Давлатга диндор кишилар керак эмас…

Давлатга диндор кишилар керак эмас…
101 views
29 March 2016 - 5:00

Future Technology_iStock_bannerФитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(7)

Мусулмон раҳбарлар имкон борича куч-қудрат йиғишлари, душманларнинг ҳар турли қутқу ва найрангларига жавоб бериш учун ҳамиша ҳозир-нозир бўлиб туришлари зарур. Бу Тангри таолонинг доимий амалдаги амри:

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз. Бу билан Тангрининг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Тангри биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Тангрининг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур” (8:60).

Хулоса қилиб айтганда, ижтиҳод – ўзгариб турувчи ҳаёт талабларини бажо этиш қобилияти демакдир. Бунинг учун ислом моҳиятини чуқур англаш ва ислом ҳуқуқшунослиги асосий принсипларини мукаммал билиш талаб этилади. Ижтиҳод табиат бойликларидан ислом йўлида истифода этишни ҳам ўз ичига олади, токи улар даҳрий материалистлар қўлига тушмасин ва Ер юзида манманлик ва фалокатнинг ёйилишига хизмат қилмасин.

Аммо, афсуски, дастлабки тўрт халифадан сўнг халифаликни мерос олганларга бундай сифатлар етишмади. Уларда мусулмон раҳбари учун вожиб бўлган ахлоқий ва диний қамров йўқ эди. Улар мажусий майлу иштиёқлар ва қабилавий расму одатларни енгиб ўтишга қодир эмасдилар. Ҳижрий 101 йилда вафот этган Умар ибни Абдулазиздан ўзга умавий ва аббосий халифалардан бирортаси ислом талабларига тўла мос-мувофиқ келмас эди.

Бунинг натижаси ўлароқ, кўп ўтмай ислом диний-сиёсий тузумида дин ва давлат ўртасида бўлиниш юз берди. Халифалар дину диёнатда фойда кўрмай, уни ўз ҳолига ташлаб қўйдилар, диний раҳнамоликни бир четга суриб, нуқул сиёсат билан машғул бўлдилар. Диний масалаларда муаммо чиқиб қолгудек бўлса, уни уламолар мажлисига ҳавола этишар, аммо ҳамиша ўзларига мақбул, мувофиқ келадиган қарорларни қабул қилишарди. Уламолар, халифа саройига яқинлашиб, шундан моддий манфаат кўрадиган айримларни ҳисобга олмаганда, бу аҳволдан норози бўлиб, вақти-вақти билан салтанат доирасида исён кўтаришар ёхуд масжиду хоноқоларга чекиниб, ўз-ўзларини тарбиялаш билан машғул бўлишарди.

Дину диёнат таъсири камайиши билан мусулмонларнинг ахлоқий, маънавий сифатлари ҳам пасайиб кетди. Халифаларнинг ахлоқий бузуқчиликдан иборат турмуш тарзи жамиятнинг умумий маънавий қиёфасига таъсир этмай қолмади. Қуръони каримнинг “Яхшиликка интилинг, ёмонликдан сақланинг” шиори ўзининг амалий аҳамиятини деярли йўқотди, чунки у давлатнинг қўллаб-қувватлашига суянар, ана шу таянч сусайиши билан исломга қарши тамойиллар қўзғалиб, халқнинг имон, эътиқодини емира бошлади.

Мусулмонлар айшу ишратга ботиб, енгил-елпи ҳаёт кечиришга киришдилар. Роҳат-фароғатга берилиб, ялқовланиб қолдилар. Бундай аҳволда уларнинг Пайғамбар алайҳиссалом пайғомини бошқаларга етказишдек юксак бурчларини бажаришлари мушкул эди. Мусулмон бўлмаганларга ислом қолдирган аввалги тасуротлар мусулмонларнинг ахлоқий тушкунлиги туфайли барбод бўлди. Табиийки, номусулмонлар мусулмонлар заволини уларнинг имон, эътиқодига йўйишди. Улар исломга бўлган ихлос ва ишончларини йўқотдилар. Бир овруполик ёзувчи ҳаққоний қайд қилинганидек, ислом бўҳрони мусулмонлар самимиятига бўлган ишончнинг йўқолиши билан бошланди.

Табиий билимлар билан шуғулланувчи мусулмон олимлари юнонлар метафизикаси ва илоҳиётини талқин этишга киришдилар. Ҳолбуки, у нарсалар юнон мифалогиясининг бироз тузатилган нусхасидан иборат эди, холос.

 Юнонлар ўз афсоналарига схоластик қарашларини усталик билан сингдириб, кейин фаслсафий иборалар билан безашган эди. Уларнинг мумтоз фалсафаси қуруқ муҳокамага асосланган эди. Қуръони карим руҳи, аксинча, қуруқ муҳокамани хушламасди. Мусулмонлар Тангри таолонинг борлиғи ва намоён бўлишига доир назарий баҳсу мунозараларга киришмасликлари керак эди, зеро, Қуръони карим ҳақиқий билимни уларнинг қўлларига бериб қўйган эди. Улар бунинг қадрига етишмади. Диққат-эътиборни ишончли маънавий ва моддий фаровонликка қаратиб, шу йўсинда исломга дунё бўйлаб кенг йўл очиш ўрнига, ўз куч-ғайратларини бесамар метафизик баҳсу мунозараларга сарф этишди.

Шундай қилиб, мажусий ақидалар ва расму одатлар мусулмон жамиятига суқилиб кира бошлади. Мусулмонларнинг бошқалардан устунлиги мутлақо уларнинг дину диёнати туфайли эди. Бу дину диёнатнинг улуғворлик сири унинг Илоҳий Қонун эканлигида, Илоҳий Қонун эса – Тангри таолонинг синоати эди. “Бу барча нарсани пухта қилган зот – Тангрининг синоатидир” (27:88). Мабодо бу Илоҳий Қонун инсон жаҳолати туфайли бузилса, бажариши лозим бўлган вазифани у бажармайди, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам муваффақият гарови бўлиб хизмат қилмайди. Бундай шароитда инсон ақли Қонунга бўйсунмайди, унинг идроки Қонунга эргашиш заруратини рад этиб, ўзни унга ишонтиришга йўл қўймайди.

“Дунё нимани йўқотди – мусулмонлар исломдан чекиниб…” китоби муаллифи фикрларини ўз тилимизда, ўзимизга мослаб талқин этсак, қиёфамизни вақт кўзгусида аниқ-тиниқ кўрамиз.

Мустақиллик йилларида кўплаб ижтимоий ва сиёсий тарғиботчилар етишиб чиқдилар. Улар орқа-олдига қарамай, президент кўзига яхши кўринамиз дея, одамлар онгига материализм уруғини сочиб, хулқ-ахлоқ борасида ишратпарастлик, механистик қарашларни олға суряптилар. Мустақиллик сиёсати Макиавелли сиёсатининг давоми бўлиб, ахлоқдан ажратиб, бири хусусий, иккинчиси халойиққа қаратилган икки ўлчамли, мунофиқона ахлоқни эълон этиш билан жаҳолат ва қабоҳатга йўл очиб берди. Дин яшайдиган бўлса, шахсий ҳаёт доирасидан нарига чиқмасин, деди у, дин сиёсатга аралашмасин, давлат зарур қонунларни ўзи белгилайди. Мажусийлик президент Ислом Каримов дунёқарашининг пинҳона шакл-мазмуни бўлиб, у – ўзга бир дунё, инсон яшайдиган дунёнинг унга дахли йўқ. Давлатга диндор кишилар керак эмас, негаки, уларнинг диндорлиги зиён келтиради, қийин, мураккаб шароитларда ахлоқ талабларини четлаб ўтишга йўл бермайди. Унинг қизлари, давлат амалдорлари тулкидек айёр ва маккор бўлишлари, шахсий мақсадларга эришиш йўлида ҳар нечук ёлғон, алдов ва хиёнатни ишга солишлари лозим ва ҳоказолар.

Шундай қилиб, президент кўнглини овламоқчи бўлган файласуфлар, шоир ва ёзувчилар, аксар ислом раҳномалари диний талаблар ва қадриятларни бузиб, емириб ташладилар. Улар ўзларини тақводор кўрсатишлари асносида, диний ахлоқнинг асрий қоидалари устидан масхаралаб кулдилар, гуноҳни мақтаб, инсонларни иштаҳага зўр беришга чақирдилар. Шундай қилиб, Ғарб тамаддуни яна аслига қайтди. Бу – қадимги Юнонистон ва Рим мажусий тамаддунининг янги нашр этилган нусхаси, холос. Мажусий тамаддуннинг шарқий насронийлик рад этган барча аломатлари ва хусусиятлари XIX аср маданият арбоблари томонидан қайта тикланган бўлиб, ўша-ўша, диний ҳис-туйғунинг йўқлиги, ўша-ўша, юнонлар ва римликлар динига хос бўлган эътиқодга уқувсизлик замонавий ғарбнинг диний қиёфасида яққол кўзга ташлангани сингари, президент саъй-ҳаракатлари сабаб, мустақиллик йилларида шахдам қадамлар билан ўлкага кириб келди. Ўша-ўша, Юнонистон ва Рим маданиятида кўрганимиз ҳиссий лаззату роҳатларга ҳаддан ортиқ ружу қўйиш, берилиш бугунги ўзбек маданиятида яққол намоён бўлмоқда. Замонавий ўзбек ёшларининг руҳий дунёси Платон “Республика” китобида қаламга олган Қадимги Юнонистон ёшларининг  руҳий дунёсидан сира фарқ қилмайди, зеро улар мустабид ҳукмдор ақли-ҳофизаси доирасидаги истаган ишларини қилишга ва истаган сўзларини айтишга ўзларини ҳақли деб ҳисоблайдилар.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон