Қирғизистондаги “адолатли” сайловларда ўзбекларнинг ўрни

Қирғизистондаги “адолатли” сайловларда ўзбекларнинг ўрни
108 views
30 March 2016 - 6:56

SaylovКуни кеча республиканинг барча вилоятларида махаллий кенгаш депутатларининг сайловлари бўлиб ўтди. Бу сафар ҳам Қирғизистон ҳукумати ҳар галгидек “ҳаққоний” сайлов ўтказа олдик дея мақтанди. Бироқ, аслида сайловлар қўпол қонунбузарликлар билан ўтган.

27 март куни бўлиб ўтган Ўш шаҳар кенгаши депутатлари сайловига 20 дан ортиқ партия номидан мингдан ортиқ инсон ўз номзодини кўрсатган.

Расман бир ой аввал бошланган сайлов тарғибот жараёнига Ўш шаҳар ва туманидаги ўзбеклар кўпроқ жалб этилган. Улар асосан ўзларининг мавзейларида тарғибот ишларини олиб борган.

“Яхши бузоқ, икки онани эмади” деганларидек, бир инсон бир вақтнинг ўзида бир эмас, икки ёки ундан ҳам ортиқ партия тарғиботчиси ўлароқ ёзилиб, ҳар биридан маълум миқдорда пул ундиргани маълум.

“Ён қўшним бир кун бир партиянинг футболкасини кийиб чиқди, эртаси бошқа бир партиянинг футболкасини кийиб чиқибди. Ие, нега кеча ундай, бугун бундай десам, кулиб: Биз пул олсак бўлгани, деб айтди” – дейди Ўшлик Ғофур.

Бу каби холатлар деярли барча ўзбек тарғиботчиларида кузатилади. “Пул берсанг ҳамма нарсага тайёрман” деб турган ўзбекнинг холига ачинасан баъзида. Нахот, улар учун пул виждондан ҳам азизроқдир!

Қирғизистонда, хоссатан Ўшда ҳар сайлов мавсумида номзодлар аҳоли билан учрашиб, муаммоларини эшитиб ва уларни ўша вақтнинг ўзида ҳал қилиб беришга ҳаракат қиладилар. Масалан: лой кўчаларга, шағал тўкдириб, теккислантиради ва асфальт ётқиздиради. Кўчаларга ёруғликлар ўрнатиб, мактаб, бола боғчаларни таъмирдан чиқартирадилар ва шу каби аҳолининг муҳим эҳтиёжларини қаноатлантиради. Сабаби, сайлов куни ўша инсонлар бу номзод учун овоз беришлари кафолатланади.

Ўзбекларчи? Улар учун пул бўлса бас! Чанг ва қоронғу кўчаларда юриб, эски биноларда тахсил олишни давом эттираётган ўзбеклар, гўёки фақат бугунги кун билан яшаётгандек. Маҳалла бошчилари (элликбоши) раҳбарлигида уйма – уй юриб, инсонларни пасспорт маълумотларини ёзиб олиб, ўзлари тарғиботчи хисобланган партияларга маълум сондаги инсонларни кафолатланган овоз сифатида тақдим этишлари ажабланарли хол.

“Поликлиникага тушсам, у ерда ишлайдиган танишим: “Мен СДПК партиясига тарғиботчи сифатида ишлаётган эдим. Сизнинг исми-шарифингизни ёзиб олсам бўладими» деб сўради. Унга йўқ дея олмасдан, майли деб ёздирдим. Уйга чиқсам, ён қўшнимиз ҳам бошқа бир партия номидан кириб, уйдагиларнинг исми-шарифларини ёзиб чиқиб кетибди. Буларнинг қайси бирига овоз беришга ҳам хайронсан” – дейди Дильфуза.

Бир партия ҳар бир тарғиботчисига мавзейига қараб, ўртача 3000-5000 сўмдан (40-70 доллар) бир ойига ҳақ тўлайди. Ундан ташқари, партиянинг футболка, бош кийим ва турли хил буюмларини, мавзейдаги сайловчиларга хадия этишлик учун берадилар. Лек, уларнинг аксарияти тарғиботчиларнинг ўзларида қолади.

Маҳалла раҳбарларидаги (элликбошчи) маълумот асосида, ҳар бир мавзейдаги сайловчилар сони ҳисобланиб, сайлов куни фақат бир партияга овоз беришлари учун, уларга аввалдан маълум миқдорда пул берилиши анъанавий холдир.

«Уйимизда сайловга борадиган тўрт киши бор. Элликбоши уйимизга кириб, паспорт маълумотларимизни ёзди ва 4000 минг сўм пул бериб чиқиб кетди. Сайлов куни ўша партияга овоз бердик» – дейди Ўш шаҳар яшовчиси Илхом.

Одатда, эрталаб соат 8:00да очилган сайлов марказларида энг аввало партия тарғиботчилари билан кузатувчилари пайдо бўлади ва улар ўзларининг одамларини чақириш билан шуғулланадилар. Шаҳарнинг турли хил мавзейларидан одамларни сайлов марказларига олиб келиш учун махсус кичик автобуслар хизмат кўрсатадилар.

Сайлов куни ёнма-ён яшовчи қўшнилар ҳар иккиси, бошқа-бошқа партиялар номидан кузатувчи сифатида, сайлов марказларидаги қонунбузарликлар юзасидан ўзаро келишаолмасдан, ораларида низо пайдо бўлади ва бир умрлик душманга айланадилар. Гарчан, ҳар иккиси ҳам адолатли сайлов тарафдори эмас.

“Икки қўшним турли хил партиялар номидан сайлов участкаларида кузатувчи бўлиб туришган. Партиялар уларни иш ҳақларининг ярмини берганлар, сайловдан ўтиб олганлирадан сўнг, пулни қолган қисмини берамиз деганлар. Унгача, сайлов марказларида иккала қўшним бир-бирларини айбларини излаб, аразлашганлар. Сайлов натижаларига кўра, ҳар иккала партия ҳам ўта олмаган ва анови иккала қўшнимга ҳам пулларининг қолган қисмини бермай кетганлар. Бир кунлик сайловни деб, ён қўшнилар юз кўришмас бўлиб кетди” – дейди Нигора.

Қирғизистон ҳукумати сўнги пайтда, сайловларни замонавий технологиялар билан ўтказаётганини мақтансада, лек, махаллий сайлов марказларида аҳвол ўзгармаяпти. Сайлов жараёни бошланганидан то тушгача бироз, халқ ва кузатувчилар учун сайлов жараёни қонуний ўтгандек бўлади. Тушдан кейин эса, аввалдан маълум партиялар учун тайёрланган сайлов қоғозлари қутиларга солинади. Бу жараёнга хаттоки “мустақил кузатувчилар” ҳам жалб этилади. Ва албатта бунинг эвазига улар учун махсус дастурхонлар тузалади.

Ўш шаҳрининг Шарқ қишлоғидаги сайлов маркази раҳбари мустақил кузатувчилар тарафидан, сайлов қутиларига ноқонуний сайлов қоғозларининг (бюллетень) солиниши юзасидан билдирилган эътирозга жавобан: “Ука, биз ўзбекларга сайловнинг қандай ўтиши барибир эмасми?” – дея жавоб берган.

Айнан, Қирғизистонда яшовчи бир миллиондан ошиқроқ ўзбеклар учун сайловларнинг адолатли ўтиши мухимдир. Сабаби, давлатнинг эртанги куни, равнақи ва қулаши ҳам биз ўзбеклардан талаб қилинади. Зеро биз Ўшга ўзга жойдан кўчиб келган эмасмиз, балки шаҳарнинг асосчилариданмиз.

Қирғизистон сайлов марказининг маълумотига кўра, Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига қўйидаги партиялар сайловда ғолиб чиққанлар:
“СДПК” партияси – 30,6%, “Қирғизистон” партияси 15,07%, “Маконим Қирғизистон” партияси – 11,08%, “Республика-Ота Юрт” партияси – 9,07%, “Бир Бўл” партияси – 8,05% ва “Онугуу (Ривожланиш)” партияси – 8%.

Эслатиб ўтамиз, Ўш шаҳар кенгаши депутатлари 45 нафарни ташкил этади. Сайловда 8% бўсағани қўлга қиритган партия номзодлари депутат бўлиб сайланадилар.

ЎХҲ ахборот бўлими