Ёки ёмоннинг зўри япалоққа етдими?

Ёки ёмоннинг зўри япалоққа етдими?
17 views
30 March 2016 - 18:15

210336Шу кунларда қўшиқчи Райҳоннинг ўзбекчани билмаслиги Фейсбукда баъзиларнинг бир томонлама танқидларни кучайтириб юборди. Уларнинг баъзи гапларига қисман қўшиламан: Райҳон ўзбек хонандаси ҳисобланади ва Ўзбекистонда улғайган. Тили русча чиққан ва русча таълим олган бўлса ҳам, ўзбек халқи ҳақ-ҳурмати бу тилни ўрганиши шарт эди.

Афсуски, ўзбек санъаткорлари ва зиёлилари орасида ўзбекчани эплаб гапира олмайдиганлар ҳалиям жуда кўп. Буни, бир сўз билан айтганда, миллат ва ватанга ҳурматсизлик дейиш мумкин. Аммо, масаланинг бошқа томони ҳам бор: бугун Райҳонни ердан олиб, ерга ураётганлар Ўзбекистонда минглаб каттароқ муаммолар турганда бир қўшиқчини тавқи лаънатга қўйишлари қуюшқонга сиғмайди.

Албатта, тил ва миллат ҳақида гапириш керак, аммо ҳамма нарсанинг меъёри бор. Халқ сарсон саргардон, коррупция бўйинга қадар ботган, ҳукумат билган ўтини еб ётибди, миқ дейдиган одам йўқ.

Беш олти йил олдин ўзига Гугуша номини олган қўшиқ куйлаганида қаерда эдингиз? Чингиз Аҳмаров яратган Тошкент метросидаги дурдона асарлар бўяб ташалганида қаерда эдингиз? Бутун мамлакат бўйлаб чинорлар кесилишига нега миқ демайсиз? Ёки ёмоннинг зўри япалоққа етдими?

Сирожиддин Ислом
“Озодлик” радиоси ходими