Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
24 views
01 April 2016 - 19:15

946451_466262913571967_3106161143789906378_n10400067_466257130239212_1135191577690767998_n
9. ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВА ТУРКИЯДАГИ НОШИРЛАРИМ

Туркияда ҳикоялар китобим босилиб, энг йирик китоб кўргазма (Fuar)ларидан бирига қўйилиб, орада менинг “Имзо куни”м ҳам ўтгани ҳақида олдинги бобларда ёзган эдим. Бугун ҳаётимдаги бу катта воқеани қайтадан бир эсларканман, ноширларнинг таҳсинга лойиқ хизматларини эътироф этгим келди.

Ҳа, кейинги пайтларда мен Ватанимда ҳам, Туркияда ҳам ноширдан ялчидим десам бўлади, Оллоҳга шукр. Олдин Ватандан кичик бир хотира.

Мени яқиндан танийдиганлар билади, 1989 йили охирги китобим “Шу ерлик киши” босилганидан бери китоб ёзмадим. 1990-1991 йили Алишер Навоий ҳазратнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосида 2 (икки) қисмли сенарий (киноқисса) ёздим, икки марта бадиий кенгашдан ўтди, ҳукумат пул ажратди, суратга олиш учун тайёргарликлар бошланди, аммо ўша пайтлари пул қадри ойига тушиб кетаверди ва охири суратга олинмай қолди. 1991 йил 11-сонида бўлса керак, “Шарқ юлдузи” журнали киноқисса тариқасида эълон қилди. Ўшандан кейин бадиий асар ёзмай қўйдим. Мақолалар ёздим, таржималар қилдим, муҳаррирлик қилдим, лекин бадиий ижоддан чекиндим. Сабаби кўп, айрим мақола ва суҳбатларимда у сабабларга ишора қилганман…

Ниҳоят, орадан 18 (ўн саккиз) йил ўтиб 2009 йили “Тафаккур” журналида “Чилла” ҳикоям чиқди. 2010 йили 1-сонида “Шарқ Юлдузи” журналида “Этакдаги кулба” ҳикоям эълон бўлди. 2011 йили “Ёшлик” журнали “Оддий ҳақиқат” ҳикоямни босди.

Аста-секин адабиётга қизиқиш қайтадан уйғона бошлади. Ўзимни янада шавқлантириш учун айрим дўстларимнинг таклифлари билан эскию янги нарсаларимни қўшиб бир китоб қилишга киришдим. Мамлакатнинг отахон нашриёти “Шарқ” уни босишга тайёр эканини билдирди.

Иш бошланиш арафаларида адабиётшунос олим укамиз Баҳодир Каримнинг тавсияси билан китобни “Академнашр” нашриётига олиб бордим. Бу нашриёт кейинги пайтлардаги фаолияти билан оғизга туша бошлаган, китобатчиликда ўзига хос йўл очаётган эди.

Тўғрисини айтсам, илк эшитганимда бу нашриётни Фанлар Академиясининг “ФАН” нашриёти билан чалғитибман. Директори Санжар Назарни ҳам шахсан танимасдим унда. Баҳонада ўз ишининг устаси, адабиёт ва фикр одами, фидойи бир инсон билан танишдим. Яқиндан таниганимдан кейин нашриёт директори ҳам, ходимлари ҳам ноширлик ва матбаачиликда энг илғор тажрибаларни қўллайдиган, изланувчан йигитлар эканига янада иқрор бўлдим.

Ниҳоят, 2014 йили ‒ орада 25 (йигирма беш) йиллик танаффусдан кейин “Этакдаги кулба” китобим энг замонавий безакларда, техник томонлардан ҳам юксак савияда нашрга тайёрланди ва яна бир изланувчан матбаачи Шавкатнинг “Кўҳи нур” босмахонасида босилди. Барча чиқимни “Академнашр” бўйнига олди. Айниқса, қаламҳақи ҳам ваъда қилиши, сотувни бўйнига олиши ва: “Бордию китоб туриб қолса ҳам бир нарса демайман!” дейиши кўнгилни тоғдек кўтариб юборди. Ижодкорлар билади: ҳозирги шароитда ҳамма ҳам бунақа мардлик қила олмайди!

Бу гапларни ўшанда Санжарнинг ўзига айтишим ҳам мумкин эди, лекин юзига айтилган мақтовни ёқтирадиган йигитлардан эмаслиги кўриниб турарди. Ҳозир Ватандан бир оз узоқдалигим менинг тилимни ечди ва бу эътирофларимни самимий қабул қилади деб ўйлайман. Аслида-ку, менинг мақтовимсиз ҳам “Академнашр”нинг кейинги пайтлардаги ютуқлари ўртада ‒ ҳамма кўриб турибди. Ноширчилик соҳасида ҳатто халқаро кўрикларда ҳам мукофотлар олишга улгурди. Оллоҳ бундан кейин ҳам нашриётнинг ривожини берсин.

Энди Туркиядаги ноширимиз ҳақида икки оғиз сўз. Бошланиши бундай бўлди:

Истанбул университетларидан бирида анча йиллардан бери ўзбек адабиёти фанидан дарс бериб келаётган олим укаларимиздан Нодирхон Ҳасан бир неча марта “Асарларингизни туркчага таржима қилдирсангиз-чи!” деб юрарди. Қани, дедим. Яна бир олим укамиз, турк тили бўйича мутахассис Абдумурод Тилав таржимон топиб берди. Шогирди Шерзод Отамурод яхши йигит экан, ҳикояларимни туркчага жон куйдириб ўгирди. Биргаликда устидан бир кўриб ҳам чиқдик.

Хуллас, 2013 йили Туркияга келишимда бир китоб таржимаси тайёр эди.

Машҳур адиб, олим, давлат арбоби Алихонтўра Соғунийнинг (Оллоҳ раҳмат қилсин) кенжа ўғиллари, анча йиллардаан бери Истанбулда яшайдиган Қутлуғхон (Эдиқут) ака Шокир бу ерда бир ношир билан таништириб қўйдилар. Шараф Йилмаз ўзи ҳам ёзувчи, ҳам шоир, айни чоқда, икки адабий журнал (“dergi”) муҳаррири ва икки нашриёт (“yayınevi”) мудири экан. Мени қувонтирган томони ‒ Шараф Йилмаз 90-йиллари уч йил Ўзбекистонда яшаган, ўзбекчани яхшигина билар, ўзбеклар ҳаёти унга бегона эмас эди. Қутлуғхон ака шарофати билан ўзимга ўхшаб тилга инжиқ инсонни топганимдан хурсанд бўлдим.

Биргаликда таржималарни роса ижикилаб таҳририни бошладик. Мен юртга қайтганимдан кейин Истанбулда докторантурада таҳсил олаётган шогирдларимдан Зебунисо Ҳусайн, ундан кейин ўғлим Файзуллохон ёрдамида ўзбекчасига солиштирган ҳолда Шараф бей китоб таҳририни битирибди. Орада “Temrin”dergiсида ҳикояларимдан намуналар бериб борди.

Айни пайтлари Анқарада нашр этиладиган “Kardeş kalemler” журнали ҳам бир неча ҳикоямни чоп этди.

Ҳикоялар чоп этилгани сари мени севинтирадиган яна бир иш бўлди ‒ Фотиҳ университети юксак лисансини (магистратура деса бўлади, аммо диплом ишининг мақоми биздаги эски номзодлик ишига тенг дейишади) битирувчи озари қиз Celale GUBADZADE (Жалола Губадзода) туркчада чиққан айрим ҳикояларим таҳлили асосида “ÖZBEK YAZAR NURULLAH MUHAMMED RAUFHAN’IN “BÜYÜK ŞEYTAN”, “EV”, “AYNA”, “GENİŞ DÜNYA”, “BALON”, “KAZANÇ”, “GÜNLERDEN BİR GÜN” İSİMLİ HİKÂYELERİ” мавзуида диплом иши ёқлабди.

Хуллас, айтаман десам гап кўп. Ўйлаб қарасам, Туркияга келишимдан мақсадларимдан бири бўлган бу ишларни “Туркия манзаралари”га бемалол киритсам бўлаверар экан…

Ҳа, ўзбекча “Этакдаги кулба” китобим Санжар Назар қўлига тушганидан қанча қувонган бўлсам, кейинчалик туркча “Kuytudakı Kulübe” китобим Шараф Йилмаз билан ҳамкорликда ёруғликка чиққанидан шунча қувондим. Ҳар иккала ношир ҳам менинг ишимга самимият билан ёндашди, катта фидокорликлар кўрсатди. Айниқса, китоб босмага тушмасидан олдин ўзбек тили ва адабиётининг йирик тарғиботчиси, дўсти доктор Ҳусайн Бойдемир ҳам уни ўз ташаббуси билан кўздан бир ўтказиб бергани туркча матн янада мукаммал чиқишига сабаб бўлди. Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.

Албатта, “Академнашр” ишлаган муқова билан “Ferfir” yayınevi ишлаган муқовалар услуби бошқа-бошқа. Сизларга қандай билмадим-у, менга иккаласи ҳам ўзига хос туюлди. Муҳими – истарали.

*****

10. ҚОНДОШ-ҚОРИНДОШ

Бугун халқимизнинг Туркияга ва турк оға-иниларимизга муносабати умуман олганда яхши. Кузатсангиз, қардошлик туйғуси бўртиб сезилиб туради.

Айни чоқда айрим кишилар бор, турли сабабларга кўра, Туркияга ҳам, туркларга ҳам муносабатлари унча яхши эмас. Бу “яхши эмас”ларни икки тоифага ажратса бўлади:

а) мўътадил совуқ муносабатдагилар; б) ўта салбий муносабатдагилар.

Мўътадил ё қаттиқ салбий муносабат туғилишига сабаб турлича:

1. Маиший сабаб. Кимдир ўзаро муносабатда кўнгли қолган, кимдир тижоратда панд еган ‒ биронта товламачи ё алдамчига йўлиққан ва ҳоказо…

2. Сиёсий сабаб. Давлатлар ўртасидаги совуқчилик Оммавий ахборот воситалари “ёрдами”да кўпиртирилиб, бу тескари ташвиқотга учганларни бир-бирига ёмон кўрсатиб қўйган.

3. Тарихий сабаб. Буни ҳам ўз навбатида иккига ажратса бўлади:

а) мустамлакачилар ташвиқоти таъсирида қардошлар орасига совуқчилик туширадиган ёлғон маълумотлар руҳида ўсганлик;

б) ўзимизнинг асл тарихимизни яхши билмаслик ва Амир Темур билан Йилдирим Боязид ўртасида бўлган уруш мафкурасининг салбий таъсири оқаваси.

Мен ҳозир икки қардош, ака-ука миллат орасида бугун юзага келган турфа хил муносабатнинг барча сабаб-оқибатларини ёритмоқчи эмасман. Бу жуда катта мавзу (аммо махсус ўрганса арзийдиган мавзу). Мен ҳозир “Маиший сабаб” турига киритганим майда-чуйда гап-сўзларга муносабатимни билдирмоқчиман. Зотан, кўча-кўйда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам тилга олинадиган салбийликлар кўпи майда гаплардир.

Мен илк кез Туркияга 1997 йили рамазон ойида катта ёзувчи акамиз Тоҳир Малик билан биргаликда Туркиянинг Ўзбекистондаги Буюк элчилиги таклифига кўра меҳмон бўлиб келганман. Туркияда кечган Рамазонни жуда яхши кўриб қолганман. Шундан кейин қизим билан онасини олиб 2009 йили атай Рамазон ойида келдик. Рамазоннинг ҳар кечаси сайил, байрам бўлиши мени тўлқинлантирган. Сўнгра 2013 йили ёз бошларида келдик. Бу галгиси тўртинчи келишим.

Албатта, ҳар келганимда хилма-хил соҳа кишилари ‒ оддий кўча одамидан тортиб ёзувчи-шоирлару вазирларгача кўришдим, мачитларда, бозорларда бўлдим, турфа уловларда Туркиянинг ярмидан кўп шаҳарини кездим ва…

Мен доим яхши инсонларни кўрдим! Яхши инсонлар даврасида юрдим! Ўзимга ҳам фақат яхши муносабат кўрдим!

Лекин қачон юртимга қайтиб таассуротларимни ўртоқлашсам, менинг ижобий баҳоларимга қўшилганлар қаторида битта-ярим ишонмаганлар, ҳатто ўта салбий гап айтганлар бўлди. “Товламачи”, “алдамчи”, “ўта пишиқ” каби сифатларни қўшиб гапиришарди. Тортишардик, лекин гапимни уқдиролмасдим.

Кейин-кейин билдим, бу ерда бошқа гап бор.

Ҳолбуки, ўша салбий муносабат билдираётганларнинг ўзи ҳамма миллат орасида яхшилар қаторида “товламачи”, “алдамчи”, “ўғри” ҳам борлигини билади, тан олади. Лекин кўзига нимагадир ўзидаги айб эмас, кўпроқ бошқанинг айби кўринади.

Бундан ихтиёрсиз равишда бир хулоса чиқади: кимдир нуқул ёмонларга ва ёмонликларга учрабдими, демак, шунақа давраларда кўп юради! Нуқул ёмонлар учрайверадими, демак, энг олдин ўзини бир текшириб кўрсин!

Мен ёмонларни оқлаётганим йўқ, балки бир ёмонни деб бутун халқ тўғрисида ёмон хулосага бориш хато эканини айтяпман. Ҳар бир халқ ичида яхшилар бўлганидек, ёмонлар ҳам бўлиши табиий ҳол эканига урғу беряпман.

Агар бир тижоратчи қаллобига йўлиққан бўлсак, хулоса қилмасдан олдин ўзимизнинг бозорларни ҳам бир кезиб кўрайлик. Зотан, кунда-кунора бозордамиз, бир-икки қаллобга, алдамчига албатта учраб турибмиз.
Масалан, картишка-пиёзни қоплаб олсак, кўпинча ичи “ўқланган” бўлиб чиқади. Яъни, тозалари ва йирикларини чеккаларга териб (пайпасласангиз, ў, зўр экан, деб ўйлайсиз), ўртасига майдасию чириганини қўйиб юборади азамат “мардикор аёллар”. Шундоқ бозорнинг ўзида, кўзимиз ўнгида шу ишни қилиб ўтиришади. (Буни бирор четэллик кўрса, нима деб ўйлайди?!) Аммо бу дегани бутун ўзбек халқи қаллоб ёки алдамчи дегани эмас, албатта!

Шунинг учун энг яхшиси ва энг тўғриси ‒ муносабатда холис бўлиш. Мен ўзимнинг бошимдан ўтган бир ҳодисани мисол қилиб келтирмоқчиман. Хулоса чиқазиш сизлардан.

2009 йили келганимизда Анқара, Кўня, Бурса каби тарихий шаҳарларни кезганимиздан кейин сафаримизнинг охирги тўрт-беш кунини Истанбулда ўтказмоқчи бўлдик. Боя айтганимдек, рамазон ойи эди. Бир кун “Султон Аҳмат” мачити теварагида, бир кун “Сулаймония”да оғзимизни очдик. Бу ерлардаги ифторликлар шукуҳини туйдик, севдик. Учинчи куни “Айюб Султон”да ифторлик қилгимиз келди. Оғиз очишга икки соатлар қолганида меҳмонхонадан чиқдик. Эминўнудаги бекатга келарканмиз, бир йигит тоза ўзбекчага яқин шевада “Ўзбекистонданмисизлар?” деб сўраб қолди.

Танишдик.

Исми “Б”дан бошланадиган йигит (тушунарли сабабга кўра отини тўлиқ айтгим келмади) 90-йиллари узоқ муддат Ўзбекистонда яшаган иш одами экан…

Хуллас, қисқасини айтақолай:

Б. бизни (оилавий уч кишини) мошинасига солиб “Айюб Султон” жомеига олиб борди… тарихий бир ресторанда ифторлик қилиб берди… кездирди… совға-салом олди… таровеҳ намозидан кейин яна қайтариб меҳмонхонамизга келтириб қўйди.

“Ифторликни уйимда қилиб беришим керак эди, лекин хотиним бир оз мазаси йўқ, ‒ деб узр ҳам сўради. Индинга Тошкентга қайтишимизни билиб: ‒ Ўзим кузатиб қўяман. Шу ердан оламан сизларни!” деб тайинлаб уйига қайтди.

Ҳолбуки, гапи мазмунидан Ўзбекистондан деярли “қувилган” турк ишбилармонларидан экан! Анча-мунча зарар билан чиқиб келгани гапларидан сезилди. 90-йиллар охири 2000 йиллар бошида бизда хоссатан турк ишбилармонларига қандай муносабатда бўлинганини ҳаммамиз биламиз. Шунга қарамай халқимиздан заррача хафа эмас эди. Аксинча, “Умумий ҳолатни тўғри тушунамиз…” деб синиққина жилмайиб турибди.

Бу ҳам майли. Б.нинг бошқа бир ишини эшитиб, тўғриси, ҳалигача қойил қоламан.

…Келишилган пайтда Б. келиб бизни меҳмонхонадан олди, қўналға сари кетдик. Яқин қолганимизда йўлни ўнг томонга солиб, шинамгина бир ошхонага бошлади.

Билетимиз “Турк ҳаво йўллари” учоғига эди, ҳали учишга анча вақт бор, бемалол ифторлик қилиб қўналғага етиб бориш мумкин.

Оғиз очгунимизча Ўзбекистон, ўзбеклар ҳақида ширин-ширин хотираларини сўзлаб ўтирди. Ҳар бир гапидан Б. юртимиз ва халқимиздан жуда миннатдор экани яққол билиниб турарди.

Орада ўтган ҳаж мавсумида ўзи гувоҳ бўлган бир ҳодисани эслади.

Бир куни бир меҳмонини кузатишга қўналғага келса, бир тўда эркак-аёлга кўзи тушади. Юз-кўзларидан, ўзларини тутишларидан “Ҳойнаҳой ўзбеклар бўлса керак” деб ўйлайди. Пича кузатади: бир кампир йиғлаб ўтирибди, бир чол унинг тепасида нима қиларини билмай боши қотган; кимдир воз-воз қилиб у ёқ-бу ёққа чопган; гуруҳда неча киши бўлса, ҳаммасининг ҳоли паришон…

Ҳаждан қайтишаётгани, лекин қанақадир мушкулга йўлиққанларини тахмин қилади. Меҳмонини кузатиб бўлгач, ўзбекларнинг олдига келади. Билса, Қирғизистон орқали автобусларда ҳажга борган ўзбекистонликлар экан. Уларни бошлаб борганлар “Бундан бу ёғига учоқда кетасизлар”, деб билетлар олиб бериб, ўзлари сурворишибди. Бутун ур-сур, жанжал, йиғи-сиғи шундан кейин бошланибди: чол-кампир бошқа-бошқа рейсга тушиб қолган, шериклари ҳам бошқа-бошқа кунлар учармиш. Ҳожилар эса: “Ҳаммамиз бирга ҳажга бордик, бирга қайтамиз!” деб туришган экан. Кўплари кекса, тил билмайди, дардини қўналға мутасаддиларига тушунтириб беролмайди…

Ишга Б. аралашади. Билетларини қайтариб, жаримасини ёнидан тўлаб, чол-кампирга битта учоққа билет тўғрилайди, қолган ҳожиларга ҳам қарашади. Хуллас, ярим кечагача қўналғада қолиб кетади. Улгурмаганига эртасига келади. Икки кун овора бўлиб ўттиз кишининг ҳаммасини учоққа жойлайди. Чўнтагидан 2000 (икки минг)га яқин дўллар пул сарфлайди!

Гапнинг бу ёғини эшитинг.

Оллоҳга шукр, ҳожиларни эсон-омон кузатиб олдим, деб энди қўналғадан чиқаман деб турса… қўналғага яна бир автобус ҳожи келиб қолади!

Хуллас, ҳаммаси бўлиб 3000 (уч минг) дўллар пули кетади, лекин биронта ҳам ватандошимизни кўчада сарсон қолдирмайди!

Бу уч кун ичида ишхонасига ҳам бормайди. Қараса, ҳожилар гуруҳи тўхтамаяпти…

Қаранг, ҳикоясининг давомида у нима деди:

‒ Бир ўзбек дўстим бор, ишбилармон, ўзига тўқ. Ўртада шунинг олдига бордим. Вазиятни тушунтирдим.Ўзиям мард йигит! Ўйлаб ўтирмай чўнтагидан 10000 (ўн минг) дўллар чиқарди-да: “Дўстим, мен борсам бўлмайди, ўзинг уларга ёрдам бер”, деб қўлимга тутқазди! “Лекин мени айтма!” деди…
Мен бир адабиётчи одамман. Б.нинг ҳар бир сўзига, оҳангига диққат қилиб ўтирибман. У ўзи қилган шунча ишни, ўзи сарфлаган шунча пулни арзимас ишдай, йўлакай айтди, аммо ўзбек ишбилармон дўстининг ҳимматини ҳайратланиб сўзлаб берди.

Яна гапнинг давомини эшитинг.

Хотиним билан қизимга ёнимиздаги истолга жой қилиб берган эдик. Орада оғиз очиш вақти кирди, сув, айрон, суюқ-қуюқлар билан оғзимизни очдик, шунда ҳам гапимиз тугамас эди. Аммо вақт чекли, қўналға текширувларидан ўтиш палласи келиб қолган. Ниҳоят, ўрнимиздан турдик, қўналға сари йўлга тушдик.

Қисқаси, биз учоққа рўйхатдан ўтишга кеч қолдик. Маъмурлар “Систем қапанди!” деб қаттиқ туриб олишди. Эртага келсаларинг, бирор кеч қолганнинг ўрнига солворамиз, деб кўнгилларимизни тинчитишди гўё.

Оғиримиз яна Б.нинг бўйнига тушди. У ўзидан хижолатда эди. Менинг айбим билан қолиб кетдиларинг, дерди.

Шаҳарга қайтариб олиб бориб, бир танишининг бўш уйига жойлади. “Эртага ўзим элтиб қўяман, кутинглар”, деб ярим кечаси уйига кетди.

Эртаси эртароқ йўлга тушдик. Сутга оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичибди, деганларидек, энди йўлда тўхтамадик ‒ тўғри қўналғага кетдик. Ифторликни ўша ердаги ошхонада қилдик. Одатдагидек, яна Б.нинг меҳмони бўлдик.

Сўнг рейсни кутдик. Аксига олиб бўш жой чиқмади. Билетга куйдик ҳисоб. Қайтиб борганимизда Тошкентда куйган билетни топширишга уриниб кўрарман деб ўйладим.

Кечаси соат 24:00 да учадиган “Ўзбек ҳаво йўллари” учоғига учта бошқа билет олишимизга тўғри келди.

Б. қўярда-қўймай қўлимга 500 (беш юз) дўллар тутқазди. Ўзимнинг пулим ҳам билетга етарди, лекин сира кўнмади!

Эртага ҳайит деган куни эсон-омон Тошкентга келиб олдик.

Бу ҳикоя билан нима демоқчиман? Мана шунақа қардошларимиз ҳам бор, азизлар!

Ҳолбуки, Ўзбекистондан ёки ўзбеклардан аразласа арзийдиган ҳолатда чиқарилган эди мамлакатимиздан. Аммо у аразламади. Ўзи кўрган нохушликлардан юртимнинг туз-намагини устун қўйди! Қардошликни устун қўйди! Ватанимда кимлардандир кўрган яхшилигини унутмади, айбимизни эмас, фазилатимизни хотирасига муҳрлади!

Ўша воқеага ҳам, мана, етти йилча бўлибди. Мен у йигитни умримда бошқа кўраманми-йўқми, билмайман. Аммо менинг ҳам хотирамга Б. турк миллатининг, Туркиянинг, қардошлигимизнинг тимсоли бўлиб бир умрга муҳрланиб қолди.

Сўзимни куни кеча Фотиҳ Султон Меҳмет университети Турк тили ва адабиёти бўлимида “НАВОИЙ ТИЛИ-ЛА” шиори остида “Ўтмишдан кунимизга қадар Ўзбекистон ва ўзбек адабиёти” мавзуида бўлиб ўтган семинарда айтган гапим билан тугатмоқчиман:

“Биз ўзбеклар, яъни Туркистон турки билан Туркия турки бир ота-онадан туғилган ака-укадир, қондош-қориндошдир. Ота-она болаларини катта қилиб, уйли-жойли қилиб битта-битта чиқариб қўйганидек, биримиз уйлангач Онадўлига уй-жой қилиб чиқиб келдик, бошқа биримиз эса уйланиб ота ҳовлида қолдик. Шу холос. Аммо буни ҳеч қачон унутмайлик!”.

*****

12928320_472779309586994_8265397541174909026_n11. СУЛТОН АҲМАД ЖОМЕИ

Ҳар гал Истанбулга келганимда Султон Аҳмад майдонига бир келмасдан қўймайман. Ҳеч бўлмаганда бир марта Султон Аҳмад мачитида намоз ўқийман. Бусиз Туркияга келгандай бўлмайман. Нимага?

Султон Аҳмад ‒ Истанбулнинг руҳи, маънавий юраги. Ёлғиз Истанбулнинг тугул, бутун Туркиянинг юрак уришини шу Султон Аҳмадда эшитасиз, туясиз, ҳис этасиз.

Бу ерда шонли бир тарих билан юзма-юз бўласиз!

Оллоҳнинг тақдири-ла минг йил бурун ота-боболаримиздан бир қисмининг Буюк Турондан олис Визанс (Византия) диёрларига Буюк Кўчиш ҳодисасини хаёлан қайтадан яшайсиз!

Бу Буюк Кўчишнинг мантиқий хулосаси бўлмиш 1453 йилги Истанбул фатҳининг бутун ҳашаматию азаматини мана шу майдонда ўтириб ҳис этасиз. Визанс маданияти кўрсаткичи бўлмиш Аёсофя ибодатхонаси Султон Аҳмад жомеи қаршисида бир оз мунғайиб туришидан фотиҳ аждодларимизнинг кучини, қудратини, закосини, маданиятини, Учлик инончи устидан Бирлик инончининг ғолибияти тимсолини яққол кўрасиз.

Тарихни билсангиз, хаёлан минг йилларни кезиб юрагингиз қувват олади бу ердан, руҳий тетиклашасиз.

Султон Аҳмад жомеи Аёсофя ибодатхонасининг том қаршисида, Мармар денгизи қирғоғидаги тепаликка қурилган. Уни 1609-1616 йиллари орасида Усмонли подшоҳи Султон Аҳмад (1590 йил 18 апрелида Манисада туғилган, 1617 йил 22 нўябрида Истанбулда оламдан ўтган) қурдирган. Меъмори Садафкор Меҳмед Оға (Sedefkâr Mehmed Ağa)дир. Жоме мовий, яшил ва оқ рангли Изник чиннилари билан безатилгани ҳамда катта қуббаси ҳам, ярим қуббалари ичи ҳам мовийга тортиб кетадиган тусда бўлгани учун оврупалилар кўминча “Мовий жоме” дейди.

Истанбул фатҳидан сўнгра Аёсофя ибодатхонаси жоме мачитига айлантирилган ва узун замонлар Истанбулнинг бош жомеи бўлиб келган эди. Биринчи Жаҳон урушидан кейинги Ғарб оламининг халифаликни тугатиш йўлидаги уруш ҳаракатлари сўнгида жумҳурият ўрнатилиб, Отатурк ҳукумати билан Ғарб давлатлари орасида тузилган Лозан битимига кўра Аёсофя жомеида намоз ўқилмаслиги кўзда тутилган эди. Ўқиб-ўқилмай, ғиди-бидилар кўпайиб, охири 1935 йили Аёсофя музейга айлантирилди. Шундан кейин Истанбулнинг бош мачити Султон Аҳмад жомеи бўлиб қолди.

Туркияга илк келган (1997) йилим Жоменинг қурилиши ҳақида сўраганимда қизиқ бир тарих айтиб беришган.

Фотиҳ Султон Меҳметхон даврида 1453 йили Истанбул фатҳ этилгач, фатҳнинг тимсоли ўлароқ Аёсофя черкови жоме мачитига айлантирилган ва беш вақт намоз ҳам, жума ва ҳайит намозлари ҳам шу ерда ўқиладиган бўлган. Аммо мағлуб румликлар аламда туркларни орқадан ғийбат қилиб: “Турклар талончи, саҳройи, кўчманчи, маданиятсиз, яъни варвар халқ, биз қурган бинода намоз ўқийди, ўзлари Аёсофядан ўтказиб ибодатхона қура олмайди…” деганга ўхшаш таъналар қилишар, камситишар экан. Бу гап-сўзлар Султон Аҳмадхонга ёқмай, меъмор Садафкор Меҳмед Оғани чорлаб (менга “Меъмор Синонни чорлаб” деб айтиб беришган эди), Аёсофянинг том қаршисига ундан ҳам муҳташам бир жоме лойиҳасини тайёрлашни топширади ва қурдиради.

Чиндан ҳам Меъмор Синон услубида қурилган бу бино катталиги, гўзаллиги, муҳташамлиги билан Аёсофядан ўтказиб юборилган!

Султон Аҳмад жомеи мачитдангина иборат эмас. Куллияга бир жоме, мадрасалар, хункор (шоҳона) қаср, ораста дўконлар, ҳаммом, чашма, икромхоналар, турболар, дорушшифо, бошланғич мактаб, иморатхона ва кира (ижара)га бериладиган хоналардан ташкил топган.

Хонақоҳ ичи 64 x 72 метр, бош қубба ўз баландлиги 23.5 метр, саҳндан баландлиги 43 метр келади. Жомени 200 дан ортиқ ранго-ранг ойнали дераза ёритиб туради. Жомега 20000 (йигирма минг)дан ортиқ чинни ишлатилган.

Жоме ичидаги ёзувларни диёрбакирлик хаттот Саййид Қосим Ғуборий ёзган.

Султон Аҳмад жомеи Туркиянинг олти минорали илк мачитидир! (Кейинчалик Истанбул Арнавуткўйидаги “Ташолук” янги жомеи, Аданадаги “Сабанчи” жомеи, Мерсиндаги “Муғдат” жомеи ҳам олти минорали қилиб қурилган.) Айни шу иши учун Султон густоҳликда ҳам айбланган. Чунки у замонларда Маккадаги Ҳарам миноралари ҳам олтита эди. Султон Аҳмадхон бу масалани осон ҳал этган ‒ Каъбага яна бир минора қуриб, уни етти минорали қилиб қўйган.

Султон Аҳмад минораларининг тўрттаси жоме бурчакларига тиркаб қурилган бўлиб, ҳар бирида учтадан мезанаси бор. Қолган иккитаси жоменинг олд ҳовлиси икки чеккасига тикланган, уларда мезаналар иккитадандир.

Айрим аломатларидан Султон Аҳмад жомеини Усмонли меъморлиги билан Визанс меъморлигининг синтези деса ҳам бўлади. (Султон Аҳмаднинг қабри жоме ҳовлисидаги мозорликдадир.)

1997 йили Истанбулга илк келганимда Султон Аҳмад мажмуасини кўриб роса ҳайратланганман. Юракларим ҳаприққан. Айниқса, хонақоҳдан сира чиққим келмаган. Сафар дастуримиз тиғиз бўлишига қарамай, Тоҳир Малик иккимиз адашмасам пешиндан то асргача мачит ичини томоша қилиб юрганмиз. Ўтирганмиз, турганмиз, кети узилмаётган сайёҳларни томоша қилганмиз. Уларнинг кўзларидаги ҳайратни кўришнинг ўзи менга улкан завқу шавқ бағишлар эди.

Мачит қандиллари диққатимни тортган. Ичма-ич айлана темирга ўрнатилган чироқлар шаклидан тортиб жойлашган ўрнигача бошқача эди. 47 метр баландликка осилган бу залворли қандил одам қўл узатса етгудай пастгача туширилган эди.

Бу манзара хонақоҳ ичини бир томондан муҳташам қилиб кўрсатса, иккинчи томондан нимага замонавий қандиллар осилмагани мени ҳайрон этган эди. Сўрамоқчи бўлдим. Кейин ўзимнинг хаёлимга: “Ахир, бу шакл ва бу тарз тарихий-ку! Тарихийликни асраш учун ҳам турк қардошларимиз уни ўзгартиришмаган!” деган ўй келди. Чиндан, ҳозир ичига лампалар жойлаштирилган замонавий шиша идишларнинг “аждодлари”да илгари мой бўлган, шом, хуфтон ва бомдод намозлари қоронғига тўғри келгани учун мойга солинган пиликлар ёқиб қўйилган. Чироқ идишлар бир текис ўрнатилган ичма-ич чамбараклар одам бўйи етадиган қилиб осиб қўйилгани шундан. Мана шу анъана учун ҳам турк биродарларимиз қадим жомеларда чироқ осишнинг эскича усулини ва эскича шаклини тўла сақлаб қолишган.

Султон Аҳмад жомеи ўзи каби тарихи ҳам, бугуни ҳам ўта муҳташамдир. Бу ҳақда узоқ гапирса бўлади. Лекин матн фб. учун бўлаётганидан бошқа узайтиргим келмади.

Султон Аҳмаддаги азон ва намозни, иншаоллоҳ, эртага ёзаман ва эълон қиламан. Ҳозирча, hoşca kalın!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com