Ҳар ким доно бўлса…

Ҳар ким доно бўлса…
133 views
30 March 2016 - 7:00

3_bigМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Юз жон, эй дўст   

Кўзимга ҳаргиз кўринмас жаҳон, эй дўст!
Не жаҳон, балки, танда гар бўлса юз жон, эй дўст!

Дўстларига бу ишлар бевафолик эрмасму?
Жонга жабринг орттирдинг, очдинг-у забон, эй дўст!

Улки рухсоринг кўриб, кўнгил ичи минг яра,
Жон бермай қутулмоқ йўқ, бизга бу имкон, эй дўст!

Васлингга умид этган узмиш қўлин жонидан,
Кўзинг жаллоду жаҳон, қошингдир камон, эй дўст!

Дастуру замон будур, мазлумларга лутф этгил,
Шарору шавқинг ортар, тиласам, омон, эй дўст!

Умидвор ошиқларга васлингдан заҳар қотдинг,
Ошиқларга жабр андан бўлгайму бир ён, эй дўст!

Махдумқули, бир маҳлуқ, мен ошиғам, сен – маъшуқ,
Гар дейсан: “Истагим йўқ”, борайин қаён, эй дўст!

*****

Гўзалсан  

Кун ханжари кўкдан ерга инганда,
Кунга қарши туққан ойи, гўзалсан!
Уста Жаъфар иши – қалқон, совути,
Исфахондан чиққан ёйи, гўзалсан!

Сочбоғинг учининг зардир ишваси,
Устидан йўл тушса, киндир – шеваси,
Оғзинг оби ҳаёт – Замзам чашмаси,
Жаннати Кавсарнинг лойи, гўзалсан!

Қизил десам, қизил, ол десам, олсан,
Ҳиндистонда шакар, Булғорда болсан,
Ишқ билан очилган тоза бир гулсан,
Юсуф-Зулайхонинг тенги, гўзалсан!

Ҳар ким доно бўлса, унга “пир” дерлар,
“Дардли қулнинг дармонини бер”, дерлар,
“Қовуннинг сарасин шоғол ер” дерлар,
Иқболли банданинг пойи, гўзалсан.

Овозанг Чин-Мочин, тоғлар ошаси,
Сени кўрганларнинг ақли шошаси,
Ҳиндистоннинг зилол гавҳар шишаси,
Сураи чилимнинг нили, гўзалсан!

Махдумқули халқдан сирин гизласа,
Тишини синдиринг, ёлғон сўзласа,
Аввалда, охирда айём кўзласа,
Ғариб бечоранинг пойи, гўзалсан!

Пой – ҳаққи.

*****

Беқарорман, тўғрси  

Эй пари, мен ошиқман сенга, деярам, тўғриси,
Кўрмагунча гул юзингни, беқарорман, тўғриси.

Шаҳрингизда бир пари, исминг эшитдим мен сенинг,
Булбули бечораман, кўп оҳу зорман, тўғриси.

Бир бозиргонман, менам, ишқинг матосин сотарам,
Шаҳрингизга келмишман, бас, савдогарман, тўғриси.

Оёқ босдим шаҳрингизга, мен ҳаромдан қўрқаман,
Етти пирнинг лафзидан бир ёдгорман, тўғриси.

Эй пари, зулфинг сари, валлоҳ, сенингдек хўплара,
Айтадир Махдумқули, бас, ҳайронингман, тўғриси.

“Етти пирнинг лафзидан бир ёдгорман” дейилаётганига кўра, Бухоро шаҳри ҳақида сўз боряпди.

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди