Қирғизистон Ўзбекистон ихтиёридаги сув омборларига даъво қилмоқда

Қирғизистон Ўзбекистон ихтиёридаги сув омборларига даъво қилмоқда
299 views
30 March 2016 - 14:46

46ffe30d23f02944e1efa00c5c62e366797bc0ba“Озодлик” радиосининг хабар беришича, бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш ва делимитация қилиш бўйича мутассадиси Қурбонбой Искандеров маълум қилган. Қирғизистон Ўзбекистондан қайтариб олишини айтаётган айрим сув объектлари икки давлат ўртасидаги баҳсли бўлиб турган ҳудудларда жойлашган.

Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш ва делимитация қилиш бўйича мутассадиси Қурбонбой Искандеров “Ўртатўқай” (Ўзбекистонда Косонсой, деб аталади) ва Каркидон сув омборлари, Катта Наманган, Чуст, Норин, Сўх-Шохимардон, Лаган, Савай каналларини Ўзбекистон ихтиёридан Қирғизистонга қайтариш бўйича ишлар бошланганини айтди.

Расмйининг билдиришича, бу каналлардан Шўролар даврида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам Ўзбекистон фойдаланиб келган, лекин бу объектлар жойлашган ҳудудлар Қирғизистон ерлари ҳисобланади. Лекин Қурбонбой Искандеров бу сув заҳираларидан фойдаланиш масаласида икки давлат ўртасида бирорта ҳужжат имзоланмаганини айтди:

– Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида “Ўртатўқай” сув омборидан фойдаланиш масаласида шартнома ҳам имзоланмаган. Шу кунгача Ўзбекистон Қирғизистонга ижара ҳақи учун бир тийин тўламади. Союз даврида Ўзбекистон биздан ижарага ер олиб, Иттифоқ бюджети ҳисобидан қурилган объектларни 1992 йилги давлатлараро шартнома асосида Қирғизистонга қайтариши керак эди. Бу шартномани Ўзбекистон президенти имзолаган ва парламент ратификация қилган,– деди Қурбонбой Искандеров.

Айни пайтда Ўзбекистон бу объектларнинг ўзига тегишли экани тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд эканини билдирган. Тошкент, айниқса, “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объектлар тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келади. “Косонсой” ва “Кампиробод” сув омборлари Фарғона водийсидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи асосий заҳира ҳисобланади.

Қирғизистон мазкур объектларни Ўзбекистондан қайтариб олишга 2001 йилдан бери ҳаракат қилиб келади. Лекин ўтган 15 йил давомида бу ҳаракат натижасиз якунланган.

ЎХҲ хабарлар бўлими