам кўрсатмаса, деган хавотирдаман.

Мустақил Ўзбекистоннинг футбол тарихида Олег Шацкихга етадиган ҳужумчи ҳозирча топилмаяпти. Ушбу форвард ҳар қандай вазиятни голга айлантира олар эди. Олег учун бирга-бир вазиятлар “копейка” эди.

Эх, ажойиб даврлар эди! “Ўтди-кетди у дамлар, ўзи учар гиламлар” деганларидек, кунимиз дарвозани икки метрдан ҳам нишонга ололмайдиган ҳужумчиларга қолди.

Голга тортмайдиган, мураккаб вазиятларда боши билан қойилмақом тарзда гол урадиган Сергеев негадир жуда қулай позициялар, шу, жумладан, бирга-бир вазиятларда оёқда гол уришга қийналади. Мен матбуот анжуманларида бу хусусда футболчига икки марта савол ҳам берганман. Игорь доим: “Нега шундай бўлишини билмайман”, деб жавоб берган.

Менимча, бу ҳолат Игорь ёшлигида асосан ҳимояда ўйнаб улғайгани, ҳужум чизиғига эса кейинчалик мураббийларнинг кўрсатмаси билан ўтгани билан боғлиқ бўлса керак. Чунки Игорьнинг техникаси (тўп билан муомаласи, дриблинги) ҳимоячиларнинг техникасига тортади. Масалан, тўпни тўхтатиш ва тезда ўзига мослаштириш бўйича Игорь Сергеев ҳамда Анзур Исмоилов ўртасида фарқ кам.

Менимча, бир хил хатони такрор ва такрор қиладиган футболчи ёши ҳамда обрўсидан қатъий назар ўз устида ишлаб, камчиликларини йўқотиб бориши керак. Шундагина у маҳорат жиҳатидан ўсишга эришиб, ҳам ўзига, ҳам жамоасига, ҳам термасига фойдаси кўпроқ тегади.

Бобомурод АБДУЛЛА

Манба: Facebook.com